Яқинда деҳқонободлик нуронийлар қувончига қувонч қўшилди. Туман марказида жойлашган дам олиш ва истироҳат боғи ҳудудида “Нуронийлар маскани” қурилиб, фойдаланишга топширилди. Дарахтзорлар билан қуршалган сўлим ва баҳаво масканда кексаларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароит ҳозирланган. Бадиий, сиёсий ва илмий-оммабоп адабиётлар, газета-журналларни ўзида жамлаган кутубхона, шахмат-шашка, спорт ва тиббиёт хоналари, мўъжаз ошхона мавжуд.
Тантанали тадбирни туман ҳокими Зоир Алиқулов очиб бераркан, ушбу маскан ёши улуғларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Қуръон тиловат қилинди. Ош тортилди. Бадиий-ҳаваскорлик жамоалари иштирокидаги концерт дастури йиғилганларга янада кўтаринки кайфият улашди.
Абдуқаюм БЕККАМОВ,
Деҳқонобод тумани ҳокимлиги масъул ходими