Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

08.05.2018


Давлат хариди: ЎЗГАРИШЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Қарши шаҳрида Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва Товар-хом ашё биржаси вилоят филиали ҳамкорлигида ўтказилган семинарда шулар ҳақида сўз юритилди. Ушбу қонун мазмун-моҳиятини кенгроқ тушунтиришга бағишланган тадбирда вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун билан бу жабҳада бир қанча янгиликлар жорий этилди. Хусусан, давлат буюртмачисининг иккита янги категорияси - “бюджет” ва “корпоратив” буюртмачиси тушунчалари амалга киритилди. Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги белгиланди. Илгари бундай орган мавжуд эмас эди. Шунингдек, давлат харидларининг барча турлари учун махсус ахборот портали жорий этилмоқда. Электрон дўкон ва аукционда ғолибни аниқлаш автоматик тарзда электрон тизим орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, қонунда давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ҳам келтириб ўтилган. Илгари давлат харидларини назорат қилиш масаласи тартибга солинмаган, низо ва келишмовчиликлар фақат электрон савдолар бўйича махсус комиссия томонидан кўриб чиқилган. 

Семинарда давлат буюртмачиси, яъни бюджет ташкилотлари, давлат улуши сақланиб қолган корхоналар ҳамда товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар, яъни тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Шунингдек, янги қонунга кўра, инсофсиз ижрочилар ягона реестри, яъни ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонунга зид равишда суиистеъмол қилган буюртмачи ёки таъминотчиларнинг қора рўйхати шакллантирилиши, бу рўйхатга тушган қатнашчилар давлат харидларида иштирок этиш имкониятидан муайян муддатга маҳрум этилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу қонун талабларининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши юртимиз иқтисодиётида соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида иштирок этишда тенг эркинлик яратиш, давлат секторини оптимал муддатларда товарлар (ишлар, хизматлар) билан самарали ва оқилона таъминлашга хизмат қилади.

Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа вакилларидан тўлиқ жавоб олишди.

М.ШУҲРАТОВ

Report typo