Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир.
21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз бир йил тўлади. Шу муносабат билан турли идора ва ташкилотларда маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири вилоят божхона бошқармасининг “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Дарҳақиқат, тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, урф-одат, аньаналарини сақлайди.
Аҳамиятлиси, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тилимизга давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.
Тадбирда божхона пости ходимларининг фикр-мулоҳазалари тингланди, ходимларга иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Низомиддин ЖЎРАЕВ,
“Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи