Қайд этиш лозим, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасининг экспорт салоҳиятидан унумли фойдаланишга, бу йўлда ички имкониятларни самарали ишга солишга, жаҳон бозорига янги турдаги маҳсулотларни сотишни ташкил этишга эътибор қаратилмоқда. Воҳамизда дориворлик хусусиятига эга ўсимликларнинг кўп учраши ҳам бунда жуда қўл келаяпти. Асосийси, уларга хорижда катта талаб бор.
Хусусан, Деҳқонобод кенгликларида табиий ҳолда ўсувчи қизилмия илдизини харид қилишга ҳиндистонлик ишбилармонлар қизиқиш билдирганди. Ўз навбатида вилоятимиздаги "Глобал-Декс импекс" масъулияти чекланган жамияти бу имкониятдан унумли фойдаланмоқда. Бултур экспортёр корхона Ҳинд диёридаги "Docran Healthcare Ltd" фирмаси билан маҳсулот олди-сотдиси бўйича 400 минг долларга шартнома имзолаган. Ҳамкорлик алоқалари жорий йилда ҳам давом эттирилади.
Маълумот учун, қизилмия дуккакдош ўсимликлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт бўлиб, сувсиз жойларда бедадан кўра кўпроқ ҳосил беради. Мазкур ўсимлик қурғоқчиликка ўта чидамли. Илдизидан фармацевтика саноатида дори воситалари тайёрлашда кенг фойдаланилади.
М.ШУҲРАТОВ