Эссе
Дарахт, менга яшашни ўргат,
Дарахт, ўргат менга саботни.
Ўз домига тортганда ғурбат,
Дариғ тутма мендан нажотни.
То бу далли девона юрак,
Баҳор кутиб кўкарсин, кулсин.
Қуриса ҳам қурисин сендак,
Ҳароратли бир ўтин бўлсин...
Абдумурод Қодиров
Абдумурод акани 2011 йил баҳор ойларида илк марта кўрган эдим. Ўшанда туманимиздаги бир нечта ёзувчи ва шоир устозлар уйимизга меҳмонга келган, улар сафида Абдумурод ака ҳам бор эди. Эсимда, ҳаммадан кейин келган эдилар у киши. Умуман бу инсон доимо кечикиб юрар, билмайман, лекин негадир ёруғ оламни бироз эрта тарк этдилар...
Абдумурод акани ўша илк кўрган кунимдаёқ ўқитувчи эканини фаҳмлаганман. Сабаби, мен билган инсонларнинг ичида фақат ўқитувчиларгина мана шундай камсуқум, мана шундай истарали эди. Ижодкорлар тўғрисида гурунг бошланиб, у киши Ўткир Ҳошимов билан боғлиқ бир хотирасини гапирганида эса, рости, юзига ишонқирамай қараб қўйдим: "Ҳошимовнинг уйида меҳмонда эдик, дейдими? Озгина... қўшдилар-ов?!". Кейин билсам ўзимга ўхшатиб юборибман, эски кўйлакни дазмоллаб кийган, эскигина уст-бошига яп-янги дўпписи ярашмай турган бу камтарин инсон аслида обрўсини ошириб кўрсатиш каби ҳаваслардан батамом холи экан.
Сўнгра даврадаги шоирлар ўртасида шеър айтиш бошланиб кетди. Устоз шоирларнинг бири олиб, бири қўйиб шеър айта бошлашди.
- Абдумурод ака, сиз ҳам шеърларингиздан бирорта айтиб беринг, - деб қолди у кишига устоз Темирпўлат Тиллаев.
- Қўйсангиз-чи, тузукроқ шеърим йўқ, - кулиб рад этди Абдумурод ака. Бошқа шоирлар орада бир неча галдан шеър айтишди-ю, Темирпўлат ака тағин у кишидан шеър айтиб беришни сўради.
- Шеърларим эсимда турмайди, - Абдумурод Қодиров тағин қутулмоқчи бўлди.
- Эсда борини айтинг, ҳеч бўлмаса "Турналар"ни, - бу гал туриб олди устоз Тиллаев. - Ҳалиги-чи, қўшиқ бўлгани.
- У эски шеър-ку, бир замонлар ёзилган...
- Шеър эскирмайди, эски бўлса ҳам айтаверинг, Абдумурод ака!
Шунда бироз ўнғайсизланган Абдумурод Қодиров озроқ иккиланиш билан, кулимсирабгина шеър айта бошлади. Аммо у кишининг овозидаги маъюсият ва чуқур қудуқнинг ичидан чиқаётгандек вазмин оҳанг юзидаги ифодаларга аллақандай мос тушмас, мана шу ғамгин овози, мана шу хокисор туриши билан ўзи ҳам худди эски бир даврлардан келиб қолган одамга ўхшарди.
Афғон тарафларга учиб кетибсиз,
Қанча даҳшат, балолардан ўтибсиз,
Бойқаро боғига бориб қўнибсиз,
Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?
Зум ўтмай бутун хонани Абдумурод аканинг овозига хос вазмин ва ёқимли кайфият қамраб олди. Ҳалигина бир-бирига ҳазиллашиб, шеър айтишганда бир-бирига жўровозлик қилаётган шоирларнинг бари унинг юзига термулиб аллақандай хаёлларга ғарқ бўлган эдилар. Абдумурод ака эса мисоли бошқаларга эмас, ўзига, ўз-ўзига шеър айтиб бераётгандек бир нуқтага тикилганча шеър ўқишда давом этар, энди унинг зоҳири ва ботинидаги зиддият ҳам янада кучайиброқ кўринаётгандек эди:
Аҳмад Зоирларнинг оҳи сиз билан,
Хабар айро тушди гоҳи сиз билан,
Ғафур Ғулом қизи - Моҳи сиз билан,
Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?
Мен ҳам кўпчилик қатори унинг ним табассум акс этиб турган юзига термулиб ўтирар эканман, яна дунёни ўз калта қаричим билан ўлчаган, яна ҳаммани ўзимга ўхшатган, шундай яхши истеъдод қишлоқда яшагани учун юзага чиқолмай қолиб кетибди-да, деб унга раҳмим келган эди ўшанда. Юзага чиқишга, балки ўзи ҳаракат қилмагандир, балки ўзи ўч бўлмагандир шонга, эътирофга, балки ўз дунёсида ура-ураларсиз ҳеч кимга малол келмай, ҳеч кимга ўзининг борлигини сездирмай мана шундай тинчгина яшашни истагандир, деган хаёл эса менинг тор тасаввуримдан анча йироқ, раҳм қилиш эмас, аксинча, бу инсонга ҳавас қилиш лозимли тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмас эдим...
Сизсиз баҳорлар ҳам баҳор бўлмади,
Тунлар етим қолди, ойлар тўлмади,
Адирларни қучиб Наврўз кулмади,
Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?..
Меҳмонлар уйларига тарқалишди. Менинг кўз олдимдан эса Абдумурод аканинг синиқ табассуми, қулоқларимдан вазмин ва ғамгин овоз оҳанги кетмай қолди. Лекин адабиёт худди отамдан қолгандай шунда ҳам ўзимча у кишини катта адабиётга дахлдор ижодкор санагим келмас, бундай ўртамиёна шоирлар жуда кўп, чиройли қилиб ўқий олгани учун ҳам шеър менда илиқ таассурот уйғотди шекилли, деб ўзимга уқтирмоқчи бўлардим. Шунақа бўлган ўзи, ҳамиша ҳам фақир инсонлардаги фазилатни тан олишдан кўра, уларнинг камчилигини кўришимиз осонроқ...
Кейин-кейин биз у киши билан телефонлашиб турадиган ҳам бўлиб қолдик. Асосан Абдумурод аканинг ўзи телефон қилардилару, бироқ гапиргувчи мен, у киши кўпроқ тинглашни маъқул топар эди. Мен гапимни тугатганимдан сўнггина у киши бир-икки оғиз гап қўшиб қўяр, шунда ҳам гапиргани савол бўларди. Саволи ҳам ўзига ўхшаган жўн эди. Жўн ва чуқур...
- Ўрисларнинг Толстойи бизда борми? - дея сўрарди, мен билганимча фикр билдирсам:
- Французларнинг Бальзаги-чи, Бальзак бизда борми? - деб сўрарди кейин.
Абдумурод аканинг бу каби саволларини эслаб, рости, мен у кишининг аслида нималарга ишора қилганликларини энди-энди тушунгандай бўлаяпман. Баъзида ўйланиб қоламан. У кишида билим ҳам, истеъдод ҳам ўзига етарли даражада бўлгани тайин, лекин нимага менинг сўзларимни эшитишга иштиёқи бўлди экан? Нимага ҳатто мен маъносига ета олмаётган саволларни бериб, жавобимни жимгина эшитиб ўтиришни яхши кўрдилар экан? Ўшанда ичларидан нима хаёллар ўтди? Ким билсин... Ким билсин, балки айнан ўзида йўқ хислатларни, журъат ва ўзбилармонликни менда кўрганлари учун узоқроқ гапиришимни, хато бўлса ҳам узоқроқ гапиришимни истадимикан...
Абдумурод аканинг уйимизга қандай кириб келишлари ҳам охирги пайтларда тез-тез кўз олдимдан ўтаётир. Мен ҳарқанча қувониб кутиб олмай, у киши дарвоза қоқиб келганидан нима учундир хижолат тортаётганга ўхшар, худди келишига бирор баҳона лозимдек қўлтиғига талабалик даврида йиққан китобларидан бир-иккитасини қистира келарди. Ана, у киши олиб келган "Фауст", "Уруш ва тинчлик", "Телба" каби ўнлаб дурдона китоблар ҳалиям кутубхонамда тизилиб турибди. Булардан айримларининг янги чиққан нусхалари ўзимда олдиндан бўлса-да, мен буни Абдумурод акадан яширганман. Айнан шу китобни излаб юргандим, раҳмат, деганман кўнглига қараб. Бошқа қувроқ одам бўлса эҳтимол буни сезарди, бироқ Абдумурод ака менга жудаям керакли бўлган китобни олиб келиб берганига ишонар, мендан ҳам кўпроқ хурсанд бўларди.
Бир гал шифохонада даволанаётганимда у киши қўнғироқ қилиб, мен ётган шифохона манзили билан қизиқди. Билсам, кўргани келмоқчи экан. Хонадошларим - 30-40 ёшлардаги икки эркак у киши билан бўлаётган суҳбатимизни қулоқларини динг қилиб эшитиб туришди-ю:
- У ким? - деб сўрашди телефонни ўчиришим билан.
- Устозларимдан бири, - жавоб бердим мен.
- Қаерда ишлайди?
Нима учундир муаллим дегим келмади:
- Шоир, - дедим, кимлар изимдан сўраб келишини кўрсатиб қўймоқчи бўлиб. - Ўткир Ҳошимовни танийсизлар-ку? Ўз даврида ўша инсонлар билан даврадош бўлган. Билим жуда кучли, миллий энциклопедиянинг муҳаррирларидан бири... Ҳозир, шу... Қишлоқда...
- Ў-ў-ў! Унда бир қўйни айириб, тенг ярмини пишириб келаётгандир? - қорнини қашлаб, гапимни бўлди хонадошлардан биттаси.
Қовун туширганимни англаб, ўзимча уларни келаётган меҳмондан кўп нарса кутиш керак эмаслигига тайёрлаган бўлдим:
- Йў-ўқ... Қўй бўлмасаям курка-товуқ, дегандай...
- Унда бугун тушликка овқат буюртирмасак ҳам бўларкан-да?!
Иштаҳаси карнайлардан бўлмаганим учунми, ё бошқа бир сабабларга кўрами, рости менинг ғашим келди.
- Билмадим... Кутайлик-чи, - деб хонадан чиқиб кетдим. Орадан чамаси уч-тўрт соатлар вақт ўтган экан. Қўшни палатадаги отахонлар билан гурунглашиб ўтирган эдим, бир вақт эшик тақиллаб, хонадошларим чақиришди.
- Устозинг келди, - дейишди улар мен залга чиққанимда қовоқларини солиб. - Нимага шоир деб алдадинг, мактабда домилла экан-ку!
Тушундимки, булар шоирмисиз, деб сўрашса Абдумурод ака одатига биноан "йўқ, ўқитувчиман" деб рад этган. Ёлғончига чиқиб қолганимдан менинг ҳам қовоғим солинди:
- Ўзлари қаерда?
- Ўтирибди, хонада. Қўлтиғида иккита китоб!
Иккаловининг ижирғаниб гапирганини кўриб, мениям хаёлимга китоб шунчалар ёмон нарсадай туюлиб кетди. Бордим. Абдумурод ака хонада ўша-ўша эскигина кийим-бошига яп-янги қалпоғи ярашмай, синиқ кулимсираб мени кутиб ўтирган экан. Олдингидай илиқ сўрашмадим, хонадошларимнинг олдида изза бўлганимдан аразлаган киши бўлиб, суюққина сўрашдим. Иззатпарастликдан йироқ бўлганлари учун, балким Абдумурод ака буни малол олмагандир, бироқ ўшанда нимага ўзимни бундай аҳмоқона тутдим, сира тушунолмайман. Ахир салкам отам тенги одам катта бошини кичик қилиб мени - ўғли тенги тирранчани шунча ердан сўраб келганди, қувониб дўппимни осмонга отсам арзир эди-ку?
Яна бир сафар эса Абдумурод аканинг қачонлардир ёзган шеърларини туман газетасида ўқиб қолдим. Устоз Хуршид Даврон билан қўнғироқлашганимизда у киши қишлоқда яшаётган ижодкорларнинг яхши асарларидан электрон кутубхонам учун жўнатиб туринг, дегани учун, ўша шеърларни кўчириб, расмсиз ҳолатда устознинг электрон почтасига жўнатиб юбордим. Кечаси жўнатган бўлсам, шеърлар эртасига тонгдаёқ сайтда эълон қилинибди, яна устоз Хуршид Даврон ажойиб шоирнинг ижоди билан таништирганим учун миннатдорлик жавоб хати қолдирган эдилар. Ўшанда шеърлари устоз Хуршид Давроннинг кутубхона сайтида эълон қилинганини эшитган Абдумурод ака бундан гўдак мисоли қувонган, қайта-қайта раҳматлар айтган ва бот-бот шеърлари аслида бунга арзимаслигини таъкидлаган эди. Кейинчалик ҳам Абдумурод ака бундан миннатдор бўлиб ҳар ерда гапириб юрарди. Шу арзимас ишимни шунчалик арзитганини, шоирликка катта даъвоси бўлмаган бу инсон шеърлари эълон қилинганини эмас, аслида кичиккина одамгарчиликка гувоҳ бўлганини ҳаммага мақтаниб юрганини англашга эса фаросатим андак камлик қиларди...
Мана, Абдумурод аканинг вафот этганларига ҳам бир ойдан ошиб қолибди. Эҳтимол у кишининг менга, сизга, ҳаммамизга айтадиган гаплари кўп эди, аммо нимагадир айтмади, барчасини ўзи билан бирга тупроққа олиб кетди. 2001 йилда 500 нусхада чиқарилган, ўз ичига атиги бир ҳовуч шеърларни сиғдиролган "Ғамгин дарахт қўшиғи" номли юпқагина китоби қолди, холос. Бу китобдаги саноқли шеърларни олдингидан ортиқроқ эътибор билан қайта-қайта ўқир эканман, мен ҳеч қандай оғриниш, ҳеч қандай малолни билмайдиган Абдумурод аканинг ўз ҳассос қалбини шунча йил одамлардан қаерга беркитиб яшаганини англагандай бўлаяпман. Ҳамда яқин кишисидан айрилиб алланечук ёлғизланиб қолгандай аламзада ҳис этаяпман ўзимни. Нега Абдумурод акани катта адабиётга дахлдор эмас деб ўзимча ҳукм чиқардим, бунга қанчалар ҳаққим, қандай асосим бор эди, хўп, шундай ҳам бўлсин, майли, бироқ у кишини нимага шу пайтга қадар оддий инсон сифатида яхши кўра олмадим, ўзимни сира тушунолмаяпман. Тушунолмаяпман ҳам, кечиролмаяпман ҳам... Балки инсон айнан ўзи чин дилдан севган одамларга мана шундай баланд талаблар қўяр...
Гоҳида кечалари уйқум ўчиб Абдумурод аканинг ўзлари ёзган ушбу мисраларни пичирлаб айтгим келади:
"Дўстим, кел, тортинма,
Кирайлик уйга!
Дилга эзгу ҳислар
Тақиб қўяман.
Хона совуқ, агар
Чидасанг бироз,
Юрагимни ёқиб қўяман!.."
Байрам АЛИ