Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

09.05.2019


ДЕҲҚОНОБОДДА "ХОТИРА ХИЁБОНИ" МАЖМУАСИ ОЧИЛДИ

Тантанали маросимда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, вилоят ҳамда туман ҳокимликлари, Деҳқонобод калий заводи, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи ва жамоатчилик вакиллари Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Қўқон, Шаҳрисабз ва тошкентлик усталар томонидан шарқона меъморчилик анъаналари услубида туман ҳокимлиги, Деҳқонобод калий заводи ҳомийлигида барпо қилинган мажмуада 1 миллиард 23 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Маълумотларга кўра, Деҳқонободдан 2767 киши урушга кетиб, уларнинг 2119 нафари ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган, 648 жангчи омон қайтган. Ҳозир уларнинг 5 нафари, хусусан, отқамарлик 95 ёшли Абдулҳаким Жабборов, чилгазлик 98 ёшли Садат Азизов, Торқопчиғай қишлоғидан 97 ёшли Жўра Шокиров, 93 ёшни қаршилаган Жума Ибрагимов, Қорашинада яшовчи 93 ёшли Инат Шарипов умргузаронлик қилмоқда. "Хотира хиёбони" мажмуаси эса урушдан қайтмаган деҳқонободлик жангчилар номини абадийлаштириш мақсадида барпо қилинди.

Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ушбу хиёбон олдида 3 миллиард сўм маблағ эвазига амфитеатр ҳам қурилиши режалаштирилганини маълум қилди.

- Бобом Ҳусан Хушмуродов 1942 йилда урушга кетиб, сўнг қайтмаган, - дейди Бўстон маҳалласилик Содиқ Жонимқулов. - Бугун унинг номини Хотира китобидан топиб, жуда ҳаяжонландим, қаҳрамонлар унутилмаслигига яна бир бор амин бўлдим. Бобом каби кишилар тинч яшашимиз учун жонларини қурбон қилишган. Бу ерга ҳамма, айниқса ёшлар тез-тез келиб туриши, чинакам қаҳрамонларни билишлари зарур.

Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан пул мукофоти ва эсдалик совғалар топширилди. Уруш ва ғалаба кунларини акс эттирувчи театрлаштирилган саҳна кўринишлари, ҳарбий оркестр, воҳа санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар барчага янада кўтаринки кайфият улашди.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo