Деҳқонобод туманида 60 туп Зарафшон арчаси, 84 туп арча ва 1 туп учқот дарахти кесилишига йўл қўйиб берган ўрмон беги ва қўриқчиси салкам 194 миллион сўм жарима тўлаши мумкин. Бу ҳақда туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси бошлиғи Ўктам Жўллиевга таяниб ҳокимлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
“Оқбош ўрмон бўлимининг Жангалсой ва Қоронғиқўл массивларидаги табиий ҳолда ўсган 60 туп Зарафшон арчаси таг қисмидан кесилиб, ўсишдан тўхташ даражасига етказилгани, шунингдек, 84 туп арча ва 1 туп учқот эса, ўсишда давом этиши мумкин бўлган даражада кесилгани маълум бўлди”, дея маълум қилган инспекция бошлиғи.
Етказилган зарар 193 миллион 341 минг сўмни ташкил қилиши маълум бўлгач, прокуратурага ҳужжатлар тақдим этилиб, мазкур ҳолатга йўл қўйиб берган Оқбош ўрмон бўлими ўрмонбеги Э.Ғ. ва ўрмон қўриқчиси Б.Б.дан етказилган зарарни ундиришда кўмак сўралган.