Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ташкил этилган семинарда қайд этилди. Тадбир давлат дастурига асосан ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши бўйича бажариладиган ишлар моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб этиб, тегишли бандларнинг изчил ижросини таъминлаш масалаларига бағишланди.
Унда сенаторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоятдаги ижтимоий соҳага оид муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Семинарда таъкидландики, давлат дастурида одамларнинг бандлиги ва реал даромадларини босқичма-босқич ошириб бориш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мақсадли дастурларни ҳаётга изчил татбиқ этиш бўйича кўплаб ислоҳотларни амалга оширишга катта эътибор қаратилган. Жумладан, 2019 йилда воҳамиздаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 15 та тиббиёт объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада ислоҳ қилиш изчил давом эттирилади. Ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида вилоятда 7 та меҳнат гузари, 7 та ёшлар коворкинг маркази бунёд этилади. Уларнинг 878 та лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида 202 миллиард 406 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Семинарда бу ишларни изчил амалга оширишда депутатларнинг, маҳаллий ҳокимият органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг, жамоат ташкилотлари мутасаддиларининг аниқ вазифалари белгилаб олинди.
М.ШУҲРАТОВ