Тарихий манбалар гувоҳлик беришича, аксар тепаликлар душман ҳужумидан мудофаа вазифасини ўтаган. Ўз навбатида бу ерларда одамлар йиғилиб, байрам, тўй-томошалар, турли маросимлар ҳам ўтказилган. Ўз-ўзидан аёнки, бундай масканлар бағрида минг йилликлар сир-синоатлари яширин. Уларни ўрганиб, тадқиқотлар асосида тугал хулосаларга келиш бугуннинг вазифасидир.
Афсуски, кўҳна ёдгорликларга бугунги муносабатимиз жуда аянчли. Кўп тепаликлар эътибор ва муҳофазага муҳтож. Масалан, Қарши-Шаҳрисабз йўлидаги I-VII асрларга мансуб Отчопартепа ёдгорлиги қадимда шаҳарга бостириб келаётган душманни билиш мақсадида биринчи мудофаа вазифасини ўтаган бўлиб, айни кунларда бу жой чиқинди ташланадиган, турли жониворлар бесар изғийдиган масканга айланиб қолган. Тепалик атрофи уй-жой қуришга мослашмаган бўлса-да, тупроқ кавланиб, текисланиб, янги "қўриқ"лар очилмоқда. Айримлар пойдевор ташлаб, иморат қаддини тиклашга ҳам улгурган.
Отчопарлик Наргиза Примованинг маълум қилишича, бу бўйича Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлимига бир неча марта мурожаат қилинган, бироқ ҳеч қандай натижа кўринмаган. Бу кетишда тепалик 2-3 йилдан кейин текисликка айланади.
Хўш, нега мутасаддилар бунга жим қараб келишаяпти?
- Қарши шаҳар ҳокимининг тегишли қарори билан маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган ушбу тепалик эгаллаган 0,5 гектар ерда қурилиш ишлари олиб борилиши мумкин эмас, - дейди Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими бош мутахассиси Эркин Қурбонов.
Инспекция вилоят бўлими бошлиғи Жаҳонгир Халиловнинг айтишича эса, инспекторлар етишмаслиги сабаб мавжуд объектлардан тез-тез бохабар бўлишнинг имкони йўқ. Ўтган йили бир гуруҳ кишилар тепаликнинг кунботар қисми тупроғини махсус техникада суриб чиқараётгани ҳақида мурожаат бўлгандан сўнг ўрганиш ўтказилган. Бироқ инспекторлар етиб боргунча тепаликка зиён етказган кишилар кетиб қолишган. Мутасаддининг айтишига кўра, инсон омили таъсирида текисланиб бораётган ёдгорликлар орасида Калон-Заҳҳоки-Морон, Каманди тепаликлари, Қарши қалъаси девори каби тарихий манзиллар бор.
Демак, инспекциядагилар мавжуд аҳволдан хабардор. Хўш, бунинг олдини олиш бўйича нима қилинаяпти?
- Агар муҳофаза объектларини ўзбошимчалик билан ўзлаштиришга уринаётган кишилар аниқланса, улар тегишли тартибда огоҳлантирилади, - дейди Эркин Қурбонов. - Ҳолат яна давом эттирилса, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилади. Давлат муҳофазасидаги қадимий қимматликларга етказилган зарар ҳажми ва майдони ҳисобга олиниб, тегишли чора кўрилади.
Кўриниб турибдики, инспекциядагилар ё бирор кимсага огоҳлантириш бермаган, ё уларнинг бу борада айтарли таъсири йўқ. Ҳар ҳолда тепалик майдони ҳудудида уй тиклаб олганларни кўриш учун мутахассис бўлиш шарт эмас.
Қолаверса, бошқалар ҳам тупроқ билан бирга тарихнинг бир бўлагини суриб чиқараётганини англаб етиши керак. Тўғри, кимгадир кўҳна ёдгорлик бир уюм тупроқ бўлиб кўринар, бироқ унинг аҳамиятини тузук-қуруқ билмаймиз-ку. Демак, буни ҳаммага билдириш керак. Тегишли мутасаддилар томошабин эмас, фаол тарғиботчи бўлишлари, ўзларининг ҳақиқий вазифаси нима эканини яхши англаб олишлари зарур.
С.АЛЛАЁРОВА