Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни олдидан вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни ўз эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат мукофотлари билан тақдирланганлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев кириш сўзи билан очди ва мукофотларни қабул қилиб олиш учун ҳозир бўлган воҳадошларимизни халқимиз ва давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Акмалов юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати юксак қадрланиши, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиёти, соғлом авлод тарбияси, юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг меҳнати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, мукофотланганларнинг Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлидаги ютуқларга қўшган ҳиссаси, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларидаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати билан қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат, транспорт, алоқа ва қурилиш соҳаларини ривожлантиришга қўшган салмоқли улуши ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки алоҳида эътироф этилди.
- Мамлакатимизда эркин ва озод, адолатли, инсонпарвар жамият барпо этиларкан, бу борада одамларимизнинг ҳалол меҳнатига ҳурмат билан қараш, уларнинг қадр-қимматини муносиб баҳолашга бош мақсад сифатида қаралади, - дейди Шаҳрисабз технология касб-ҳунар коллежининг ишлаб чиқариш таълими устаси, "Шуҳрат" медали соҳибаси Гулноз Ибрагимова. - Меҳнати муносиб эътироф этилганлар қаторида борлигимдан хурсандман. Давлатимизнинг юксак мукофотлари барчамизга куч-ғайрат бағишлайди, Ватанимиз тараққиёти ва халқ хизмати йўлида фидокорона меҳнат қилишга ундайди.
Мукофотлар тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.
* * *
Маълумки, бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига чорак аср тўлади. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 октябрдаги фармони билан "Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишони таъсис этилди. Мазкур эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади.
Эътиборлиси, вилоят ҳокимлигида ўтган тантанали тадбирда бир гуруҳ воҳадошларимизга мазкур эсдалик нишонлари ҳам топширилди.
Н.ХЎЖАЕВ