Бироқ, бугун деярли ҳар қадамда ушбу қонунга мувофиқ келмайдиган ҳолатлар кўзга ташланмоқда ва бу ҳаракатларни қонунга хилоф, деб айтиш у қадар ҳам тўғри эмасдек.
Мисол учун, ҳар йили анъанага кўра, Мустақиллик байрами ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан байрам туҳфаси сифатида байроғимиз акс эттирилган сувенир, ленталар ва бошқа маҳсулотлар миллионлаб нусхада ишлаб чиқарилади. Албатта, юрагида Ватан туйғуси жўш урган одам ватанпарварликка, бирдамликка чорловчи давлат рамзлари акс этган эсдалик совғаларини жон-дилидан яқинларига ҳам улашади.
Ваҳоланки, давлат байроғи акси туширилган бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш юқоридаги қонун билан тартибга солинмаган. Қонунда “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас”лиги белгиланган.
Қонунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда Давлат байроғининг элементлари нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги қайд этилган.
Шу ўринда савол туғилади: республакимизда нечта нодавлат ташкилот рамзида давлат байроғи акс этган? Узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Масалан, мамлакатимиздаги энг йирик нодавлат ташкилотлари бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг рамзларида давлат байроғидан фойдаланилган.
Ваҳоланки, қонунда давлат байроғи фойдаланилиши мумкин бўлган саноқли давлат ташкилотлари рўйхати аниқ кўрсатилган.
Ушбу масалани таҳлил этиш жараёнида ёшларимиз орасида урфга айланган, асосан дунёнинг ривожланган мамлакатлари байроқлари туширилган футболка, кепка, рюкзак ҳамда турли автомобиль аксессуарларидан фойдаланиш “замонавийлик” белгиси сифатида кенг оммалашганини кузатдик. Бу шунчаки глобаллашув жараёнидаги оддийгина ҳолат эмас, балки ўзга давлатлар рамзларининг экспансияси орқали жамиятни бошқариш дастури амалга оширилаётганининг исботи ҳамдир.
Давлат байроғидан фойдаланиш борасида жаҳон тажрибасига назар ташласак, “Россия Федерациясининг давлат байроғи тўғрисида”ги Россия Федерацияси федерал Конституциявий Қонунининг 9.1. моддасига мувофиқ, фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар Давлат байроғи ва унинг тасвиридан Давлат байроғига ҳурматсизлик кўрсатмаган ҳолда фойдаланиши мумкин, шунингдек, Давлат байроғидан фойдаланиш тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ, давлат байроғи қутилар, салфетка, дастрўмол, чойшаблар, ёстиқ ва бошқа шахсий ҳамда вақтинча фойдаланиладиган буюмларда қўлланилиши мумкин эмас.
Америка Қўшма Штатлари байроқ кодексига мувофиқ, Давлат байроғи аксарият жамоат биноларида доимий равишда йил давомида кун чиққандан кун ботгунга қадар ўрнатилиши ва ҳатто давлат байроғини етарли даражада ёритиш чоралари кўрилган бўлса, у қоронғида ҳам туриши мумкин, ноқулай об-ҳаво, яъни ёғингарчилик, қор, шамол ва бошқа табиат инжиқликлари вақтида ўрнатилиши мумкин эмас (байроқ об-ҳавонинг ҳар қандай таъсирига учрамайдиган материалдан тайёрланган ҳолат бундан мустасно).
Канадада эса Давлат байроғидан фойдаланиш қоидалари (протоколи)га мувофиқ, давлат байроғи билан фахрланиб, уни намойиш этишда ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган, балки аксинча, ҳатто кўп қаватли уйлар, бино ва иншоотлар, жамоат ташкилотлари ва бошқа жойларда исталганча давлат байроғини ўрнатиш тавсия этилган.
Қозоғистон Давлат байроғи бино ва иншоотларда уларнинг эгаларининг хоҳишига кўра ўрнатилиши мумкин.
Туркманистонда эса Давлат байроғи доимий равишда корхона, ташкилот ва идоралар ҳамда аҳоли турар жойларида ўрнатилиши белгиланган.
Давлат байроғидан фойдаланишни янада кенгайтиришга оид бу каби нормаларни халқаро тажриба мисолида кўплаб келтириш мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Ўйлаймизки, уларнинг инобатга олиниши аҳоли, айниқса, ёшларда миллий онг, миллий ғурурни давлат рамзлари орқали шакллантириш, истиқлолимиз ва истиқболимиздан дарак берувчи давлат рамзларига ҳурмат туйғусини қадрият даражасига кўтариш, бу туйғуни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жуманазар ОТАЖОНОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси