Сараланган сатрлар
Ҳар қандай одам бахтли, фаровон, тинч-осойишта яшашни истайди. Расмий ҳукумат, ўзи овоз берган депутатлар эса шу истаги рўёбида муҳим ўрин тутишига ишонади, ишонгиси келади. Аммо ҳокимият тепасида ёлғончи-каззоб, ваъдабоз, тутуруқсиз, фирибгар, фақат ўз манфаатларини ўйлайдиган кимсалар турган бўлса-чи?! Сайловларда қоп-қоп ваъдалар берилсаю, бирортаси амалга ошмаса? Ва энг ёмони, шу алдовларга қарамай одамлар яна ишонишда давом этаверса...
Хўш, нега? Нима сабабдан одамлар фирибгар, ёлғончи кимсаларга овоз беришда, қўллаб-қувватлашда давом этаверади? Сабаб шуки, ўша кимсалар халқнинг кўнглигидаги нозик торларни қандай чертишни билади. Мутлақо ҳаракат қилмас, бироқ одамларни қандай муаммолар қийнаётганини англайди ва шундан унумли фойдаланишга уринади. Халқ эса ҳар сафар лаққа тушиб қолаверади...
Гап турк адиби Ўрхон Камолнинг "Фирибгар" романи воқеа-ҳодисалари ҳақида бормоқда. Асарда ўтган аср ўрталарида Туркияда Мустафо Камол Отатурк давридан кейинги ижтимоий-сиёсий вазият қаламга олинади.
Қудрат Ёнартоғ ва ҳамтовоқлари газеталарда чоп этилган кўнгилсиз воқеалардан хабар топиб, гўё тафтишчи қиёфасида ўша ерга бостириб боришади. Бундай нохуш ҳодисанинг айбдорлари аниқланади ва... улардан пул ундирилади. Кейин эса маишатбозлик...
Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, кун келиб Ёнартоғ қўлга тушади. Бироқ қуллик, ҳокимиятдан қўрқув кайфиятига кўниккан одамлар бундан бошқача хулоса ясайдилар: "Бу одам ҳеч қандай фирибгар ҳам, маҳкум ҳам эмас, ҳукумат халқнинг кўнглини билиш учун атайлаб шундай йўл тутяпти. Ёнартоғ шунчаки тафтишчи эмас, балки тафтишчилар тафтишчисидир!"
Ҳатто қамоқхона бошлиғию нозирлар ҳам бунга ишониб, алоҳида имтиёзлар ҳозирлаб беришади - маҳбус озод одамдан кўра яхшироқ яшайди! Вақти келиб, оддий фирибгар сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатадиган етакчига айланади.
Асар қизиқарли сюжетларга, характерларга бой, тили енгил, равон ўқилади. Турк жамиятидаги эврилишлар ўзига хос услубда очиб берилади. Романни ўқиб чиқинг, халқ ва ҳокимият орасидаги муносабатларга оид кўп нарсаларни тушуниб оласиз...
* * *
Катталаримизнинг ишига ақл бовар қилмайди. Қарабсанки, бир тухумни ўн кишига ташитади, бошқа куни эса ўн кишини бир тухумнинг ичига тиқишга ҳаракат қилишади.
* * *
Ҳаа, буни давлат деб қўйибди, нималарга қодир эмас у? Ўз одамини "Жосус" номи остида минг хил тусга киритиб, душман мамлакатига юборади-ку, ахир! Турли қиёфага кириб, душман мамлакатида хуфиёна кезиб юрган бу одамлар игнанинг тешигидан ўтишмайдими, қулфли темир сандиқларни очиб, керакли ҳужжатларни ўғирлаб бериб юборишмайдими? Улар ёт юртларда душманларни ўрганиб, тегишли одамларга хабар юбораётган бир вақтда, у ҳам, тўғрироғи, унга ўхшаганлар ҳам каттакон Туркияда бошқачароқ топшириқларни бажариш учун минг тусга кирса не ажаб? Буни давлат деб қўйибди, давлат! Қўли узун, кўп узун!..
* * *
Мамлакатимиз ғаройиб. Янада тўғрироғи - мамлакатимизнинг одамлари... Ҳаммасининг бути айри, боши юмалоқ, эс-ҳуши жойидадай, лекин катта одамлардан сўзлаган бирини учратсалар борми, дарров бичиб-тўқишади: ё депутат ёки вазир! Миллатимизнинг, яъни бева-бечораларнинг дарров ишонадиган феъли-ҳуйи бор. Сайловда манфаатлари учун курашадиганларга эмас, алдоқчиларга овоз беришади, кейин бўлса, тўрт йил, роса тўрт йил норози бўлиб, тўнғиллаб юришади!
* * *
Эсли-ҳушли кишиларга нисбатан миллатимизнинг юрагида ғалати бир ҳадик бор. Бейафанди қўрқуви! Салтанатнинг уст тоифаларида ҳам шундай қўрқув борлигини кўришингиз мумкин. Бу қўрқув қўрққанларига нисбатан ҳам нафрат, ҳам балогардон тарзидаги сохта севгининг юзага келишига сабаб бўлади. Сайловчига ёки халойиққа нутқ ирод қиладиган қориндор кишини қўрқиб, лекин кину нафрат билан олқишлашади. Олқиш ишониш нишонаси бўлиши лозим, шундай эмасми? Йўқ. Чунки ҳозиргина олқишлаган кишисини кўп ўтмай қаҳвахона-пивохоналарда онасидан олиб сўкишади. Буни кўп кўрганмиз.
* * *
Инсон дегани ғалати. Калласида минглаб ўй-хаёллар ғужғон ўйнаркан, биров туртиб, нима ҳақда ўйлаётганини сўраса, нимани ўйлаётганини эслай олмайди...
* * *
Қарғага пишлоқни бер, кейин қайтиб олармикансан.
* * *
Вақт-соати етмай туриб на тухум ёрилади, на жўжа тухумдан чиқади. Бу дунё, бу фоний дунё Султон Сулаймонга ҳам қолгани йўқ.
* * *
Қудрат Ёнартоғ ҳали партияга кириб улгурмаган, лекин нима қипти? Ахир сайловчилар ундан шунақа гапларни кутиб туришибди-ку! Буни тушунади. Сўз бериш - ҳужжат бериш дегани эмас-ку. Бу денгиздаги барча балиқларни инъом этишнинг ўзгинаси. Денгиздаги барча балиқларни уларга ваъда қилиш билан ҳақиқатан бериш ўртасида Ер билан осмонча фарқ бор!
* * *
Юқорига тупурай деса, мўйлов бор, пастга тупурай деса, соқол.
* * *
Сохт-сумбати жойида, башанг, аммо бори шу, холос. Ғирт саводсиз, саводсизлигини тўнкалик ортига яширишга тиришадиган бир суллоҳ. Майлига эди, лекин юқоридагиларга мана шунақа муттаҳамлар керак бўлиб қолди-да.
* * *
Ҳозир миллатнинг ярми Демократ, ярми Халқчи. Бирининг оқ деганига наригиси қора дейди, қора деганга униси оқ дейди. Оқ нимаю қора нима? Буни ўйлайдиган одамнинг ўзи йўқ. Гиж-гижланган халойиқ ўзининг асл истагини эмас, тўдабошининг орзуларини айтиб, ҳайқиради. Халқ оч, халқ фақир, халқ оми! Юқоридагилар буни назар-писанд қилмади, янгилар бўлса ҳокимиятга келиш учун бундан фойдаланиб, оғиз кўпиртириб ётибди. Ҳокимиятга келишса, олдингиларнинг йўлидан кетишади. Халқ яна оч, яна қашшоқ, яна омилигича қолаверади!
* * *
Буям "менга нима"чилардан бири бўлса керак, деб ўйлади у. Ҳокимият тепасидагилар айни мана шу кабилар сабабли мамлакатни ўзлари истаганча бошқариб ётибди. Сўнгра рўпараларига бошқалари чиқади, тўқнашувлар, муштлашишлар, ғавғолар, шовқин-суронлар... Қарабсизки, сайловда ютиб чиқишади, аммо заррача фойдаси йўқ, яна олдингиларнинг йўлидан кетишади. Минбарларда нутқ ирод қилганларни кўзлари қонга тўлган дали-дарвешлардай олқишлаб, томоқ йиртганлар оқшом палласи уйларига қайтганларида хотинларидан иссиқ овқат, нон, ширинлик талаб қиладилар. Егулик тополмаганидан кейин хотинини сўкади, дўппослайди, аммо бу йўқчиликка ўша, ўзи олқишлаган ёлғончилар сабабчи эканини хаёлига ҳам келтиришмайди.
* * *
Шон-шараф, иззат-ҳурмат, ор-номус масалаларида шошқалоқлик кетмайди. Бунақа нарсаларнинг ортидан чопадиганларнинг, энг аввало, мол-мулки бўлиши керак, ҳар ҳолда.
Ор-номус, шон-шараф, иззат-ҳурмат деган нарсаларга бу замонда ҳеч ким на бир тишлам нон, на пишлоқ, на чой, на кийим беради.
* * *
"Ундай қиламиз", "Бундай қиламиз" қабилида бир-икки ваъз ўқишади, тамом-вассалом, ундан кейин " деҳқон амаки, чида!" ...Ёмғир ёғади, қор босади, бўронда томлар учади, эртадан-кечгача қора тер тўк, лекин тупроқ, ҳатто урвоқдай ҳам ҳосил бермайди, юқумли касалликлар хуруж қилади, жигарпора полапонларини ажал юлиб, олиб кетади, очликдан миллатнинг териси устихонига ёпишади, лекин депутатларининг кўзи кўр, қулоғи кар.
* * *
Қурбақа ҳўкизга ўхшайман, дея шиша-шиша ёрилиб кетармиш.
* * *
Мол эгаси, мулк эгаси, қани бунинг илк эгаси?
* * *
Ҳақиқат қуёшдир. Балчиқ билан юзини ёпиб бўлмайди!
* * *
Валлоҳи, мен уни-буни билмайман. Билганим шуки, бу мамлакатда на демократия бўлади, на пемократия. Бир қўли билан берганларини нариги қўли билан тортиб оладилар!
* * *
...томирида қон эмас, балғам оққан бепарволар тўдаси...
* * *
"Юқори"дан тушган энг жиддий амрларга бизда жиддий қаралади, лекин узоғи билан уч кун бажарилади, тўртинчи куни бўшашиб кетади.
* * *
Халқимизнинг тақдирини қўлига олмоқчи бўлганлар, энг аввало, уни севиши, ҳурмат қилмоқликлари лозим!
* * *
Миллат, балки том бир шуур билан эмас, аммо ҳокимиятни ўзгартириш билан битмас-туганмас иш, иш туфайли даромад, даромад туфайли дунё неъматларига етишмоқ истаётган эди. Ҳаммасининг уй-рўзғори, бола-чақаси бор. Неча йиллардан бери бойларнинг бойлигига қарашдан тўйган, энди ўзлари ҳам бойликка эришиш учун кўп нарсаларни ваъда қилган Янги партияга овоз беришдан бошқа чоралари қолмаганига ишонган эдилар.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.