Бугун бирор манзилга боришни истасангиз, машина бўлиши ёки бўлмаслиги каби ўй-хаёллар сизни ташвишга солмайди. Кундуз вақти майли-ку-я, ҳатто ярим тун ёки саҳарда ҳам узоғингизни яқин қилишга шай ҳожатбарорлар топилади.
Ҳозир йўлларимизда ўзимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган турли русумдаги автомашиналарни кўп учратасиз. Айниқса, “Дамас”лар аллақачон бугунги куннинг ҳаммабоп транспорт воситасига айланиб улгурган. Шаҳар ичи ёхуд қишлоқдаги йўналишларнинг ҳар бирида ана шу русумдаги автоуловлар қатнаяпти.
Аммо уни бошқариш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш борасидаги баъзи ҳолатлар амалдаги талаблар, хавфсизлик қоидалари ёки оддийгина жамоат транспортида амал қилинадиган тартибга зид келаётгани кишини ранжитади.
- Кўпчилик қатори мен ҳам жамоат транспорти хизматидан фойдаланаман, - дейди Қарши туманилик Шавкат Ҳотамов. - Барчага маълум, ҳозирча йўловчи ташиш хизмати ҳудудда асосан “Дамас”лар ёрдамида амалга оширилаяпти. Ажабланарлиси, кечагина мактабни тамомлаган ўқувчи ҳам бугун “Дамас”чи! Ана шунга, уларнинг ҳаракат давомидаги қилиқларига энсаси қотади кишининг. Мисол учун, шаҳар ичи йўналишларида баъзи ҳайдовчиларнинг бошқадан олдинроқ йўловчини олишга бўлган интилиши ёки ўйинқароқлиги тутиб, кимўзарга пойга қилиш ҳолатлари кўплаб учрайди.
Дарҳақиқат, бу ҳолатга гувоҳ бўлмаган киши йўқ, назаримда. Ваҳоланки, аввало, ҳайдовчининг машина салонидаги йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйишга сира ҳаққи йўқ. Йўловчини эсон-омон манзилига етказиш эса унинг бош вазифаси.
Яна бир гап.
- Бошқаларни билмадиму шахсан мен жамоат транспорти соҳасидаги тартиб-қоидаларни бир четга суриб қўйган, соч-соқоли ўсиб кетган ҳайдовчининг машинасига ўтиришга ҳеч тобим йўқ, - дейди Қарши шаҳрилик Гўзал Эшманова. - Яна баъзилари йўл бўйи сигаретани буруқсатиб-буруқсатиб чекади. Ёки мусиқани қулоқни қоматга келтирадиган даражада баланд овозда қўяди. Бу қилиғи машина ичидаги йўловчиларга қандай таъсир қилиши, уларнинг бунга қандай муносабатда эканлиги ҳақида ҳатто ўйлаб кўрмайди. Ўйлаганда ҳам фаҳмига бормайди, чамаси. Тўғри, машина уники. Аммо бу кўнгилга келганини қилиш мумкин, дегани эмас. Йўловчи ҳам текинга транспорт воситаси хизматидан фойдаланаётгани йўқ. Йўл ҳақини тўлаяпти. Демак, у сифатли хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Яқинда қайсидир хориж қўшиқчиси ажнабий тилда “минғирлаётган” йўналишли “Дамас”лардан бирига ўтириб қолдим. Мусиқа (мусиқа дейишгаям тил бормайди!) овозининг баландлигига чидаб бўлмайди.
- Ўғлим, ўзинг шу қўшиқнинг маъносига тушунаяпсанми? – деди ёш ҳайдовчига ёнимда ўтирган отахон сабри чидамай.
- Йўғ-э, қаердан тушунай?!
- Тушунмасанг нимага эшитаяпсан?
- Музикаси зўр-да, музикаси...
Бироздан сўнг ҳайдовчи ўша отахоннинг қистови билан мусиқани пасайтирди. Бироқ кўп ҳолларда ҳайдовчига “мусиқа овозини пасайтиринг”, деб мурожаат қилинганида, “ёқмаса, бошқа “Дамас”га ўтиринг”, қабилидаги қўпол жавоблар эшитилиб туради.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги қонунчилигида ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш вақтида қўл телефонидан фойдаланиши тақиқланган. Ачинарлиси, қонун бузилишининг бу кўринишига кўпчилигимиз бефарқмиз. Энг қизиғи, машинасини бошқариб бораётиб, қўл телефони жиринглаб қолса, жавоб бермайдиган “Дамас”чини деярли кўрмаганман. Бу кимлар учундир майда гап бўлиб туюлар. Аммо бунинг оқибати аянчли якун топган ҳолатларга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Турган гапки, ҳайдовчи машинани бошқариш пайтида қўл телефонидан фойдаланса, фикру хаёли бўлинади, чалғийди. Натижада маълум миқдорда назоратни йўқотади. Бу билан ўзини ва шунингдек, йўловчиларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйган бўлади.
- Вилоятимизда 2015 йил давомида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш вақтида қўл телефонидан фойдаланиши бўйича 1871 та ҳолат аниқланган, - дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори Лутфулло Эсонов. - Бундай ҳуқуқбузарликка Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1281- моддаси бўйича чора кўрилади, яъни қоидани бузган ҳайдовчи энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жаримага тортилади. Агар ҳайдовчи айнан шу қоидабузарликни йил давомида яна такрорласа, унга энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солинади ёки 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Аслини олганда, қўл телефони, ундан самарали фойдаланиш, у билан боғлиқ муаммолар тўғрисида ҳақиқатан ҳам жуда кўп гапирилди, гапирилаяпти. Бироқ бу ҳақда қанча кўп гапирсак, шунча оз.
Кейинги пайтда жамоат транспортида йўловчиларнинг қўл телефонидан фойдаланиши борасида ҳам кўплаб баҳс-мунозаралар пайдо бўлган. Умуман олганда, жамоат транспортида қўл телефонидан фойдаланиш мумкинми? Мумкин. Қандай ҳолларда? Керакли вазиятларда, маданият билан, имкон қадар бошқаларга халал бермасдан. Ахир йўловчи ташишда фойдаланилаётган “Дамас” салони ҳам жамоат жойи.
Хуллас, йўл ҳаракати хавфсизлиги, аввало, ҳайдовчиларга, қолаверса, йўловчиларга ва шу жумладан, “Дамас”чиларга ҳам боғлиқ. Юқорида билдирилган мулоҳазалар янгилик бўлмаса-да, қайта-қайта тилга олишга арзийдиган мавзу сифатида ҳамон аҳамиятини йўқотмаган. Бугун ўзига хос огоҳлантирувчи йўл белгиларида қайд қилинганидек: “Ҳайдовчи, огоҳ бўл! Сени уйда оиланг кутаяпти”. Бунга қўшимча қилиб “Сен олиб кетаётган йўловчиларни ҳам”, дейиш мумкин.
Азизбек НОРОВ.