- ОИТС одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) келтириб чиқарадиган сурункали юқумли касаллик, - дейди мутахассис. - Бу дард дастлаб яширин тарзда бўлиши, унинг аломатлари бир неча ойдан 5-10 йилгача ва ундан ҳам ортиқроқ юзага чиқмаслиги мумкин. Ушбу давр анча хавфли ҳисобланиб, инфекция орттириб олган шахслар ўзлари билмаган ҳолда уни бошқаларга юқтириб юришлари мумкин. Касалланган организмда вирус кўпайиб, аста-секин иммун тизимини мутлақо издан чиқаради ва натижада ОИТС ривожланади. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) - одамнинг иммун тизимини иммунитет танқислиги вируси шикастлаши натижасида хасталик белгилари юзага чиқадиган сўнгги босқичдир.
Сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал, одамнинг қисқа вақт ичида кескин озиб кетиши, ҳароратнинг узоқ вақт сабабсиз кўтарилиши ва ич кетиши (диарея), оғиз бўшлиғи ҳамда турли аъзоларнинг яллиғланиши, хавфли ўсмаларнинг ривожланиши касалликнинг клиник белгилари ҳисобланади ва бемор инфекциянинг бевосита таъсиридан эмас, балки юқоридаги ана шу касалликлар асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмади.
Бугунги кунда ОИВ билан касалланган шахсни вирусдан бутунлай холи қилувчи дори воситаси мавжуд эмас. Бу борада дунё тиббиёти ҳамон ожиз. Бироқ вирусга қарши даволаш усули - антиретровирус препаратларидан фойдаланиб, инфекция юқтирган одам умрини узайтириш мумкин. Ушбу препаратлар вирусни тўлиқ йўқ қилмаса ҳам, унинг бемор организмида кўпайиб боришига йўл қўймайди. Шахснинг соғлом ҳаёт кечириши ва узоқ умр кўришига имкон яратади. Аммо энг ачинарлиси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан беморни вирус аниқланган кундан бошлаб даволаш тавсия этилганлигига қарамасдан ҳозирги вақтда фақат 47 фоиз касалланганлар хасталикнинг ривожланган босқичига келиб даволанмоқда.
Вилоятимизда 2017 йилда ОИВ билан касалланганлар сони 183 нафарга етиб, бу кўрсаткич Қарши шаҳри, Ғузор, Касби, Қамаши, Косон, Китоб туманлари ҳисобига ошган. Уларнинг кўпчилиги 25-40 ёшли шахслар. Касалланганлар орасида 14 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларнинг борлиги эса янада ачинарли. Чет элда ишлаб келиш жараёнида касалликни юқтирган фуқароларимиз ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Шу каби омиллардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тизими янада такомиллаштирилмоқда. 2018 йил 25 январда имзоланган "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори айни шу мақсадни кўзда тутади.
Мазкур қарорга кўра, ОИВ инфекциясининг тарқалиши сабаблари ўрганилиб, аҳоли орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, ОИТСга қарши кураш марказлари ва туманлараро ОИВ диагностик лабораторияларининг моддий-техника базаси янгиланади. ОИТСга қарши кураш хизматининг ягона маълумотлар базаси ташкил этилади. ОИВ инфекциясига қарши кураш, жаҳон тажрибасига мувофиқ, касаллик аниқланган кунидан бошлаб амалга оширилади. Юқори сифатли дори-дармонлар сотиб олиш ва даволашнинг узулуксиз бўлишини таъминлаш мақсадида, антиретровирус препаратлар давлат бюджети ҳисобидан харид қилиниш тизими босқичма-босқич киритилади. ОИВ инфекциясининг онадан болага юқиши олдини олиш учун ОИВ билан касалланган оналардан туғилган чақалоқлар 6 ойлик бўлгунга қадар сунъий сут аралашмалари билан таъминланади. Вирус юқтириб олганларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар кучайтирилади. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва профилактика инспекторлари билан биргаликда меҳнат мигрантларини ОИВ инфекциясига текшириш учун тиббиёт муассасаларига мажбурий равишда юборилиши таъминланади.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.