Салтанат тузар экан, бирор соҳа бўлмаганки, унга Амир Темур эътибор қаратмаган бўлсин, сарой ва халқ ҳаётига доир ҳеч бир жиҳат йўқки, Соҳибқирон назаридан четда қолган бўлсин. Давлат юмушларида ҳамиша узоқни ўйлаб, адолатга таяниб иш юритган бобокалонимиз оила мавзусига ҳам сира бефарқ қарамаган, соғлом насл ташвиши унинг асосий диққат-эътиборидаги масала саналган. Аслида ҳар бир миллат ўзининг келажаги бўлмиш ёш авлод тақдирига бефарқ бўлолмайди, зеро, бу омил миллатнинг яшовчанлигида, халқ сифатида ўз номи, нуфузини сақлаб қолишида энг муҳим жиҳат. Шундан келиб чиққан ҳолда бизнинг туркийлар ҳам азалдан ҳар жиҳатдан соғлом, бақувват, кучли авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратган. Туркийларнинг қадимданоқ соғлом наслни дунёга келтириш ва шакллантириш, фарзанд тарбияси, уй-рўзғор тутуми, миллат генофондини кўз қорачиғидек асрашда ўзига хос қарашлари, қонун-қоидалари мавжуд бўлганки, Соҳибқирон ўзининг давлатчилик сиёсатида шу қараш ва қоидаларни янада мустаҳкамлади. Ўзига хос қатъият ва азму шижоат билан ўзи ва авлоди оиласида шу қоидаларнинг устуворлигини таъминлаб, “Темур тузуклари”да кузатув ва хулосаларини баён этган.
Амир Темур ўгитларини ўқир экансиз, унинг оила, фарзанд тарбияси, хотин-қизлар саломатлиги ва соғлом бола ҳақида мудом қайғурганига амин бўласиз. Жумладан, улкан салтанатни бошқарган Соҳибқирон ўғил-қизлари ва набираларининг оила қуришларига шунчаки ҳаёт қонуни ёки улғайиш белгиси сифатида қарамаган, балки бу масалага давлат ишлари қаторида алоҳида аҳамият қаратган. Бу ҳақда Амир Темур шундай дейди:
“Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насли-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина эл-юртга катта тўй-томоша бериб, келин туширдим...”
Оила барпо этилишига бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас. Зеро, ўз миллатининг жонкуяри сифатида Соҳибқирон фақат руҳан ва жисман соғлом, баркамол бўлган, қолаверса, мукаммал тарбия кўрган онагина соғлом фарзандни дунёга келтира олишини, боласини беқусур тарбиялай билишини ўз ҳаётий кузатувлари, тажрибаси асосида чуқур англаган. Бобокалонимиз наздида, келажак авлоднинг соғлом туғилиши нафақат танланган келинга, балки бўлажак ота – оила соҳибининг руҳий-жисмоний ҳолатига ҳам бевосита боғлиқ. Аввало, ота ўзи бош бўлган оила масъулияти унинг зиммасида эканини тушуниб, англаб етиши шарт. Шу билан бирга, ўз соғлиғини ҳам асрай билиши даркор. Темур ўғиллари ва набиралари бўлмиш шаҳзодаларни шароб ичишдан қайтарган. Уларга ҳатто бир томчи май ичган кунларида ҳам ҳарамга кирмасликни тайинлаган. Ичкилик насл саломатлигига путур етказишини таъкидлаган:
“...Зеро, шаробнинг таъсирида бунёдга келган фарзанд насл-насабнинг бузилишига таъсир этгай, дебон шу покиза йўлни тутдим...”
Албатта, салтанат бошчисининг бу каби саъй-ҳаракатлари беиз кетмаганини тарихдан яхши биламиз. Темурийлар авлодида мард, алпкелбат, шижоатли амирзодалар, довюракликда улардан қолишмаган маликалар кўп бўлган. Шунингдек, улар орасида санъат, адабиёт ва бошқа бир қанча соҳаларда истеъдодини намойиш этган иқтидор соҳибларини ҳам кўплаб санаш мумкин: Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳусайн Бойқаро, Бойсунқур Мирзо, Гулбаданбегим, Зебунисо сингари истеъдодлар номи ва ижоди то ҳануз маълум ва машҳур.
Шахс маънавияти, тарбияси масаласида Соҳибқирон янада қатъий бўлган. Шу боис ҳам фарзанду набиралари тарбиясига алоҳида диққат қаратиб, ўз замонасининг энг билимдон зотларидан сабоқ олишларини, доимо доно, катта ҳаётий тажрибага эга, кўнгли тоза, буюк қалб соҳиби бўлган кишилар даврасида бўлишларини таъминлашга интилган. Хусусан, Мирзо Улуғбекдаги иқтидорни ёшлигиданоқ пайқаб, уни тўғри йўлга йўналтирган. Суюкли набираси Халил Султон ошиқ бўлган қиз – Шодимулкнинг оиласи, аждодларини суриштириб, маъқул топмагач, амирзоданинг унга уйланишига рухсат бермаган. Бобосининг ўгитларига амал қилмай, Шодимулкка уйланган Халил Султон қандай катта хатога йўл қўйгани ҳам тарихдан бизга маълум: Шодимулк шаҳзодани ўз таъсирига олиб, бир неча мўътабар темурий маликалар ва ҳатто Соҳибқироннинг севикли рафиқаси Сароймулкхонимни заҳарлайди. Халил Султоннинг таназзулига ҳам айни шу аёл сабаб бўлгани манбаларда келтирилган.
Амир Темур салтанатида аёллар – оналарга эҳтиром ўзгача бўлган. Миллат яратувчиси бўлган аёлларни ўзи қандай эъзозлаган бўлса, қадрини қанчалик юксакка кўтарган бўлса, у фарзанду набираларидан ҳам шуни талаб қилган. Ўғли Мироншоҳ ва унинг рафиқаси Хонзодабегим ўртасида ўзаро низо келиб чиққанида Амир Темур келинининг шикоятини тинглаб, ўз ўғлининг ишларини тафтиш қилиш ва шунга яраша ҳукм чиқариш учун нуфузли беклардан иборат ҳайъатни Мироншоҳ ҳузурига юборади ва йўл қўйган хатолари туфайли анча вақт ўғлини ғазаби остида сақлайди.
“Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим”, дея таъкидлаган Темур ўз васиятида ҳам аёллар мавзусини эсдан чиқармаган:
“Заифаларни қўринг, йўқсулларни бойлар зульмига ташламанг…”
Соҳибқирон ўз ўгитларида авлодларини шафқатли, мурувватли бўлишга чақирар экан, айниқса, ёш болаларга нисбатан меҳрибон, ғамхўр бўлиш лозимлигини таъкидлайди:
“Чақалоқларни йиғлатмангиз, болаларга озор бермангиз — бу гуноҳи азим эрур. Бундай гуноҳни Оллоҳ хуш кўрмагай...”
Амир Темурнинг бу каби кўплаб ўгитлари, панд-насиҳатлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, бугунги давр учун ҳам бирдай керакли, бирдай долзарб ва аҳамиятли тарбия воситаси, ҳаётий ақидалардир. Уларни ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш эса фақат эзгуликка хизмат қилади.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА.