Манбаларда Абул Мўъийн ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафий 1027 йили Насаф вилоятининг Ибсан (ҳозирги Қовчин) қишлоғида туғилиб, Бухоро ва Самарқандда яшаб ижод этгани айтилади.
Маълумки, Насаф тарихи ва бу ердан етишиб чиққан алломалар меросини ўрганишда Абдулкарим ас-Самъонийнинг (1113-1167) "Ал-Ансоб" асари алоҳида ўрин тутади. Олимнинг қайд этишича, X-XII асрларда Насаф мусулмон оламидаги йирик шаҳарлардан бўлган. Ўша замонда Мадина (йирик шаҳар) номи билан аталадиган 8 шаҳар мавжуд эди. Булар - Мадинаи мунаввара, Бағдод, Исфаҳон, Нишопур, Марв, Бухоро, Самарқанд ва Насаф. "Ал-Ансоб" китобида Насаф атрофидаги 50 дан ортиқ қишлоқ ва бу ерлардан етишиб чиққан 180 га яқин алломанинг номи қайд этилгани ҳам ўша пайтдаги тараққиётдан нишонадир.
Қашқадарё воҳасида яшаган алломалар ҳақидаги яна бир нодир асар - Нажмиддин Насафийнинг "Самарқандия" китобидир. Унда ҳам ўнлаб Насафий, Косоний, Касбавий, Баздавий ва Кешийларнинг номлари зикр этилган. Бу асарлар Қашқадарё адабий ва илмий муҳити тарихини ўрганувчилар учун бой манба бўлиб хизмат қилади.
Абул Мўъийн ан-Насафий 15 га яқин асар ёзган бўлиб, уларнинг аксарияти калом илмининг турли масалаларига бағишланган. "Ал-Умда фи усул ал-фиқҳ" ("Фиқҳ усулидаги устун"), "Баҳр ал-калом фи илм ал-калом" ("Калом илми денгизи"), "Табсират ал-адиллати фи илм ал-калом" ("Калом илмида далиллар тилга кирганда"), "Ат-тамҳид ли-қавоид ат-тавҳид фи илми калом" ("Калом илмидаги тавҳид қоидалари учун ягона китоб"), "Ал-олим вал-мутааллим" ("Устоз ва шогирд"), "Маноҳиж ал-аимма фил фуруъ" ("Фуруъ илмида олимлар йўли"), "Муътақидот" ("Эътиқодлар") каби асарлари шулар жумласидан.
"Баҳр ал-калом" асари мотуридия мактабининг асосий манбаларидан саналади. Шу сабабли у ўрта асрларда кўплаб қўлёзмаларда тарқалган. Бугунги кунда унинг қўлёзма нусхалари Дубай, Дамашқ, Бағдод, Қоҳира ва Искандария шаҳарлари кутубхоналарида сақланмоқда. Асар 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада чоп этилган. Айни пайтда, асрлар давомида унга бир қанча шарҳлар битилган. Алломанинг машҳур асарларидaан бири - "Табсират ал-адиллати фи илм ал-калом" Имом Мотуридий ва Самарқанд калом илми мактаби ҳақида маълумот беради. Китобда Мотуридийнинг илмдаги хизматларига юксак баҳо берилган ва ёзган асарлари шарҳланган.
Ҳозирги маълумотларга кўра, Абул Мўъийн ан-Насафийнинг "Табсира", "Тамҳид" ва "Баҳр ал-калом"дан бошқа асарлари бизгача етиб келмаган, деб ҳисобланади. Мазкур асарлардан "Тамҳид" хусусида тўхталадиган бўлсак, унда дин асослари ҳақида фикр юритилади. Асарнинг тўртта нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида мавжуд. 177/IV рақамли 47 варақдан иборат биринчи қўлёзма насх хатида 672/1274 йил номаълум хаттот томонидан кўчирилган. Китоб яхши сақланган. Таякиси чармдан. Варақлари сариқ шарқ қоғозидан бўлиб, ҳар бир бети пойгирланган. Фасллар қизил сиёҳ билан ажратилган.
Асарнинг ушбу қисмида қабр азоби, ҳидоят ва залолат, қазо ва қадар, афъолу-л-ибод (бандаларнинг амаллари), ризқ, мутавалладот (инсон болалари) ва иститоат каби каломий масалалар ёритилган.
8221/I рақами остидаги 41 варақдан иборат иккинчи қўлёзмани 1181/1768 йил Ёдгор Мирзо Қурбон Бухорода насх хатида кўчирган. Нусха пойгирланган. Қалин шарқ қоғозида ёзилган. Ҳар бетда 19 қатордан битилган. Муаллиф наздидаги айрим муҳим сўз ва жумлалар қизил сиёҳ билан ажратилган. Мазкур қисмда шиа аҳлидан бўлган бир жамоанинг хамр (маст қилувчи ичимликлар) ва ливота (бесоқолбозлик)ни ҳалол санагани кескин қораланган.
3185/V рақамли кейинги қўлёзма жами 18 варақдан иборат. У 739/1339 йил настаълиқ хатида сариқ шарқ қоғозига кўчирилган. Хаттоти номаълум. Муқова ва таякиси чармдан. Ҳар бетда 15 қатордан ёзув битилган. Биринчи бети бошқа, чамаси кейин кўчирилиб қўшилган. Мазкур қисм асосан, имон, шафоат, имомат ва азобу-л-қабр фаслларини қамраган.
Тўртинчи - 2521 рақамли қўлёзма 47 варақдан иборат. Кўчирилган санаси ва хаттоти номаълум. Юпқа шарқ қоғозида ёзилган. Ҳар бетда 15 қатор бор. Биринчи бетнинг муқоваси ажралган. Пойгирланган. Муқова ва таякиси чармдан. Бу қўлёзма нусхада ҳам баъзи жумлалар қизил сиёҳ билан ажратилган.
"Тамҳид" ҳажм жиҳатидан "Табсира"дан кичик, шунинг билан бирга, фаслларини айнан такрорлагани боис, мазкур асар "Табсира"нинг "чўнтакбоп шакли" номини олган.
Абул Мўъийн ан-Насафий асарлари ақидавий масалаларнинг чуқур илмий таҳлили ва ҳанафия мазҳабидаги мотуридия таълимотига хос ечими билан юртимиздаги барқарор тинчлик, шу билан бирга четдан кириб келаётган турли ёт ғояларга раддиялар беришда алоҳида ўрин эгаллайди.
Биламизки, ҳар қандай олим меросининг чинакам қиймати унинг шогирдлари мисолида ҳам намоён бўлади. Манбаларда Абул Мўъийн ан-Насафий шогирдлари ҳақида ҳам маълумотлар кўп. Хусусан, улардан бири - Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон ан-Насафий Самарқандий Фақиҳул Ҳанафий калом илмининг усулчиси, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, ҳофиз, наҳучи, олим ва омилар шараф билан қабул қилган буюк олим бўлиб, юздан ортиқ таснифотлар соҳиби саналади.
Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Абу Бакр Алоуддин Самарқандий эса ҳанафий олимлар орасида "Туҳфатул фуқаҳо" китоби билан машҳур бўлган. Қадри улуғ, фазилатда тенгсиз олим бўлган. Абу Яср Баздавий ва Имом Насафийдан таълим олган. Ҳижрий 575, милодий 1180 йилда вафот этган.
Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Алоуддин Шоший Ҳанафий "Олимлар подшоҳи" ва "Кошоний" деган номлар билан шуҳрат топган.
Исмоил ибн Адий ибн Фазл ибн Убайдулло Абул Музаффар Толиқоний Фақиҳул Ҳанафий ислом ҳуқуқшуноси, муфтий бўлган. Ҳижрий 540 йилда вафот этган.
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Абдулло ибн Мужоҳид ибн Абуляср асли бухоролик бўлиб, "пешқадам қози" номини олган.
Али ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Абу Жаъфар Абул Ҳасан Балхий Жаъфарий эса зоҳид, ибодатманд бўлиб, "Балх бурҳони" номини олган. Ислом диёрларида ҳанафий мазҳабини тарқатгани билан машҳур. Умри давомида кўп юртларни кезиб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган. Айниқса, Ҳалаб шаҳрида пайдо бўлган бидъату хурофотларни бартараф этишда ҳиссаси баланд бўлган. Одамларни сунний эътиқодда жамлаб бирлаштирган.
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Абул Фатҳ Хуламий ҳижрий 470 йилда туғилган. Бухоро шаҳрида яшаб, кўп илмлар соҳиби бўлган.
Умуман олганда, аллома илмий мероси нафақат ўз даври, балки бугунги кун учун ҳам ниҳоятда муҳим, долзарб. Шунга мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилнинг ноябрь ойи барча масжид ва мадрасаларда "Абул Мўъийн ан-Насафий ойлиги" деб номлангани муносабати билан аллома ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича қатор хайрли ишлар амалга оширилаётгани ҳам эътиборга моликдир.
Ўткир ҒУЗОРОВ, Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудири