Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдушукур ОМОНОВ

25.01.2017


ДАВЛАТЧИЛИГИМИЗ ТАРИХИДАГИ МУҲИМ МАНБА

Инсонпарвар фуқаролик жамияти, адолатли ҳуқуқий демократик давлат қуриш ҳар давру замонда инсониятнинг юксак орзуси бўлиб келган. Шу сабаб буюк шахслар давлат ва жамият бошқаруви, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда инсоний муносабатларга доир бошқа масалалар бўйича бетакрор асарлар ёзиб қолдиришган. Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Николла Макиавеллининг “Ҳукмдор”, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” асарлари шулар жумласидандир.

Буюк давлат арбоби ва саркарда, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Темур тузуклари” ҳам шубҳасиз ана шундай асарлар орасида муҳим ўрин тутади. Зеро, Амир Темур давлат ишларини бошқариш, элу халқ манфаатини кўзлаб иш юритиш, адолат ва ҳақиқатни қарор топтиришнинг нақадар муҳимлигини бошидан ўтказиб, бу масалаларни ишонарли ва айни пайтда қизиқарли тарзда келгуси авлодларга тавсия этган.

Амир Темур бобомиз шахси, ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш, “Темур тузуклари”ни ўрганишга интилиш  бугун тобора кучайиб бормоқда. Боиси, асар Амир Темур давридаги ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишда асосий манба бўлиб хизмат қилади.

Аммо собиқ тузум даврида бизни бундай ноёб манбалардан айри тутишди. Совет мафкурачиларининг уқтиришича, бизда ҳеч қандай цивилизация, давлатчилик тарихи бўлмаган экан. Шу уйдирма билан “Темур тузуклари” сингари муҳим манбаларни тадқиқ қилиш тугул, ўқиш ҳам тақиқлаб қўйилди. Бу асарни халққа ҳавола этган кишилар таъқиб қилинди, “ғоявий бузғунчилик”да айбланди.

Истиқлол шарофати билан кўплаб қадриятларимиз, тарихимиз қаторида “Темур тузуклари” ҳам бизга қайтарилди, уни кенг миқёсда ўрганиш, тадқиқ этиш йўлга қўйилди.

Президентимиз Ислом Каримов яқинда вилоятимизга ташриф буюриб, жамоатчилик вакиллари билан учрашганида ҳам Амир Темур бобомизнинг ҳаётини яхши ўрганиш, раҳбар кадрлар ва ҳар бир зиёли инсон “Темур тузуклари”ни ўқиб-уқиши ва тегишли хулосалар чиқариши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир”.

“Темур тузуклари” Амир Темур бобомизнинг ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаолиятидан маълумот берувчи асардир. Айрим олимлар асарнинг илк нусхаси XVI-XVII асрларда Ҳиндистонда эски ўзбек тилида ёзилганини билдиришган. Бу вақтда Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган. Асар Яман ҳокими Жаъфар Пошонинг топшириғига биноан 1610 йилда форс тилига таржима қилинган бўлса, 1783 йилда инглиз, 1787 йилда француз, 1892 йилда рус тилларига таржима қилинган. “Темур тузуклари” илк бор 1967 йилда “Тарихи Муҳаммадия”, “Туркистон изтироби” асарлари муаллифи, улуғ аллома Алихонтўра Соғуний томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. 1989 йилда қайта тўлдирилган. Юқорида айтганимиздек, элга унинг етук маънавий дурдонаси туҳфа қилингану, заҳмат чеккан таржимон таъқибга учраган.

“Темур тузуклари” икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда Амир Темурнинг шахси, сиёсий-иқтисодий фаолияти, марказлашган давлат қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, тарқоқ ҳудудларни ягона байроқ остида бирлаштиргани, жамиятдаги ижтимоий табақалар ва уларга бўлган муносабати баён қилинган. Иккинчи қисмда эса фарзанду набираларига аталган панду насиҳатлари, давлатни бошқаришга доир маслаҳатлар, давлат хизматчиларини танлаш ва уларга маош тўлаш, қўшинни тузиш ва қўшин бошлиқларининг вазифаларига оид масалалар ўз ифодасини топган.

Амир Темур давлат ишларини бошқаришда ишбилармон, мард, қатъиятли, ҳушёр, ҳалол ва пок инсонларга таяниш кераклигини уқтириб, бундай киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқ, деб алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтирганини қайд этган.

Давлат бошқарувида эса элу халқ аҳволидан доимо хабардор бўлиш, халққа жабр қилганларга дарҳол адолатли чора қўллаш, ҳасадгўй, молпараст, тамагир, лоқайд ва бефарқ одамларни давлат ишларига қўймаслик, доимо ҳушёр ва эҳтиёткор бўлиш зарурлиги баён этилган. Давлат хизматчиларининг ғийбатчилиги қаттиқ қораланиб, бу тоифадагилар дарҳол вазифасидан бўшатилиши лозимлиги уқтирилган.

Давлат хизматидагилар ортиқча қаттиққўллик ҳам қилмаслиги, кўп мулойим бўлиб, юмшаб ҳам кетмасликлари, иккаласи ҳам давлат бошқарувида зарар эканлиги айтиб ўтилган.

Соҳибқирон бобомиз давлат ишларини бошқаришда ўта донолик ва талабчанлик билан иш кўрганлиги қуйида аниқ-тиниқ кўринади: “Кимнинг ақли ва шижоатини синов тарозусида тортиб кўриб, бошқаларникидан ортиқроқлигини кўрсам, уни тарбиямга олиб, амирлик даражасига кўтарар эдим. Сўнгра кўрсатган хизматларига яраша мартабасини ошириб борардим”.

Хуллас, “Темур тузуклари” жуда катта тарбиявий аҳамиятга молик асар. Уни барчамиз қанчалик меҳр-муҳаббат билан ўқисак ва уқсак, қалбларимизда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуси шунчалик юксала боради.

Абдушукур ОМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Деҳқонобод тумани ҳокими

 

Report typo