Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

16.04.2021


ДЕҲҚОНОБОДНИНГ ЎСИШ НУҚТАЛАРИ ҚАЕРДА?

Деҳқонобод туманида Карвон йўли деб номланган янги шаҳарча барпо этилмоқда. 

М-39 халқаро автомобиль йўлининг туман марказидан Сурхондарё вилоятига кетиш қисмида, йўлнинг ҳар икки томони бўйлаб жойлашадиган бу шаҳарчада бир қатор хизмат кўрсатиш тармоқлари, хусусан, меҳмонхона, кемпинг, ошхона, яшил бозор, соғломлаштириш маркази, логистика маркази, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари каби кўплаб тадбиркорлик объектлари барпо этилади. Юзлаб ёшлар шу ернинг ўзида иш билан таъминланади.

Айни пайтда Карвон йўли шаҳарчасида 2 та 5 қаватли уй қурилиши бошланган. Ҳар бири 20 та хонадонга мўлжалланган ушбу уйлар аҳолига имтиёзли кредит асосида, қулай нархларда берилиши, қолаверса, худди шу ерда яна 50 дан ошиқ кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилгани эса шаҳарчанинг инвестицион жозибадорлигини янада оширади.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Деҳқонобод тумани ҳокимлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида туман ҳокими Зойир Алиқулов айтиб ўтди.

-                     Ушбу лойиҳа туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ўсиш нуқталарини белгилаш ва ҳаракатга келтириш борасида амалга ошираётган ташаббусларимиздан бири ҳисобланади, - дейди ҳоким. – Туманнинг яна бир ўсиш нуқтаси сифатида эса кичик саноат соҳасини белгилаб олганмиз. Айни пайтда бу борада ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, туманнинг Бешбулоқ ҳудудида  кичик  саноат зонаси ва Ёшлар кичик соноат зонаси ташкил этилган бўлиб, бу ерда ҳудуддаги тадбиркорларнинг кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилади. Айни пайтда кичик саноат зонасига 20 та, Ёшлар кичик саноат зонасига эса 10 та лойиҳани жойлаштириш бўйича таклифлар билдирилган.

Зойир Алиқуловнинг таъкидлашича, туманнинг асосий ўсиш нуқталаридан бири сифатида пистачилик ва доривор коврак етиштириш соҳалари белгилаб олинган. Бу борада ишлар амалга оширилаяпти. Мисол учун, тумандаги биргина “Экокомфорт” хусусий корхонаси раҳбари Ваҳоб Норсафаровни оладиган бўлсак, ушбу тадбиркор икки йил муқаддам тоғли ҳудуддаги 270 гектар майдонда писта плантациясини барпо этган эди. Жорий йилда эса яна 100 гектар майдонга писта кўчатларини эккан. Шу билан бир вақтнинг ўзида писта плантацияси орасида доривор коврак етиштирмоқда. Айни пайтда бир қатор маҳаллаларда аҳоли томонидан ҳам Кўҳистон ковраги етиштириш йўлга қўйилган.

Хуллас, мана шу соҳаларни келгусида туман иқтисодиётининг асосий  ўзагига айлантириш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда.

Шунингдек, матбуот анжуманида аҳолининг турмуш форовонлигини ошириш, ҳудуддаги коммуникация тармоқларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам кенг маълумот берилди.

Журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга соҳа мутасаддилари жавоб қайтаришди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

 

Report typo