Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

23.08.2018


ДАВЛАТНИНГ ҚАДРИ

Ҳар йилги мавсум бўлганидай бу гал  ҳам улар далага меҳр билан ишлов бериб, ерга уруғ қадаб, суғориб, парваришлаб, тарвуз етиштирибди.

Аммо ҳосилни етиштириш билан иш битиб қолмас экан, балки уни сота билиш ҳам керак. Бўлмаса, меҳнатга яраша рағбат бўлмайди. Шунинг учун сота билиш-да бир санъат ҳисобланади…

Вақт ила умр ҳам шундай тез ўтадики, кези келгач ёш кексага айланади. Ҳалиги деҳқон ҳам кексайиб қолибди. Шу пайтга қадар қовун-тарвузни ўзи бозорга олиб борар, оқшом тушмасдан яхши нархда сотиб қайтаркан.

Шунда  ота ўғлига дебди:

- Ўғлим, мен қариб қолдим. Кўзларим пулни пулдан зўрға ажратаяпти. Бозорга бориб тарвуз сотиш энди менга машаққатли иш бўлиб қолди. Бу йил тарвузларни бозорга сен олиб бориб сот…

Ўғли бироз ўйланиб турибди. Сўнгра:

- Яхши, отажон! Ҳосилимизни энди мен сотаман. Шу баҳона сиз ҳаётлигингизда бу ишни ҳам ўрганиб оламан, - дебди.

Тонг чоғи деҳқон даласини суғораркан, ўғли ҳўкизга аравани қўшиб, қовун-тарвузни орта бошлабди. Аравани тўлдириб йўлга тушибди.

Ўғлон бозорга етиб келибди. Харидорлар эса йиғила бошлабди. Кимдир каттароғини, кимдир силлиқ ва ялтироғини олишга уриниб, тарвузларни у ёқдан бу ёққа думалата бошлабди.

"Мана бунинг банди ҳали қуримабди, бунисиники сўлиб қолган экан, анавиниси ёриқ экан", дея танлашга тушиб кетишибди. Энг яхшилари ҳам арзон нархларга сотилиб, қолганларининг нархи яна ҳам пастлаб кетибди. Уларни айтилган нархга олувчи чиқмагач, ўғлон нархни янада туширишга мажбур бўлибди. Охиргиларини эса бепул ташлаб, бир балодан қутулгандай ортига қайтибди…

Ота ўғлини тушкун, кайфиятсиз бир ҳолда кўриб, "балки бу биринчи кун савдо қилишнинг чарчоғидандир" деб ўйлаб, индамай қўйибди.

Эртасига тонгда яна ота дала ишларига киришибди. Ўғли аравани қўшиб, тарвузларни танлаб олиб, энг яхшилари билан аравани тўлдириб, бозорга отланибди. Мақсади, ҳеч бўлмаса бугун яхши нархга, янада кўпроқ сотиб, кечаги зарарни ҳам қоплаш эди.

Аммо у бозорга аравасини олиб кириши билан яна кечаги аҳвол такрорланибди. Оқшомга қадар яна сараланган тарвузлар, кейин қолганлари борган сари паст баҳога сотилиб, бир қисми бепул ташлаб кетиладиган бўлибди. Ўғлон яна ғамгин бўлибди. Оғир қадамлар билан даласига қайтибди.

Ўғлини янада паришон ҳолда кўрган ота энди жим туролмабди:

- Нима бўлди, ўғлим? Тарвузларни сотибсан, нега хомуш, паришонсан? Ё пулларингни ўғирлатиб қўйдингми? - деб сўрабди.

- Йўқ, ота, пулимни йўқотмадим, аммо жуда арзонга сотиб келаяпман тарвузларни, - дебди ўғли маъюс оҳангда.

Ота ўғлининг елкасига қўлини қўйиб, меҳр билан сўрабди:

- Тахминан нечта тарвуз олиб боргандинг?

- Юзтадан ошиқ эди, чамамда…

- Уларни неча пулга сотдинг?

- Шунчага…

Ота ўйланиб тургач, фарзандига шундай дебди:

- Ўғлим, мен сен айтган миқдорнинг ярмидан озроғини бозорга олиб борардим. Аммо сен ҳозир айтган пулнинг икки бараварига сотардим. Йўқ, нархни баланд қўймасдим. Фақат ҳосилнинг асл баҳосини қўяр, ундан ҳам камроғига сотардим. Бу ишда сенинг икки хатойинг бор. Биринчидан, молни кўп миқдорда олиб бораяпсан, иккинчидан, унга лойиғидан арзон баҳо қўйгансан.

Ўғли отасига эътироз билдирмоқчи бўлибди. Аммо отаси гапида давом этибди:

- Мени яхшилаб тингла, ўғлим. Ҳар доим молингни ўз баҳосидан паст баҳолама. Зеро, молинг шунда мол бўлади. Харидори Бағдоддан бўлса ҳам келади. Бирон жойга ё бозорга сотиш учун кўп миқдорда олиб борсанг, олувчига унисидан буниси яхши кўриниб, танлайверади ва молнинг сифатига таъсир қилади. Буни унутма.

Ўғли отасидан сўрабди:

- Яна нималар қилишим керак, ота?

 Отаси табассум қилибди ва:

- Энди мен қилган ишни қилгин!.. - дебди.

Туркчадан ўзбек тилига

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ таржима қилди.

Report typo