Тараққиёт стратегияси
Қашқадарё саноат гигантларидан бири саналган "Деҳқонобод калий заводи" акциядорлик жамиятининг устав капиталидаги "Ўзкимёсаноат" АЖнинг 100 фоизлик улуши келгуси йилнинг иккинчи чорагида хусусийлаштирилади.
Мамлакатимиз Президентининг шу йил 10 октябрдаги "Кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан маъқулланган "йўл харитаси"га биноан мазкур соҳада фаолият юритаётган бир қатор хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги (фондидаги) "Ўзкимёсаноат" АЖ ва давлат улушини хусусийлаштириш режалаштирилган.
Хусусан, "Деҳқонобод калий заводи" акциядорлик жамиятининг устав фондидаги "Ўзкимёсаноат" АЖ улушини хусусийлаштириш жараёнида дастлаб шу йилнинг декабрь ойида жамиятнинг кон захиралари (Тепақўтон калийли туз кони)ни JORC стандартлари асосида таҳлил қилиш ва баҳолаш ишлари амалга оширилади.
Шу ўринда аниқлик киритиш жоизки, JORC (яъни Joint Ore Reserves Committee - руда захиралари бўйича бирлашган қўмита) томонидан ишлаб чиқилган Минерал ресурслар ва руда захиралари ҳисоботи Австралия кодекси(JORC Code)да дунёнинг кўплаб мамлакатларида фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш билан шуғулланувчи компаниялар учун мажбурий саналган стандартлар ва тамойиллар жамлаган. JORC Code талабига кўра, инвесторлар ва маслаҳатчиларни хабардор қилиш учун мўлжалланган очиқ ҳисоботлар шаффоф ва ишончли бўлиши, барча тегишли маълумотларни ўз ичига олиши ва ваколатли шахслар томонидан тузилиши шарт.
Белгиланган режа-жадвалга мувофиқ, келгуси йилнинг январь ойида "Деҳқонобод калий заводи" акциядорлик жамиятида хусусийлаштириш жараёнлари бошланганлиги тўғрисида эълон берилиб, дастлабки саралаш босқичи (RfQ) доирасида аризалар қабул қилиниши лозим. Яна икки ойдан сўнг - 2023 йил март ойида талабгорлар билан ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, улар мажбуриятга эга бўлган таклифларни шакллантириш учун тегишли маълумотлар билан таъминланади. Май ойида сотилиши белгиланган улуш бўйича талабгорлардан қатъий нарх таклифлари (binding offers) олингач, июнда улар билан музокаралар ўтказиш орқали ғолиб аниқланади ва олди-сотди шартномаси имзоланади. "Деҳқонобод калий заводи" акциядорлик жамиятидаги хусусийлаштириш жараёнлари Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти масъуллигида, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров назоратида олиб борилади. Корхонани хусусийлаштиришдан тушган маблағнинг тақсимоти республика ҳукумати билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, "Деҳқонобод калий заводи" акциядорлик жамияти Тепақўтон калийли тузлар конидан сильвинит рудасини қазиб олиб, уни қайта ишлашга ихтисослашган. Марказий Осиёда калийли ўғитлар ишлаб чиқарувчи ягона корхона ҳисобланади. Илк маҳсулотини 2010 йил август ойида ишлаб чиқарган мазкур завод бевосита Тепақўтон конида жойлашган тоғ-кон мажмуаси ва Деҳқонобод темир йўл станцияси ёнидаги қайта ишлаш мажмуасининг икки навбатидан иборат. Биринчи навбат йилига 200 минг тонна, иккинчиси 400 минг тонна хлорли калий минерал ўғити ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонанинг маҳсулотлари дунёнинг ўнлаб мамлакатларига экспорт қилинади.
Т.НИЗОМОВ