Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Давлат тиббий суғурта жамғармасидан ажратилган маблағ ҳисобидан 1284 нафар бемор соғломлаштирилди

Шоҳиста БОЗОРОВА

25.01.2024


Давлат тиббий суғурта жамғармасидан ажратилган маблағ ҳисобидан 1284 нафар бемор соғломлаштирилди

Матбуот анжумани

2023 йил давомида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Қашқадарё филиалида республика мутахассислари билан биргаликда 10 нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш амалиётлари амалга оширилди. Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиалларида 134 нафар беморга эндопротез қўйиш, 94 нафарга нейрожарроҳлик, 240 нафарга ошқозон-ҳазм тизими, 33 нафарга урологик, 791 нафарга офтальмологик, 2133 нафарга кардиожарроҳлик йўналишда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Вилоятда ихтисослаштирилган тиббий хизматни ташкил этиш” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Бобоев таъкидлаганидек, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Қашқадарё филиалида якунланган йилда хориждан ва пойтахт клиникаларидан малакали кардиожарроҳларнинг 21 та ташрифи ташкил этилиб, 103 та юқори технологияли амалиёт ўтказилди. Жами 2167 та операция қилинди, шундан 1870 таси ёпиқ, яна 297 таси очиқ турдаги операциялар ҳисобланади. Уларнинг 191 таси тиббий суғурта орқали бепул ташкил этилди. Шунингдек, 2023 йилда “Бош мия ичи артерияси (ички уйқу артериясининг C4 сегменти соҳаси)ни стентлаш”, “Кичик кесмалар орқали аорта коронар шунтлаш амалиёти”, “Кичик кесмалар орқали митрал клапан протезлаш амалиёти” сингари жами 10 та янги турдаги операция йўлга қўйилди.

- Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида  туғма юрак нуқсони мавжуд бўлган болаларда кардиохирургик операциялар, янги туғилган чақалоқларда учрайдиган ичак нуқсони касалликлари бўйича жарроҳлик амалиётлари ва эндоурологик операциялар ўтказилиши йўлга қўйилди, - деди Алишер Бобоев. - Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида 237 нафар беморда “Аутодерма пластика”, “Сон-болдир ампутацияси”, “Геникомастия”, “Реконструктив пластик операция” сингари юқори технологияли операциялар ўтказилди. Филиал томонидан вилоятда жами 16 та профилактика мактаби ташкил этилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида ҳам юқори натижаларга эришилмоқда. Филиалда 2023 йилда жами ўтказилган операцияларнинг 33.4 фоизи (2248 та, 44 турдаги) юқори технологияли операциялар улушига тўғри келган. 24 та турдаги янги операция жорий этилди.

Барча туманларда шошилинч қабул бўлими “Emergency Department”  (триаж тизими: қизил, яшил, сариқ ҳудудлар) ташкил қилинди. Шахрисабз шаҳри, Ғузор ва Касби туманларида “Қўшма шикастланишлар ва ўткир юрак қон-томир касалликлари” марказлари ташкил қилинди ва 33 миллиард сўмлик тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Худди шундай марказ Кўкдала туманида ҳам очилиши режалаштирилган.

Филиал моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Хусусан, Жаҳон банки лойиҳаси асосида 630 минг долларлик ўта замонавий ангиограф аппарати келтирилди, 300 минг долларлик қийматига эга иккинчи МСКТ тиббий аппарати ишга туширилди. Шунингдек, биринчи МСКТ ҳам таъмирланиб, фаолияти тикланди. Филиал марказлашган кислород станциясига уланди.

Матбуот анжуманида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилояти филиалларида 2023 йилда амалга оширилган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ  халқаро тажриба асосида Ўзбекистон тиббиёти учун мутлақо янги йўналиш - давлат тиббий суғуртаси жорий этилган эди. Вилоятимизда ўтган йилда 3 та давлат ва 1 та хусусий тиббиёт муассасасида Давлат тиббий суғурта жамғармасидан ажратилган 10 миллиард 883 миллион сўмлик маблағ ҳисобидан 1 минг 284 нафар бемор соғломлаштирилди.

Мутасаддилар томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo