Илгари хабар берилганидек, вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ Қашқадарёда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайлов ўтказиш бўйича жами 1038 та сайлов участкаси тузилган.
Сайлов участкаларидан 64 таси (864-926 ва 1035-участкалар) Шаҳрисабз тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, жорий йил 5 сентябрь куни халқ депутатлари туман Кенгаши 864-926 ва1035-участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар рўйхатини маъқуллаб, Қашқадарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 23-моддасига кўра, участка сайлов комиссияси тегишли ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш-ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.
Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар рўйхатини муҳокама қилиш ва Қашқадарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этиш масаласи халқ депутатлари барча шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан кўриб чиқилмоқда.