Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгашининг V конференциясида муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва унда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш хусусида сўз борди.
Конференцияда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, туман, шаҳар партия ташкилотлари раислари, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеликдир, - дейди ЎзМТДП вилоят Кенгаши раиси С.Маҳматмўминов. - Жонажон юртимизнинг янада ривож топиши унинг порлоқ келажаги, сайлов иштирокчиларининг фаоллиги, сиёсий етуклиги ва сайловчилар қабул қиладиган қарорга бевосита боғлиқдир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш борасида вилоят Кенгаши ҳамда шаҳар ва туман партия ташкилотлари томонидан фаоллик, ташаббускорлик асосида иш олиб борилаётгани, бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.
ЎзМТДП вилоят ташкилотининг V конференциясида партиянинг навбатдаги қурултойига делегатлар сайланди.
Кенгаш аъзолари таркибига конференциялар оралиғида киритилган ўзгаришлар ҳам тасдиқланди.
Конференцияда иштирокчилар кўрилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.
* * *
Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгашининг навбатдаги VI пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, “Фаол аёллар” ва “Истиқбол” ёшлар қанотлари раҳбарлари, бошланғич ташкилотлар раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пленум кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш, партиянинг навбатдаги қурултойига делегатлар сайлаш масалалари киритилди.
Тадбирда сайлов жараёнларида ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари имкониятлари ҳамда салоҳиятидан самарали фойдаланиш, кампания даврида аҳоли ўртасида сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар, очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ташкил қилиш, электорат вакилларида фаол фуқаролик позициясини, ўз сайлов ҳуқуқидан онгли равишда ва юксак масъулият билан фойдаланишга бўлган интилишни кучайтириш каби долзарб вазифалар ҳақида фикр билдирилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ҳамда делегатлар сайланди.
* * *
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгашининг конференциясида таъкидланганидек, сайловда халқимизнинг орзу-умидларини, тинч ва фаровон ҳаётини, мамлакатимизнинг дунё миқёсидаги обрў-эътиборини янада юксакларга кўтарадиган муносиб номзод билан иштирок этиш ЎзЛиДеПнинг асосий мақсадидир.
Конференция қатнашчилари сайловни юқори савияда ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишларни таҳлил этиб, галдаги вазифаларга эътибор қаратди. Жойлардаги сайловолди штабларининг тўлақонли фаолият юритишига эришиш, сайлов қонунчилиги юзасидан кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот тадбирлари олиб бориш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдаги қурултойига делегатлар сайланди.
* * *
Қарши шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят ташкилотининг VII конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Президент сайловининг Конституция ва миллий қонунчилигимиз, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ асосида ўтишини таъминлаш учун қизғин тайёргарлик кўрилаётгани, шундан келиб чиққан ҳолда аҳолининг сиёсий маданиятини юксалтириш, фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, партия сафини етук, ташаббускор, унинг ғоялари рўёбига ишонган ёшлар билан кенгайтириш партия вилоят кенгашининг доимий ва устувор йўналишларидан бирига айланиши зарурлиги таъкидланди.
Конференцияда партия Сиёсий кенгаши навбатдаги қурултойига вилоят партия ташкилотларидан 10 нафар делегат сайланди.
Ж.БОЙМУРОДОВ