Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

25.12.2020


ДЕҲҚОНОБОДНИНГ ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИ НИМАНИНГ ҲИСОБИДАН ЮКСАЛМОҚДА?

Ташқи савдо

Бир пайтлар Деҳқонобод тумани ҳақида гап кетганда, кўз олдимизда пасту баланд тоғлар орасида ястаниб ётган, чекка ва олис, иқтисодий имкониятлари чекланган ҳудуд гавдаланарди.

Ҳозир ҳам Деҳқонободда шарт-шароит бирмунча оғир, тоғли ва  тарқоқ ҳудуд бўлгани боис бу ерда деҳқончилик қилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш каби фаолият турларини ривожлантириш анчагина мураккаб иш.

Сўнгги йилларда туманни ҳар томонлама тараққий эттириш мақсадида бир қатор ижтимоий-иқтисодий дастурлар қабул қилиниб, улар доирасида тизимли ишлар олиб борилдики, натижада бугунги кунда Деҳқонобод саноатлашган, йилдан-йилга экспорт салоҳияти ошиб бораётган ҳудудлардан бирига айланиб бормоқда. Бунга эса туманнинг бор имкониятларидан келиб чиқиб иш кўрилаётгани, ҳудуд иқлим шароити, аҳоли тажрибаси ва кўникмасига мос тармоқларни ривожлантиришга эътибор қаратилаётгани асос бўлмоқда.

Мисол учун, Деҳқонобод тоғларида азалдан Кўҳистон ковраги ўсади. Ковракнинг ушбу тури халқ табобатида ҳам, фармацевтика саноатида жуда қадрланадиган ўсимлик турларидан бири ҳисобланади. Аммо яқин-яқингача ҳам жаҳон бозорида ўта харидоргир бўлган ушбу ўсимликдан ҳеч қандай иқтисодий манфаат кўрилмас, нари борса аҳоли ўсимлик илдизини ўз билганича ковлаб олиб, браконьерларга сувтекинга пуллар, натижада ёввойи ҳолда ўсадиган Кўҳистон ковраги тобора йўқолиб бораётган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, туманда доривор коврак плантацияларини яратиш, маҳсулотни экспорт қилиш бўйича бир қатор дастурлар қабул қилиниб, янги-янги лойиҳалар йўлга қўйилди. Натижада коврак етиштириш туман иқтисодиётининг экспортга йўналтирилган асосий тармоқларидан бирига айланиб улгурди. Бугунги кунда ҳудуддан хорижга жўнатилаётган маҳсулотлар орасида асосий ўринни коврак эгалламоқда.

Тумандаги кўплаб субъектлар илгари фойдаланилмасдан ётган тоғ ҳудудларида Кўҳистон коврагини етиштириш, унинг томиридан олинадиган махсус смола ва ширасини йиғиб, экспорт қилаётган бўлса, ўз томорқаларига коврак экиб, бундан яхши даромад кўраётган оилалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар йиғилган ҳосилни экспортёр корхоналарга сотмоқда. Деҳқонободда бундай корхоналар сони кам эмас. Улардан бири "Муҳаммад ота" масъулияти чекланган жамиятидир.

- Жорий йилда 1 миллион долларлик маҳсулот экспортини амалга оширган бўлсак, шунинг 812 минг доллари коврак смоласи ва шираси ҳиссасига тўғри келади, - дейди жамият раиси Суннат Жўраев. - Уни Ҳиндистонга экспорт қилишга эришдик. Ушбу мамлакатда Кўҳистон коврагидан олинадиган маҳсулотлар қайта ишланади ва  халқ табобатида кенг фойдаланилади. Кўҳистон ковраги таркибий қисмлари сотиладиган катта-катта очиқ бозорлар мавжуд. Ҳиндистонга борганимда ўша бозорларни ўрганиб, кузатганман. У ерда асосан Марказий Осиё ва  Эронда етиштирилган коврак маҳсулотлари кўп. Шуларнинг ичида энг сифатлиси бизда ва Тожикистоннинг айрим ҳудудларида  етиштирилган Кўҳистон ковраги смоласи ва шираси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу маҳсулотларимиз Ҳиндистонда анча юқори баҳоланади.

Эътиборли жиҳати, ҳудудда Кўҳистон коврагини етиштириш ва унинг доривор қисмларини экспорт қилиш натижасида туманнинг иқтисодий имкониятлари ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.

- Масалан, ўтган 2019 йилда ҳудудимизнинг экспорт режаси 1 миллион 409 минг АҚШ доллари этиб белгиланган эди, - дейди туман ҳокими ўринбосари, инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Жасурбек Равшанов. -  Амалда бу режа 2 миллион 655 минг АҚШ долларига бажарилди. Шундан сўнг мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, жорий йил учун 3 миллион 354 минг АҚШ долларилик экспорт режаси белгиланди. Ҳудуддаги йирик саноат корхонаси - Деҳқонобод калий заводининг экспорт кўрсаткичлари туман ҳудудий ташқи савдо статистикасида акс этмаслигини инобатга олсак, бу деҳқонободлик кичик бизнес вакиллари учун кичик рақам эмас. Шунга қарамай, жорий йилда натижа аввалгисига қараганда ҳам қувонарли бўлди. Яъни, 15 декабрь ҳолатида тумандан 4 миллион 731 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди. Бу йиллик режа 141 фоизга ошириб бажарилди, деганидир. Экспортдан тушган валютанинг бир қисми мева-сабзавот (690 минг АҚШ долларилик), қолгани (4 миллион 41 минг доллар) эса коврак смоласи ва шираси ҳисобига шаклланган.

Айни пайтда Деҳқонободда Кўҳистон ковраги етиштиришни янада кўпайтириш, шу орқали туманнинг иқтисодий имкониятларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир қатор янги лойиҳалар йўлга қўйилаяпти. Ковракнинг тўрт-беш йиллигидан доривор маҳсулотлар олиш мумкинлиги ва яқин йиллар ичида янги плантациялар ҳам ҳосилга киришини инобатга олсак, келгусида ҳудуднинг экспорт салоҳияти янада ошиши шубҳасиз.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo