Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

26.12.2016


ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни олдидан вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни ўз эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат мукофотлари билан тақдирланганлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев кириш сўзи билан очди ва мукофотларни қабул қилиб олиш учун ҳозир бўлган воҳадошларимизни хал-қимиз ва давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди.

Тадбирда сўз олган  Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати юксак    қадрланиши, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиёти, соғлом авлод тарбияси, юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг меҳнати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, мукофотланганларнинг Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлидаги ютуқларга қўшган ҳиссаси, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида   соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларидаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати билан қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат, транспорт, алоқа ва қурилиш соҳаларини ривожлантиришга қўшган салмоқли улуши ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки алоҳида эътироф этилди.

- Меҳр-мурувват кўрсатишни дунёдаги энг катта олижаноблик, дейишади, - дейди "Шуҳрат" медали соҳибаси, Қарши шаҳридаги "Мурувват" ногирон болалар учун интернат уйи тарбиячиси Гулбаҳор Мирзаева. - Фаолиятим болалар билан боғлиқ, ишимдан мамнунман, касбим ортидан шараф, ҳурмат-эътибор топаётганимдан хурсандман. Тўғри, муассасадаги 200 нафардан зиёд боланинг ҳар бири билан ишлаш, уларнинг кўнглига йўл топиш осон иш эмас. Бу биз, тарбиячилардан кўплаб хислатларга эга бўлишни, кенг дунёқарашли, билимдонликни талаб этади. Мазкур мукофот кейинги   фаолиятимда бундан-да масъулиятли бўлишга ундайди.

- Мустақиллик бизга меҳнатимизнинг ҳақиқий рағбатини туйиш, ҳис қилиш имконини берди, - дейди "Дўстлик" ордени соҳиби, "Нуроний" жамғармаси Касби тумани бўлинмаси раиси Чўли Жўраев. - Бу истиқлолнинг яна бир улуғ неъматларидан бири, аслида. Мукофотлар ва эътибор ҳар биримизга катта масъулият юклайди. Юрт олдидаги камтарин хизматларимиз юқори баҳоланиб, ана шундай юксак мукофотларга лойиқ кўрилган эканмиз, бу муносиб рағбат бўлди, барчамизда янги куч-ғайрат уйғотди.

Мукофотлар тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратда: мукофотланганлардан бир гуруҳи.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Report typo