Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

01.02.2018


ДАВЛАТ ДАСТУРИ: 18 ТА МУҲИМ ЛОЙИҲА

АРЗОН УЙ-ЖОЙЛАР ҚУРИЛИШИ ИККИ БАРОБАР ОШИРИЛАДИ

Аҳоли, айниқса, ёш оилалар, эски уйларда яшовчилар ва бошқа тоифадаги фуқароларнинг эҳтиёжи муттасил ошиб бораётганлигидан келиб чиқиб, жорий йилда арзон ва сифатли турар жойлар қуриш кўлами 1,5-2 баравар кўпайтирилади.

Жумладан, Давлат дастурида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилалар учун 658 та уй ва кўп қаватли уйларда жойлашган 1491 та хонадон, ҳарбий хизматчилар учун 100 та кўп қаватли уй, профилактика инспекторлари учун 1171 та уй ва ҳудуд раҳбарлари учун 974 та уй қуриш назарда тутилган.

ЁШЛАР МАВЖУД КАСБЛАРГА ЎҚИТИЛАДИ

2018 йилда жами 25 мингдан ортиқ ёшларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунар коллежлари ва касбга тайёрлаш марказларида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш кўзда тутилмоқда.

Бу ишларни амалга оширишга 19,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.

ИЧИМЛИК СУВИ ТАЪМИНОТИ ЯХШИЛАНАДИ

Давлат дастурида халқаро молия институтлари иштирокида Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда вилоятимизда ичимлик ва оқова сув тизимини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича 8 та йирик лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Бу ишлар доирасида 137 километр магистраль сув тармоғи, 338 километр ичимлик суви тармоғи, 53 километр канализация тармоғи, 9 та сув тарқатиш иншооти, 29 сув қудуғи ва 4 та насос станцияси қурилади.

НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ХОТИН-ҚИЗЛАР УЙЛИ БЎЛАДИ

Дастурда ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун 2 мингта янги иш ўрнини яратиш, 3 минг хотин-қизни уй-жой билан таъминлаш назарда тутилади.

CПОРТ-СОҒЛОМЛАШТИРИШ ОБЪЕКТЛАРИ БАРПО ҚИЛИНАДИ

Дастурда спортни ривожлантириш, шу орқали аҳоли саломатлигини, юртимизнинг жаҳон спорти майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Хусусан, янги спорт иншоотлари қуриш борасида ҳам ишлар қилинади.

Жумладан, Нукус шаҳрида Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган олий спорт маҳорати мактаби, Урганч шаҳрида “Ёшлик” спорт мажмуаси, Тошкент, Андижон, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида универсал спорт комплекслари, Қарши шаҳрида спорт-соғломлаштириш мажмуаси, кўп тармоқли ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилади.

ЯНГИ УНИВЕРСИТЕТ ОЧИЛАДИ

Мамлакатимизда журналистика соҳасида мутахассислар тайёрлаб беришга ихтисослашган алоҳида Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилади.

Бу борада Ўзбекистон  Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси тайёрланиши ҳамда университетнинг вазифа ва функциялари аниқ белгиланиши назарда тутилган.

ОДИЛ СУДЛОВ АКАДЕМИЯСИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Суд тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш сифати ва самарадорлиги таъминланади.

Айни масалада Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тайёрлаш белгиланган. Лойиҳада суд тизими ходимларини тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон Одил судлов академиясини ташкил этиш назарда тутилади. Шунингдек, марказий суд органлари ва муассасаларини ўзида бирлаштирадиган “Адолат саройи” мажмуаси қурилади.

ВАҚТИДА ПАСПОРТ ОЛМАГАН ЁШЛАРГА ЖАРИМА СОЛИНМАЙДИ

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартиби соддалаштирилади.

Жумладан, эндиликда вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.

“ПРОПИСКА” МУАММОСИ БЎЛМАЙДИ

Дастурда паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловларни бартараф қилиш белгиланган.

ФЕРМЕРЛАР САЙЁҲЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

Давлат дастуридаги муҳим жиҳатлардан яна бири намунали фермер хўжаликларини сайёҳларга хизмат кўрсатишга мослаштиришдир.

Бу борада ишлаб чиқиладиган чора-тадбирлар режасида намунали фермер хўжаликлари негизида сайёҳларга хизмат кўрсатиш, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёни билан таништирувчи ташриф марказлари, қизиқарли маҳорат дарсларини ташкил этиш, туристларни ҳосил   йиғишга жалб қилиш, етиштириладиган маҳсулотларни туризм маҳсулотлари доирасида кенг тарғиб қилиш ва сайёҳларни кенг чорлаш  масалалари назарда тутилади.

ИККИ МИНГТА ИЖТИМОИЙ ДОРИХОНА

Жорий йилда мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб аҳолини арзон нархдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш имконини берувчи, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2 мингта ижтимоий дорихонаси ташкил этилади.

Бу дорихоналар ижтимоий аҳамиятга эга ҳамда нархлар асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш имконини берувчи махсус ҳимоя белгилари қўйилган дори воситалари билан таъминланади.

ҚАБУЛ КВОТАЛАРИ ОШАДИ

Фуқароларга психиатрия ёрдами кўрсатиш, шу жумладан, руҳий-асаб касалликларни профилактика қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар режаси белгиланган.

Жумладан, Дастурда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб психиатрия мутахассислиги бўйича олий таълим муассасаларига қабул қилиш квотасини ошириш, ҳар йили 5 нафардан кам бўлмаган психиатрия шифокорларини илғор чет эл тиббиёт клиникалари, илмий ва ўқув таълим муассасаларига малака ошириш учун юбориш назарда тутилган.

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЁШЛАРИ ФОРУМИ ЎТКАЗИЛАДИ

Ўзбекистон ёшларининг хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлишини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда Марказий Осиё ёшлари форуми ўтказилади.

Форум Самарқанд шаҳрида ташкил этилиши белгиланган.

“АФРОСИЁБ” ЭНДИ КИТОБГА ҚАДАР БОРАДИ

Давлат дастурига Қарши-Китоб темир йўли йўналишини электрлаштириш ва унда юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поезди қатновини ташкил қилиш бўйича ишларни давом эттириш ҳам  киритилган.

Мазкур лойиҳа ишга тушгач, ушбу йўналишда поездлар 160 километр соат тезликда ҳаракатланиб, йўловчиларга 50 дақиқада Қаршидан Китобга етиб олиш имконини беради.

ПОЛИКЛИНИКАЛАРДА ШАРОИТЛАР ЯРАТИЛАДИ

Жорий йилда 793 та қишлоқ оилавий поликлиникасини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бунинг учун Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 5 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ажратилади.

ИНВЕСТИЦИЯ ПОРТАЛИ - АЙНИ МУДДАО

Интернет тармоғида маҳаллий ва хорижий инвесторларни зарур статистик ахборотлар, бизнес юритиш шарт-шароитлари билан таъминлайдиган “Инвестиция портали” ишга туширилади.

Дастурда мутасадди ташкилотлар олдига Ўзбекистон Республикаси Инвестиция порталини яратиш ҳамда уни 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб ишга тушириш ва доимий ишлашини таъминлаш вазифаси қўйилган.

ВИДЕОКАМЕРАЛАР –ХИЗМАТДАГИ ШАФФОФЛИК УЧУН

Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятининг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этилади.

Бунинг учун ички ишлар органларининг йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари барча ходимларини хизматни ўташ, айниқса, фуқаролар билан мулоқот жараёнини қайд этиш имконини берувчи видеокамералар билан таъминлаш кўзда тутилган.

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВЕБ-САЙТЛАРИ ЭНДИ ИШЛАЙДИ

Давлат дастурида Давлат бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг қўшимча механизмларини жорий этиш борасида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Лойиҳада давлат органларининг веб-сайтларига улар томонидан амалга оширилаётган бюджет харажатлари ҳақида тўлиқ маълумотларни жойлаштириш мажбурийлиги назарда тутилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.

Report typo