Тўқнашув натижасида Малик Олимов бошқарувидаги "Дамас" автомашинасида ёнғин юз бериб, машина тўлиқ зарарланган.
Ёнғин натижасида фуқаролар куйиш тан жароҳати олмаган.
ИНС-ЖИНС ҚОЧИБ, ОФАТ КЕЛДИ
6 январь куни Чироқчи туманида яшовчи Зарифа Эгамқулова хокандозда чўғ олиб келиб, уй ичида исириқ тутатган.
Бу билан хонани турли микроблар, зарарли бактериялардан тозаладим, деб ўйлаган аёл аслида нақ балони чақирган экан. Бироз ўтиб, хонада ёнғин юз берди. Олов ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўчирилган, бунгача эса хона ичидаги жиҳозлар, уйнинг ички шифт қисми ёниб кетган эди.
Ўрганишлар давомида ёнғин исириқ тутатиш жараёнида бир бўлак чўғнинг гилам устига тушиб қолиши натижасида юз бергани аниқланди.
БОЛА ГУГУРТ ЎЙНАСА...
10 январь куни соат 13:00 лар атрофида Шаҳрисабз тумани ёнғин хавфсизлиги бўлимига ҳудуддаги хонадонлардан бирида ёнғин рўй бергани ҳақида тезкор хабар берилган.
Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари воқеа жойига етиб бориб, алангани ўчиришган. Бунга қадар эса фуқаро Носир Шуҳратовга тегишли ҳовлининг қўшимча хонаси тепа том қисми ҳамда 24 квадрат метр майдони ёниб кетган эди.
Дастлабки ўрганишлар натижасида ушбу ёнғинга хонадон соҳибининг 8 ёшли ўғли гугурт ёқиб ўйнаши сабаб бўлгани аниқланди.
(Хабарлардаги исм ва фамилиялар ўзгартирилган).
***
Умумий ҳисобда сўнгги 10 кун давомида вилоятимизда 19 та ёнғин ва 1 та ис газидан заҳарланиш ҳолати рўйхатга олинган. Улар натижасида 2 нафар киши ҳаётдан бевақт кўз юмган.
Содир бўлган ёнғинларнинг 1 таси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида рўй берган бўлса, яна битта ёнғин катта йўл бўйидаги очиқ майдонда, қуриган хас-хашакларнинг ёниши натижасида келиб чиққан. Қолган ёнғинлар эса фуқароларга тегишли хонадон, дўкон ёки бошқа шу каби биноларда рўй берган.
Ҳозирги вақтда мазкур ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари, юзага келган моддий зарар миқдори борасида қўшимча ўрганиш, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
С.ВАЙИТОВ,
вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, лейтенант