Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жамшид ПИРМАТОВ

03.03.2017


ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА

Шу маънода айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган ва маъқулланган бир қатор қонун лойиҳалари мазкур жараёнларни янада жадаллаштириш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Хусусан, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган давлатимиз сиёсатининг изчиллигини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Маълумки, парламент назорати жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши даражасини аниқлаш, амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тамойил ва қоидаларни ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан ҳаётга татбиқ этилишини ўрганиш, қонун ҳужжатларини ижро этиш жараёнида вужудга келган муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига асосан 2011 ва 2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, бошқа қонун ҳужжатларига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг назорат ваколатларини кенгайтириш ва кучайтириш мақсадида Конституциянинг 78-моддаси парламент палаталарининг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини конституциявий мустаҳкамлашга қаратилган қоидалар билан тўлдирилди. Бу, ўз навбатида, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш учун конституциявий-ҳуқуқий замин яратди.

Таъкидлаш жоизки, Бош қомусимизнинг 78-моддаси 21-бандига киритилган парламент назоратини амалга ошириш ҳақидаги қоида ҳар икки палатанинг ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат қилиш ваколатларини конституциявий даражада мустаҳкамлагани билан аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, парламент халқнинг вакиллик органи бўлгани боис давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқлари устидан, айниқса, ўзи сайлайдиган, таъсис этадиган ва тайинлайдиган идоралар ва мансабдор шахслар фаолияти устидан муайян назоратни амалга ошириши зарур.

Бугунги кунда амалдаги қонунларга мувофиқ, парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳи парламент назоратини Қонунчилик палатаси мажлисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг тасарруфига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан мурожаат этиш, ҳукумат аъзоларини уларнинг фаолияти масалалари юзасидан эшитиш тўғрисида масала қўйиш, фракциянинг ва депутатлар гуруҳининг фаолияти учун зарур материаллар ва ҳужжатларни давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан талаб қилиб олиш орқали амалга ошириб келмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг мақсади эса парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва алоқадорлигини такомиллаштириш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент олдидаги масъулиятини кучайтириш учун қўшимча механизмларни яратишдан иборатдир. Зеро, мазкур қонунда парламент назоратининг барча шакллари аниқ-равшан белгилаб берилмоқда.

Қонун парламент назоратининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, қонунлар ва давлат дастурларининг ижросини таъминлашда парламент ролини ҳамда Олий Мажлис палаталари назорат фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган.

Бундан ташқари, меҳнат муносабатларининг иштирокчиси сифатида ҳар бир фуқарони янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун, табиийки, қизиқтиради.

Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни 1993 йил 6 майда қабул қилинган бўлиб, бозор иқтисодиётининг замонавий талаблари ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш жараёнлари мазкур қонуннинг янги таҳририга эҳтиёжни юзага келтирди.

Қонуннинг янги таҳририда жамоавий ҳимоя воситалари, зарарли ишлаб чиқариш омили, иш ўрни, ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса, касб касаллиги, меҳнат шароитлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, ноқулай ишлаб чиқариш омиллари, хавфли ишлаб чиқариш омили каби тушунчаларга атрофлича таъриф берилди.

Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилишда республика, тармоқ ва ҳудуд даражасида давлат органларининг вазифалари белгиланди ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш талабаларини бажаришда иш берувчи билан бирга ходимнинг ҳам масъулияти оширилди.

Маълумки, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш ва камайтириш ташкилот иқтисодий ҳолати ўсишига сабаб бўлади. Шу сабабдан ташкилотлар томонидан ихтиёрий равишда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими аудит қилиниши механизми жорий қилинмоқда.

Қонуннинг янги таҳририга меҳнат шароитлари бўйича иш ўринлари аттестацияси, Меҳнат шароитлари давлат экспертизаси талаблари ҳам киритилган бўлиб, бу билан меҳнат шароитлари бўйича иш ўринлари аттестациясини ўтказиш орқали ходимларга зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун кафолатлар ҳамда компенсациялар берилишининг тўғрилигини, ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини баҳолаш белгилаб қўйилган.

Умуман олганда, мазкур қонуннинг янги таҳрири ташкилотларда иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини ошириш, шу жумладан, ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳолатларини яшириш ёки ўз вақтида текширилишини ўтказмаслик, меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ижросини, назорат қилувчи давлат органининг кўрсатмаларини белгиланган муддатларда бажармаслик ҳолатларига чек қўйиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларнинг молиявий таъминотини кучайтиришга қаратилган  ҳуқуқий асосни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жамшид ПИРМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Report typo