Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ўғлони Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишни нафақат конституциявий бурч, балки катта мақсад, юксак маънодаги шон-шараф иши, деб билади. Ҳар бир ота-она ўғли ҳарбий бўлишини, Ватан ҳимоясига бел боғлашини истайди ва бу билан фахрланади.
- Ҳарбий бўлишимга акам сабабчи бўлган, у мендаги орзу аниқ мақсадга айланишига туртки берган, - дейди сержант Акром Мирзаев. - Аввалига йигитлик бурчимни ўтадим, кейинчалик ҳарбий хизматни давом эттириш истаги туғилди. 2003 йилда шартнома асосида ҳарбий хизматга олиндим. Ҳозирда ҳарбий қисмлардан бирида, ҳаво ҳужумида мудофаа қўшинлари сафида хизмат қилмоқдаман. Дўстларим, айниқса, ёшлар билан учрашганимда уларнинг менга ҳавас билан қарашини ҳис қиламан. Шунда ўз касбимдан, Ватан посбони эканимдан фахрланиб кетаман. Хизмат давомида эришган ютуқларим бир неча маротаба ҳарбий қисм, юқори қўмондонликлар томонидан муносиб эътироф этилди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида эса "Шуҳрат" медали билан тақдирландим. Бу мукофот, албатта, зиммамдаги масъулиятни янада оширди. Ўзимга билдирилган ишончни оқлашга доим интиламан.
Айтиб ўтиш жоиз, юртимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жойлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада оиласи, уй-жойидан кўнгли тўқ ҳарбий бор эътиборини хизматини аъло даражада ўташга қаратган.
- Ҳаётимдан мамнунман, - дейди Акром Мирзаевнинг турмуш ўртоғи Мукаррам Менгниёзова. - Ҳарбий оилалар доимо ҳукуматимиз эътиборида, буни ҳар қадамда ҳис этиб тураман. Уй-жой билан таъминланишимиздан тортиб, фарзандларимизнинг ўқиши, тўгаракларга қатнашига қадар амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ватан озодлиги, юрт тинчлигини ҳеч нима билан қиёслаб бўлмайди. Бу иш эса қадим-қадимдан мард ва жасур ўғлонлар зиммасидаги вазифа бўлиб келган. Ана шундай мард ҳарбийлар бор экан, юртимизда тинчлик абадий ҳукм суради, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон бўлади. Одамларимизнинг юз-кўзларида эса бугунги кунига шукроналик, эртасидан хотиржамлик балқиб тураверади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
* * *
Суратда "Шуҳрат" медали соҳиби, сержант Акром Мирзаев оила аъзолари билан.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.