- Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ тақиқланади, - дейди Қарши шаҳар Никоҳ уйи директори Ҳикматой Шарипова. – Унинг 16-моддасига кўра, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.
Қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ масаласини жуда кўп мутахассислар ўрганган. Унинг маъқул эмаслиги илмий жиҳатдан ҳам ўз исботини топган. Олиб борилган таҳлилларга кўра, жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг ногирон бўлиб қолишига кўп ҳолларда қариндош ота-оналар сабабчи экан. Жаҳон олимлари ҳам ирсий муаммоларга 80 фоиз ҳолларда қариндошларнинг ўзаро никоҳи ва экологик муаммолар сабаб бўлаётганлигини таъкидлашмоқда. Бундай ҳолатнинг ортиши эса миллатнинг ирсий заифлашувига сабаб бўларкан. Аниқланишича, бир-бирига бегона бўлган эру хотиннинг туғилажак боласига қараганда қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилажак болада ирсий касаллик хавфи 3-4 баравар кўплиги кузатилади.
- Ҳомила ота-онага хос генларни ўзлаштиради, - дейди вилоят скрининг маркази бош шифокори Зиёда Обляқулова. – Яъни кўз ранги, соч тузилиши, қон гуруҳи ва ҳоказолар қаторида касалликларни ҳам “мерос” қилиб олади. Шу боис келин ёки куёв қилмоқчи бўлган ота-она йигит ва қизнинг насл-насабига эътибор бериши керак. Бу ирсий касалликларнинг олдини олиш чораларидан бири ҳисобланади.
Оила мустаҳкамлигига ундаги фарзандлар саломатлиги нуқтаи назаридан ҳам дарз кетиши ҳоллари учраб туради. Агар бунда қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган гўдаклар айбсиз айбдор бўладиган бўлса, қуда бўлган яқинлар ҳам юзкўрмас бўлиб кетади. Шундай экан, оила қуриш масаласида юзаки, таваккалчиликка асосланиб ёндашмаслик лозим. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканини тан олишимиз керак”.
Шоҳиста БОЗОРОВА