Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

14.07.2018


ДАСТУР БОР, НАТИЖА ҲАМ

Тегишли дастурга асосан, биргина жорий йилда вилоятимизда жами 1 триллион 128 миллиард сўм маблағ эвазига 409 та лойиҳа амалга оширилади. Уларнинг юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этиши шундаки, натижада жойларда 5 минг 171 та янги иш ўрни яратилади. Хўш, дастур қай даражада бажарилмоқда, самараси нималарда кўринади?

Маълум бўлишича, бугунги кунга келиб, амалда 205 миллиард сўм ҳисобига 122 та лойиҳа ишга тушган, 849 нафар кишининг муқим   бандлиги таъминланган. Жумладан, саноат соҳасида 13 миллиард сўмлик 21 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 152 миллиард сўмлик 53 та, қишлоқ хўжалиги тармоғида 40 миллиард сўмлик 48 та лойиҳа доирасида ишлар ўз вақтида якунланиб, маҳсулдорлик кўрсатишга киришилган.

Биламизки, воҳамизда аграр секторнинг имконияти кенг. Хом ашё ҳам, зарур ишчи кучи ҳам етарли, қулай табиий-иқлим шароити мавжуд. Мисол учун, тармоқнинг мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишлари ҳали тўла ўзлаштириб улгурилмаган, қилинадиган ишлар кўп. Айни омиллар эса соҳага хорижий кредит линияларини жалб қилишда устунлик бермоқда. Шу муносабат билан махсус    дастур ишлаб чиқилгани, унга қиймати 201 миллион долларлик 257 та лойиҳа киритилгани эътиборга молик. Ўтган даврда бу бўйича салмоқли ишларга қўл урилди. Бугунги кунга қадар 30 та лойиҳа 24 миллион доллар миқдорида хорижий кредит маблағлари орқали молиялаштирилди.

Масалан, чорвачиликни ривожлантириш йўналишида қиймати  3 миллион долларлик 9 та лойиҳа асосида Германия ва Украинадан 315 бош наслли қорамол келтирилмоқда. Шундан 62 таси вилоятга кириб келган. Паррандачилик тармоғини янада равнақ топтириш мақсадида эса 5 та лойиҳага 4,6 миллион доллар кредит маблағи ажратиб берилди. Хусусан, Қамаши туманида 2,6 миллион доллар эвазига 5 минг бош курка боқишга мўлжалланган замонавий мажмуада (“Azza-parranda” МЧЖ) қурилиш ишлари якунланди. Ушбу субъект фаолияти вилоятимизда аҳолининг гўшт маҳсулотига бўлган талабини самарали қондиришга қаратилган. Паррандалар парваришини тўғри йўлга қўйиш учун мажмуа янги технологиялар билан жиҳозланган. Лойиҳа доирасидаги ишлар йил охирига қадар якунланиши мўлжал қилинган.

Бундан ташқари, маҳаллий ишбилармонларга 823 минг доллар миқдорида хорижий кредит маблағлари тақдим этилиб, 3 лойиҳа бўйича йилига 2 минг тонна сутни қайта ишлаш имконини берувчи янги ускуналар келтириб ўрнатилди.

Худди шундай, 6 миллион доллар эвазига 3 та лойиҳа доирасида йилига 21 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлашга мўлжалланган дастгоҳлар олиб келинди, уларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Масалан, “Насаф трейд инвест” МЧЖ томонидан Қарши шаҳрида йилига 10 минг тонна мева-сабзавотни қуритиш бўйича илғор хорижий технологияларни амалиётга жорий этиш (2 миллион доллар) чораси кўрилмоқда. Чироқчи туманидаги “Автомобилчи МТП” МЧЖ томонидан эса 2,5 миллион долларга гидропоника усулида маҳсулот парваришлашни кўзда тутувчи, 2 гектар майдонни эгаллайдиган иссиқхона қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу усулда маҳсулот етиштириш юқори маҳсулдорликка эга экани, сувни тежаш мумкинлиги билан ажралиб туради. Хорижий кредит линиялари ҳисобидан молиялаштириладиган ушбу дастур бўйича 31 та лойиҳага берилган буюртмалар (умумий қиймати 28 миллион доллар) тижорат банклари томонидан кўриб чиқилиб, тез кунларда молиялаштириш масаласи ҳал этилади.

Хўш, ҳудуд иқтисодиётини юксалтиришга қаратилган дастурлар ижроси доирасида ўтган даврда қандай сифат кўрсаткичларига эришилди? Маълумотларга кўра, йилига 2 минг 300 тонна сутни ҳамда 24 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш, 14 минг дона мебель ва 2 минг тонна озуқа ем (балиқчилик учун) ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар ишга тушди. Шунингдек, четдан 1670 бош наслли чорва моллари ва 550 бош зотдор қуён олиб келинди. Паррандалар сони 1 миллион бошга, асалари оилалари сони эса 710 тага кўпайди. Бундан ташқари, 57 гектарда балиқчилик ҳавзалари, 16 гектарда иссиқхоналар, 15 минг тонналик совуткичли сиғимлар янгидан барпо қилинди. Булар - эришилган натижалар. Уларга маҳлиё бўлиб қолмай, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурлардан жой олган ҳар бир лойиҳага, кичик бир ташаббусга ҳам жиддий ёндашилса, узлуксиз самара бўлиши тайин.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo