Вилоят ҳокимлигида малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга давлат намунасидаги сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Сертификатларни Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлар доктори Хушвақт Ҳайитов ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Долли Аллаев ўз эгаларига топширишди.
Қайд этиш жоиз, ўтган давр мобайнида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари томонидан филиал тингловчиларининг буюртма портфели шакллантирилди. Ҳар бир раҳбар ходимнинг шахсий маълумотлари Давлат бошқаруви академиясининг www.my.dba.uz электрон маълумотлар базасига киритилди. Профессор-ўқитувчилар билан келишган ҳолда дарс жадваллари тузилди. Аудиториялар ва тегишли материаллар ўқув жараёнига тўлиқ тайёрланди.
Уч ой ичида малака ошириш курсларида давлат гранти асосида жами 105 нафар мактабгача таълим, халқ таълими, молия бўлимлари мудирлари, тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, давлат санитария-эпидемиология назорат марказлари бош врачлари, иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш, статистика бўлимлари бошлиқлари, бандликка кўмаклашиш маркази директорлари малака оширдилар.
Ўқув курсларининг илк кунида тингловчиларнинг билим даражасини аниқлаш мақсадида кириш тест синовлари ҳамда курс якунида ўзлаштирганлик даражасини аниқлашга қаратилган чиқиш тест синовлари ўтказилди. Натижаларга кўра, вилоятимиздан ўқув курсига жалб этилган тингловчиларнинг 98 нафари курсни муваффақиятли тугатиб, сертификатга тавсия этилди. 7 нафар тингловчи эса етарли балл тўплай олмади.
- Малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарлар жараёнида тингловчиларга мустақил таълим учун топшириқлар берилди ва уларни бажариш якунида тақдимот, муайян кейс ечими, чора-тадбирлар режаси ва "йўл харитаси" лойиҳаси ишлаб чиқилди, - дейди Косон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олим Норбоев. - Вебинар машғулотлар академия профессор-ўқитувчилари томонидан онлайн тарзда олиб борилди. Суҳбат ва тренинглар эса мини-маъруза ва мавзу бўйича муҳокама шаклида, ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади ва диалог шаклларида ташкил этилди, буларнинг барчаси келгуси фаолиятимизда асқатишига ишонаман.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.