Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекзод ЎКТАМ

01.08.2017


ДЕПУТАТ, МОТОРСИЗ ҚАЙИҚ ВА ИННОКЕНТИЙ

Чархи гардуннинг ишини кўрингки, тан олиш ҳар доим ҳам мардлик бўлавермас экан, азизлар. Бўлмаса денг, депутатлар, сиёсий партиялар вакиллари ҳар куни ойинаи жаҳон, газета-радио орқали чиқиш қилиб, ўзларининг шу вақтга қадар уйқуда экани, мудраб ишлашгани, энди кўзи очилиб, иш услубига янгича ёндашув зарурлиги ҳақида бот-бот такрорлашаяптики, негадир уларнинг бу иқрорлари ҳеч қалбга таскин бермаяпти, дилга юқмаяпти-да.

Ўйлаб қоласан киши: қизиқ-да, нега улар бирданига фаолиятига кўзгу тутиб қолишди? Дабдурустдан ўзларини айблай бошлашди? Сабаби кўпчиликка маълум: давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 12 июль куни сиёсий партиялар, депутатлар, Экологик ҳаракат вакиллари билан учрашиб, "Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак" мавзусида маъруза қилди. Маърузада Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Экологик ҳаракат, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бафуржа тўхталиб ўтилди. Албатта,  аксарият фикр-мулоҳазалар ҳақли     равишда танқидий руҳда бўлди.

Табиийки, барча-барчамиз йиғилишдан сўнг энди депутатлар, сиёсий партиялар вакиллари давлат раҳбари билдирган фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, халқ ишончини оқлашга киришишига ишондик. Буни депутатлару сиёсий куч вакиллари ҳам ҳис қилишдими, тадбирлар, оммавий ахборот воситалари орқали тинмай пешма-пеш "Энди ишлаймиз", "Ишламасак бўлмайди", "Кўп нарсадан бехабар юрган эканмиз" қабилидаги фикрларни айта бошлашди. Тўғри-да, ўзингга танқидий баҳо берсанг, бера олсанг, иш юришади, олдинга силжиш бўлади. Катта ишга бош қўшдингми, бир жойда депсиниб ўтириш ярамайди. Бироқ...

Халқ ўз вакилларидан катта умид билан улкан янгиликлар кутиб ўтирган бир чоғда депутатларимиз орадан икки-уч ҳафта ўтганига қарамасдан ҳали-ҳануз "Ишлаймиз!", "Ишламасак бўлмайди!" кўринишидаги хитоблар билан юргани бошда кўпчиликни ажаблантираётган бўлса, энди-энди энсани қотираяпти.

Тўғри, аниқ амалий ишга қўл ураётганлар ҳақида ҳам эшитаяпмиз, кўраяпмиз. Бироқ воқелик шуни кўрсатаяптики, кўпчилик депутат ва партия фаоллари ҳайбаракаллачиликка ўрганиб қолишган чоғи. Хўп, яхши, шу вақтгача ишламабсиз, шу дамгача мудраб келибсиз, энди ишланг, энди ўзингизни кўрсатинг, ким қўймаяпти? Нега ҳадеб бир гапни қайта-қайта такрорлаяпсиз: ишламадик, ишламадик деб? Бундан кимга наф? Бу тарздаги тан олишингиз кимга керак, депутатлар?! Ахир, халқ депутатга айбини тан олиши учун эмас, эртага оғиримни енгил қилади, бугунги фаровон ҳаётим бундан-да яхшиланади, деб овоз берган, ишонч билдирган-ку.

Кунлар эса ўтиб бораяпти. Давлатимиз раҳбари эътироз билдирган йўналишлар бўйича эса депутатларнинг, сиёсий партиялар вакилларининг жонланганини ҳис қилганимизча йўқ. Масалан, ўзим яшайдиган ҳудудни олайлик. Бир неча йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган муаммолар талайгина. Транспорт дейсизми, оқова сувми, маиший газ баллонларими, хуллас, аҳолининг яккаш ўзи ҳал қилишга қийналадиган бирорта соҳада ҳали депутатнинг ўрнини ҳис қилиш тугул, сезганимиз ҳам йўқ. Майли, муаммони ҳал қилиб бермасин, ҳечқурса, шунчаки келиб хабар олиб кетиш одамларнинг кўнглини қанчалик кўтаради? Партияларнинг туман кенгашлари-чи? Улар жойлашган манзилдан ҳам деярли ҳеч кимнинг хабари йўқ. Улар нима билан машғул, нима билан шуғулланаяпти, ойликни ниманинг ҳисобига олаяпти, билмайсан. Ҳатто баъзан мотор билан сузиш имкони турган бир пайтда айрим депутатлар эшкак қидириб юргани одамни ҳайрон қолдиради.

Масалан, Президентимиз Халқ демократик партияси вакиллари пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатларининг ҳимоячиси сифатида айтарли иш қилмаётганига тўхталганди. Хўш, ХДП вакиллари қанча пенсионернинг муаммоси билан қизиқди, у қандай натижа билан тугади? Неча нафар ногироннинг ҳолидан хабар олишди? Ногиронларнинг маъмурий биноларга кириб-чиқиши учун зарур шароит яратилмаган, пандуси бўлмаган нечта бино аниқланди? Улар бўйича қандай чора-тадбирлар белгиланди?

Ёки "Мурувват", "Саховат" ва "Меҳрибонлик" уйлари фаолиятини яхшилаш бўйича партиянинг вилоят вакиллари қандай аниқ чора-тадбирлар кўраяпти ва бу қандай самара бериши кутилмоқда?

"Миллий тикланиш" демократик партиясининг вилоятдаги вакиллари Президент танқидидан сўнг, дейлик, Абул Муин ан-Насафий зиёратгоҳига боришдими? Мазкур зиёратгоҳдан келиб чиқиб, вилоятнинг туристик салоҳиятини яхшилаш бўйича истиқболда нималар кўзда тутилаяпти? Боришганмикан ўзи?

Дейлик, бирорта шифохона ёки таълим даргоҳида "Адолат" социал-демократик партияси вакилларини кўрганлар борми? Дори-дармон сотувида қандайдир адолатсизлик кузатилаётган бўлса, нажот истаб "Адолатчи"ларга мурожаат қилганлар-чи? Натижа нима билан тугади?

Муаммолар гирдобидан чиқа олмай боши қотган ёш тадбиркорларнинг қанчаси билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари учрашди? Қанча ёш партиянинг аниқ ёрдамини ҳис қилди?

Хуллас, саволлар, айни пайтда умидлар кўп. Депутатлар, сиёсий партиялар вакиллари эса ўз айбларини, шу вақтгача бўлган ҳаракатсизлигини тан олиш билан банд: "Ишламаганмиз! Энди    бошқача ишлаймиз!.."

Давлат раҳбари шунча камчиликни айтиб, таклиф-тавсияларни ҳам билдирган чоғда самарали фаолиятга киришиш ўрнига "Биз негадир замондан, ислоҳотлардан, ўзгаришлардан ортда юрганимизни англаб етаяпмиз", "Биров айтмагунча ташаббус ўзимиздан чиқмаслиги бор гап", деган сохта иқрорлар кўнгилга ўтиришмаслиги тайин-да.

Боз устига уларнинг шу вақтгача кўп нарсадан бехабар эдик, дейишганига ҳайрон қоласан одам. Йўқ, депутатлар, партия вакиллари, билардингиз, жуда яхши билардингиз аҳолини нима қийнаб келаётганини. Ҳозир ҳам жуда яхши билиб, кўриб турибсиз. Бироқ уларни ҳал этиш учун сизларга худди аввалгидек нимадир етишмаяпти: ташаббусми, масъулиятми, жасоратми, фидойиликми?

Гапнинг индаллоси, халққа бу тарздаги иқрорлар, айбни тан олишлар эмас, аниқ амалий ишлар керак! Тўғри, масъулиятни ҳис қилмаётган, асл вазифасини унутиб қўйган, ўзи ҳам кутмаган бир дамда депутат бўлиб қолганлар учун тарғибот, даъват керак, лекин бу тарзда эмас-да. Қани шу даъват аниқ амалий иш билан бўлса. Бундан аввало халқ наф кўради, бошқа депутатлар ҳам керакли хулоса чиқаради.

Энди сўзимизнинг аввалига қайтсак. Депутатлар, сиёсий куч вакиллари хатолардан хулоса чиқариб, янги куч-ғайрат билан ишлаш ўрнига бор ғайратини ОАВ, йиғилишлар орқали ўз фаолиятини танқид қилишга сарфлаётганини кўрганинг сайин, ўша,  мультфильмдаги Иннокентий ёдга  келаверади.

Бир эсланг-а, мультфильм сўнгида нима дейди у:

"Мен расвоман. Мен жирканчман. Мен... ҳалиги... мен... мен... ярамас махлуқман..."

Ваҳоланки, ўша дамда ҳеч ким унинг бу иқрорига, тан олишига зор эмасди, ҳамма ўз ишини қилиб юрганди. Тўтининг не мақсадда келганию нега ўзига бунча бешафқатлик қилгани ҳам    номаълумлигича қолаверади.

Тўғри, бу ўхшатиш қўпол туюлиши мумкин, лекин ўша мультфильмни бир кўринг-да, кейин партия фаоллари ва айрим депутатларнинг бугунги жараёнларга муносабатини, фаолиятсизлигини кўринг. Ўхшашлик бордай, кўп нарса жуда мос тушади.

Масалан, халқ билдирган ишончни оқлаш хаёлига келмайдиган айрим депутатлар шу вақтгача "Қандай гўзал бу олам, бир қара" деб юрмаганми? Депутат бўлиб олгач, сиёсий партиялардан буткул узилиб, ўзини осмонда ҳис қиладиган депутатлар гўёки "О ёз, о ёз, сен бўлсанг бўлар жуда соз" дея "хиргойи" қилиб юргани ёлғонми?

Ёки "Музейга борувдим, бутун   дунёни томоша қилгандек бўлдим" дейдиган оддий тракторчи Василийга ўхшаган кўнгли тоза одамлар дардини дастурхон қилмай, муаммо айтмай, шунчаки гаплашишдан фахр туйсаю, Иннокентий "дунёга довруғ таратаман, ҳали мени бутун дунё танийди" деб унинг тракторини ҳайдаб, дарёга чўктириб юборса. Бу ҳалол, хокисор одамларнинг муаммоси турган жойда донг таратиш, танилишни ўйлайдиган депутатларни эсга солмайдими?

Боз устига "Қанийди менам сенга ўхшаб оддий халқ орасида, азамат йигитлар орасида жавлон уриб меҳнат қилсам" дея устидан кулгандай "мулозамат" қилиб турса. Чунки бир депутатнинг оддий меҳнаткаш, дала  хизматчисидан кўнгил сўрашига ҳеч дуч келганмизми?

Ёки бир деҳқон ҳузурига бориб қолган тақдирда ҳам берадиган саволи "Айтинг-чи, кузги шудгорни хирмон қилганингиздан кейин ҳар бир товуқдан инкубаторларга неча тоннадан пичан бермоқчисиз?"дан нарига ўтармикан? Ёки айрим масъулиятсиз партия фаоллари ва улардан сайланган вакилларнинг хизмат сафари натижалари "Балиқлар мана бундоқ! Қаймоқлар мана бундоқ"дан бошқача бўлармикан!?

Шундай бўлгандан кейин табиийки ўзини айблаб, шаънига ҳақоратомуз сўзлар айтади-да. Депутатларимиз ҳам, балки шу боис ўзларини айблашдан нарига ўтишолмаётгандир?

Депутат халқ ишонч билдириб, сайлаган вакил экан, энди ана шу ишончни оқлаш керак. Масъулият, фидойилик, ташаббус кўрсатиб, оқлаш керак. Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деганларидек, қуруқ гаплардан ҳеч кимга фойда йўқ. Бенаф иқрордан ҳам.

Бекзод ЎКТАМ

Report typo