Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 январь, якшанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

19.12.2024


ДЕНГИЗ САТҲИДАН 2 МИНГ МЕТРДАН ОРТИҚ БАЛАНДЛИКДА...

Қарор ва шарҳ

Воҳамиздаги энг олис, энг баланд ва энг ноёб қишлоқлардан бирида "Ғелон" туристик-рекреацион зонаси ва халқаро умуммавсумий курорт ташкил этилаётган экан, мазкур ҳудудда 2027 йилнинг январь ойидан бошлаб маҳаллий ва ҳалқаро маданий-кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари, йирик форум ва анжуманлар ўтказилиши кутилмоқда.

Истиқболли лойиҳа доирасида жами 300 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинади

Шу ўринда эслатиш жоизки, жорий йил 5 декабрь куни давлатимиз раҳбари "Ғелон" туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга имзо чекиб, республиканинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш, тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги ишга туширилмаган мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳисобига экологик туризм инфратузилма объектларини барпо этиш учун мустаҳкам замин яратди. Айни пайтда мазкур ҳужжатда юртимизда туризм хизматларини диверсификация қилиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш орқали тоғли ва чекка ҳудудлардаги аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаини кенгайтиришга ҳам урғу берилган.

Қарорда қайд этилганидек, ўтган йил 4-6 октябрь кунлари Россия Федерацияси Қозон шаҳрида бўлиб ўтган III ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида Россия томони билан Шаҳрисабз туманида "Ғелон" халқаро умуммавсумий курорт мажмуасини ташкил этиш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган. Уни рўёбга чиқариш учун инвестор томонидан дастлабки баҳолаш бўйича жами 300 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий сармоялар жалб этилиши назарда тутилган. Режага кўра, лойиҳа 2024-2030 йиллар давомида уч босқичда ҳаётга татбиқ этилади ва 2027 йил 1 январга қадар биринчи босқичда инвестор томонидан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади.

Маълумотларга қараганда, юртимизда туризм соҳасидаги энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланган мазкур ташаббусни амалга ошириш учун жорий йил апрель ойида вилоятимизда россиялик ишбилармонлар Денис Белов ва Владимир Марин томонидан "All season resort Gelon" хорижий корхонаси таъсис этилган. Мазкур корхонанинг саъй-ҳаракатлари билан лойиҳанинг дастлабки босқичида 5,9 километр узунликдаги гондолали (кабинали) дор йўли, 35 та вилла, 4 та тоғ-чанғи йўли, ташриф маркази, замонавий отель, кўп қаватли автотураргоҳ, ресторанлар, вертолёт майдончаси, болалар ўйингоҳлари ва    бошқа иншоотлар қурилиб, кейинги босқичларда яна иккита - 3,8 километр узунликдаги ўриндиқли ва 2,9 километр узунликдаги гондолали дор йўли, 75 та вилла, тағин 21 та тоғ-чанғи йўли, меҳмонхона ва  ресторанлар, спа-маркази, кузатув минораси, пиёдалар кўприги каби кўплаб туристик ва маданий-кўнгилочар объектлар фойдаланишга топширилади.

Туристик-рекреацион зона сал кам 3 минг гектарни эгаллайди 

Қарорнинг вилоятимиз иқтисодиёти ва, айниқса, туризм соҳаси ривожи учун яна бир аҳамиятли томони шундаки, бу ҳужжатга асосан Шаҳрисабз туманида умумий ер майдони 2,9 минг гектар бўлган "Ғелон" туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш ва унинг ҳудудида замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектларни ҳамда муҳандислик инфратузилмаларини барпо этиш тўғрисидаги таклифларга розилик берилди. Янги туристик зона 30 йилга ташкил қилиниб, кейинчалик фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш имконияти ҳам белгиланди. Махсус ҳудудни бошқариш учун вилоятимиз ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида "Ғелон" туристик-рекреацион зонаси дирекцияси тузиладиган бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан мутасадди ташкилотлар зиммасига "Ғелон" туристик-рекреацион зонаси ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш билан боғлиқ қатор вазифалар юкланар экан, хусусан, вилоятимиз ҳокимлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда туристик зона фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан ҳукумат қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш топширилди. Айни пайтда  "Ғелон" туристик-рекреацион зонасининг бош режаси ва батафсил режалари лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши учун 2025 йил 1 июнга қадар, дирекция томонидан туристик зонани ривожлантиришни назарда тутувчи мастер режа ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши учун 2025 йил 1 октябрга қадар муддат белгиланди.

Туристик объектлар қурилиши дирекция томонидан назорат қилиб борилади

Қарорга мувофиқ, "Ғелон" туристик-рекреацион зонасидаги туристик инфратузилмани яратиш имконияти бўлган ер участкалари кейинчалик самарали фойдаланиш ва (ёки) инвесторларга реализация қилиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан мазкур зонанинг дирекциясига ўтказилади. Ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар дирекция фаолиятини молиялаштириш ҳамда тоғ туризми лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш чора-тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилади.

"Ғелон" туристик-рекреацион зонаси ҳудудида ҳамда "Ғелон" халқаро умуммавсумий курорт мажмуасини ташкил этиш" лойиҳаси доирасида умуммавсумий туристик объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш, ушбу объектларнинг махсус ҳудуднинг бош режасига мувофиқлиги ҳам дирекция томонидан назорат қилинади.

Бундан ташқари, дирекция туристик зона ҳудудида умумий фойдаланишдаги йўллар ва ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича буюртмачи ҳисобланиб, йўл ва ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини ҳудуднинг чегараларигача етказиб бериш мажбуриятини олади. Шунингдек, дирекция лойиҳа компаниялари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ туристик зона ҳудудида зарур инфратузилма объектлари барпо этилишини таъминлайди.

Шаҳрисабз тумани Мираки МФЙда жойлаштириладиган дирекция фаолиятини ташкил қилиш, шу жумладан, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, асосий воситалар, анжомлар ва транспорт воситалари билан таъминлаш учун зарур маблағлар ажратиш учун вилоятимиз ҳокимлигига бир ой муддат берилган.

Ғелон МФЙга "яшил маҳалла" мақоми берилади

Юқорида қайд этилган қарорга асосан "Ғелон" туристик-рекреацион зонаси чегараларининг тавсифи ҳамда унинг ҳудудини тизимли ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар, туристик зона ва унга олиб борувчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Хусусан, янги туристик зона ҳудудини тизимли ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар, биринчи навбатда, кўнгилочар, спорт ва экстремал туризм билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш учун зарур шарт-шароитларга эга замонавий туристик инфратузилма объектлари ташкил этишни назарда тутади. Масалан, келгуси йилнинг баҳор ойларидаёқ ҳудудда қишки спорт турларини ривожлантириш мақсадида чанғи ва сноуборд мактабини ташкил этиш, қолаверса, шу спорт турлари бўйича олимпия захиралари мактабини барпо этиш ва ривожлантириш, "Ҳисорак" сув омборида туризм хизматларини ривожлантириш ҳамда туристик зона ҳудудида бож олинмайдиган  ("duty free") ва йирик халқаро брендларнинг савдо дўконларидан иборат бўлган  ("Luxury tourism village") йирик савдо мажмуаларини жойлаштиришни ўз ичига олган замонавий чакана савдо объектлари фаолиятини ташкил этишга қаратилган ҳукумат қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилиши зарур.

Шу билан бирга Ғелон МФЙга "яшил маҳалла" мақомини бериш режалаштирилган бўлиб, бунда экологик талабларга жавоб берадиган транспорт воситаларидан фойдаланишни йўлга қўйиш, кичик ГЭСларни барпо этиш, ҳудуд дизайн кодини ишлаб чиқиш, туризм хизматларини диверсификациялаш кўзда тутилмоқда.  

"Ғелон" туристик-рекреацион зонаси ва унга олиб борувчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида эса 2026 йилнинг охиригача 280,6 миллиард сўмлик ишларни бажариш мўлжал қилинган. Бу пулларнинг асосий қисми (165,3 миллиард сўм) Ҳисорак қишлоғидан Ғелон қишлоғига олиб борувчи 21 километр узунликдаги ҳамда Ҳисорак қишлоғидан Сарчашма қишлоғига олиб борувчи 12 километр узунликдаги ички хўжалик йўлларини учинчи тоифага мослаб қайта қуришга йўналтирилади. Республика бюджетидан ажратиладиган ушбу маблағларнинг қолган қисми "Ғелон" халқаро умуммавсумий курорт мажмуаси учун зарур қувватдаги подстанция ҳамда 32 километр узунликдаги 110 киловольтли электр тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда 8,5 километр узунликдаги сув тармоғи ва  1,5 минг куб метр қувватли оқова сув тозалаш иншоотини барпо этишга сарфланади. Шунингдек, қарорда Чироқчи-Шўрқудуқ автомобиль йўлининг 30 километрлик қисми ва Мираки-Ҳисорак автомобиль йўлини учинчи тоифадаги йўл даражасигача етказиш вазифаси қўйилган.

Сирасини айтганда, "Ғелон" туристик-рекреацион зонаси ва халқаро умуммавсумий курортнинг ташкил этилиши воҳамиз тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектлари, хусусан, "Шаҳрисабз" ва "Майданак баланд тоғ" туристик марказларини барпо этиш билан боғлиқ кенг қамровли чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлиб,  Қашқадарёда туризм соҳаси имкониятларини кенгайтириш баробарида воҳамиз иқтисодий ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, қолаверса, ноёб Ғелон қишлоғи ва унинг одамларини бутун дунёга янада кўпроқ танитиш учун янги истиқболлар очмоқда. 

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

 

Report typo