Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

26.10.2017


ДЕПУТАТЛАР ЎЗ ВАКОЛАТИДАН ҚАЙ ДАРАЖАДА ФОЙДАЛАНАЯПТИ?

Дарҳақиқат, бугунги депутатдан халқ кўнглига йўл топиб, муаммоларини ҳал қилиш орқали уларни эзгуликка, бунёдкорликка даъват қилиш талаб қилинади ва шундагина одамлар берган овозига рози бўлади.

Шунга мувофиқ “Адолат” СДП сиёсий кенгаши ташаббуси билан ҳар ҳафта депутат ва фаолларнинг аҳоли билан уюштираётган юзма-юз мулоқотлари халқ билан мустаҳкам алоқа ўрнатишда муҳим омил бўлмоқда. Ана шундай мулоқотлар давомида партиянинг биргина Шаҳрисабз туманидаги бўғинига 80 дан зиёд ёзма ва оғзаки мурожаатлар келиб тушди.

Хусусан, Қиёмшайх қишлоғи аҳолиси ҳудудда тоза ичимлик суви муаммоси мавжудлигидан шикоят қилди. Шунга асосан туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборилди ва тезда ҳудуд аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. Оқсарой маҳалласида яшовчи Р.Қодировнинг мурожаати асосида эса серқатнов йўл ёқасидаги пиёдалар йўлакчаси таъмирланди.

Зиёкор маҳалласилик М.Зикриллаева, Ф.Аминжонов, Ф.Солиҳованинг ишга жойлашишда ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати депутатлик сўрови асосида ҳал қилинди, яъни мазкур фуқаролар туман ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш департаментига ишга жойлаштирилди.

Хабарлик маҳалласи ички йўлларини таъмирлаш юзасидан бўлган шикоят партия туман кенгаши сессиясида кўриб чиқилди ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2018 йил дастлабки чорагидаги дастурига киритилди.

Шунингдек, депутатларнинг фаол иштироки билан Шўржи қишлоғилик Н.Ҳалимова, Н.Ҳазратқулова тикувчилик цехи, У.Кўчкинов автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, Ж.Мусурмонов эса савдо дўкони очишга эришди. Вақтинча ишсиз юрган 4 нафар ёш ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди. Маҳаллаларда уюшмаган ёшларнинг вақтини унумли ўтказиш мақсадида 16 та тўгарак ташкил этилди.

Умуман олганда, халқ билан бевосита мулоқот кўплаб муаммолар, камчиликларни рўй-рост кўриш имконини бермоқда. Депутат эса бу муаммоларни ҳал этишда ташаббус кўрсатиши керак. Чунки унга шундай ваколат берилган. Бундан унумли фойдаланиш эса ҳар бир сиёсий партия вакилининг масъулиятни қай даражада ҳис этишини ҳам кўрсатади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo