Шунга қарамай, нафс измига тушиб гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан шуғулланишга уринадиганлар ҳамон топилади. Шаҳрисабз тумани Хўжахуросон маҳалласида истиқомат қилувчи Аҳрор Содиқов (исм ва фамилия ўзгартирилган) ҳам ана шундай шахслардан бири.
Баъзан гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган кишилар сири ошкор бўлгач, бу ишнинг жиноят эканлигини билмагани, кимдир маслаҳат бергани учун биринчи маротаба қўл урганини айтиб, ўзларини соддаликда айблаб туриб олишади. Аммо Аҳрор қилаётган ишининг мазмун-моҳиятини жуда яхши билган. Қолаверса, у аввал ҳам худди шу турдаги жинояти учун жавобгарликка тортилиб, белгиланган тартибда жазо ўтаган эди. Бироқ у бундан тўғри хулоса чиқармаган кўринади. Йўқса яна жиноятга қўл урмасди.
Вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда туманда ўтказилган тезкор тадбирда Аҳрорнинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, ҳовлисининг турли жойларида яширинча сақлаб келаётган “хазина”сининг сири очилиб қолди. У 233 туп таркибида гиёҳвандлик моддалари бор экинни ҳовлининг турли четларидаги пана-пастқам жойларга, эски девор остига экиб, парваришлаб келаётган экан.
Ҳозирда Аҳрор Содиқовга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Азиза ХУШВАҚТОВА, вилоят божхона бошқармаси инспектори