“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да деҳқон сўзи қуйидагича изоҳланган: “Деҳқон – катта ер эгаси, заминдор, қишлоқ ҳокими. Асосий касби экин экишдан иборат бўлган киши”.
Тилшунос Б.Жўраев ўзбек ва тожик халқлари ўз тилларида деҳқон сўзини бир хил маънода қўллашини таъкидлайди. Ҳозирги ўзбек шеваларида бу сўз “деҳқон”, “дееқон”, “дъйқон”, “дииқан” каби бир неча вариантларда ишлатилади.
Олим “деҳқон” сўзининг форс-тожик тили асосида юзага келганини таъкидлаб, аслида “деҳйгон” (деҳй - қишлоқли ва гон - кўплик қўшимчаси, яъни қишлоқликлар) шаклида ишлатилган бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтади. Бу сўз дастлаб ҳар икки тилда ҳам маълум жойга мансуб шахслар (яъни қишлоқликлар) маъносини ифодалаган ва бора-бора унда шахсларнинг касб-ҳунар белгиси устунлашиб, касб, машғулотни англатувчи сўзга айланиб қолган.
Ҳозирги ўзбек тилида “деҳқон” лексемасининг маъноси кенгайган: турли хил қишлоқ хўжалиги экинларни экувчи; ерга ишлов берувчи шахс; полиз маҳсулотларини ва мева етиштириш билан шуғулланувчи киши; қишлоқ аҳолиси; гул етиштириш билан машғул шахс; ерга ишлов бериб, ҳосил ундирувчи шахс. “Деҳқон” лексемасига “чилик” қўшимчаси қўшилганда соҳа, йўналиш маъносини билдиради, жонли тилда эса “деҳқончилик” дейилганида сероблик, мўл-кўлчилик маънолари ҳам англашилади.
Тарихчи А.Муҳаммаджоновнинг изоҳича, “деҳқон” сўзи илк ўрта асрларда “қишлоқ ҳокими” номи билан шуҳрат топади. Деҳқонлар ўрта асрларда эндигина шакллана бошлаган янги ижтимоий муносабатларнинг ўрнатилиши оқибатида қадимги мулкдор табақа бағрида дунёга келган ва янада бойиб, феодаллашиб бораётган қулдор катта ер эгалари бўлган. Бу фикр тарихчи Низомийнинг асарларида ҳам келтирилади. Яна бошқа манбаларда қайд қилинишича, бу сўз салжуқийлар даврида қишлоқ оқсоқолини англатган. VII-Х асрларда Мовароуннаҳрда йирик ер эгалари ва зодагонларни ҳам “деҳқон” деб аташган. Профессор Поён Равшанов Қашқадарёнинг турк хоқонлиги давридаги тарихини баён этар экан, ўша даврда деҳқон сўзининг маънолари ва қўлланиши хусусида қуйидагича ёзади: “...ат-Табарий йилномасида “Кеш подшоҳи”, “Кеш ихриди”, “Кеш деҳқони”, “Кеш малики” сингари истилоҳларни учратиш мумкин. Деҳқон Сўғдда VI-VII асрларда ҳам ўзининг улкан мавқеини сақлаб қолган. Ат-Табарий деҳқонни гоҳ малик деб ҳам атайди...”
Х асрдан кейин эса мазкур атама англатадиган маъно доираси торайиб, деҳқончилик билан шуғулланувчи кишиларнигина англата бошлаган.
Хуллас, “деҳқон” сўзининг маънолари даврлар ўтиши билан гоҳ кенгайиб, гоҳ торайиб борган. Бу сўз ҳозирги араб тилида ҳам “деҳқон”, “диҳақуну” каби шаклларда қўлланиб, “доҳий”, “йўлбошчи саркарда”, “машҳур ва улуғ киши” маъноларини англатган. Умуман, мазкур тил бирлиги тарихда турли маъноларда қўлланган бўлса, бугунга келиб, бир маънода – ер эгаси, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш билан шуғулланувчи шахс маъносида ишлатилади. Унинг этимологияси эса ўтмиш ва бугунги маънонинг ўзаро фарқли ва боғлиқ жиҳатларини яққол кўрсатиб беради.
Хўжамурод ЖАББОРОВ, Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти, филология фанлари номзоди