Ўтириб олиб деразадан ташқарига қараган киши иморатларнинг томлари, дарахтларнинг шохлари, осмоннинг бир чети, ерга қозиқдай қоқилган симёғоч устунлари, уларга осилиб олган электр симлари, баъзида қанот қоқиб учиб ўтган қушларни кўриши мумкин. Ойнайи жаҳонни ҳисобга олмаганда, бутун бошли дунёдан атиги шуларгина кўзга ташланади, холос.
Деразадан ташқарида эса биз шу пайтгача чопиб-чопиб ишга, бозорга, қавми-қариндошникига борган кўчалар мунғайиб қолган. Машиналар бир зум бўлсин тиним билмай қатнаган асфальт йўллар санжоблашган. Одамлар бир-бири билан масофа сақлаган, фарзанди ё набирасидан телефонда ҳол-аҳвол сўраган, ака-укасини соғинса-да боришга истиҳола қилган, масофадан ишлаётган ходимлар ишдаги ҳамкасбларига куч-қувват, соғлик тилаган, уларни қўмсаган, соғинган.
Гарчи буларнинг ҳаммаси вақтинчалик тадбир бўлса-да, бундай кунларнинг ҳар дақиқаси сабоқ, синов. Ҳар бир киши учун, ҳар бир халқ учун синов. Эҳтимол, бу хатоларимизни тўғрилаб олиш учун имкондир ҳам. Кимдир бу синовни қабул қилаяпти, тартибларга амал қилаяпти. Энг бехавотир жой ҳар кимнинг уйи эканини ҳис этаяпти. Аксинча йўл тутаётганлар ҳам бор.
Ана шундай синовли кунларда уйидаги энг тансиқ нарсаларини меҳмонига илинган сахий халқимизнинг асл фарзандлари юзага чиқаяпти, ҳомий деган ном остида ҳиммат кўрсатишаяпти. Синовли кунларда эл бир-бирини суяяпти. Тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролар озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ниқоблар, антисептик воситалар тарқатишаяпти. Ибрат бўлишаяпти.
Ҳар на бўлганда ҳам коронавирус деганлари биз унгача яшаган кунларимизнинг қадрини кўрсатиб берди. Ҳаётимиз нақадар гўзал, осойишта, нақадар эркин, тинч бўлганини кўрсатиб берди. Яшаётган ҳар бир кунимиз учун шукур деган сўзни айтишга тилимиз айланмагани учун хижолатга солди. Оламга деразадан қарашнинг қанчалар азоблигини кўрсатиб қўйди.
Тиббиёт ходимларини айтмайсизми? Биз улар ҳақида нималар демадик? Ҳатто қўл кўтаришгача бордик. Аслида гуруч ичидаги курмак қайси бир соҳада йўқ. Аммо энг оғир дамда улар қаҳрамонлик кўрсатишаяпти. Президентимиз уларни мисоли жанг майдонида ишлашяпти, деб айтдилар. Қўлларимиз дуода, Аллоҳдан паноҳ сўраб, аввало Худо деб ҳамма улардан нажот кутаяпти, умид қилаяпти.
Ривоят қилишларича, Ҳазрат Сулаймоннинг узукларида: "Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи", деган сўзлар ўйиб ёзилган экан. Энг қайғули дамларида шу ҳикмат у кишига таскин берган.
Инсон ҳам дунёга деразадан қараб қолмайди, бу кунлар албатта ўтади. Ўшанда фақат тани сиҳатлик ва хотиржамлик, бехавотир яшаш, бир-биримиз билан эркин мулоқот қилиш, истаган жойга бамайлихотир бориш нақадар катта бахт эканини ҳис эта олсак бўлгани.
Бугун эса уйда энг яхши ҳамроҳ - китоб. Уйда қолинг ва китоб ўқинг.
***
Сиз мисли фаришта, сиз мисли малак
Сизни ўхшашингиз, қиёсингиз йўқ,
Акам, синглим дейми, дўстим, яқиним.
Эрта-кеч тинмайин зир-зир югурган,
Ибн Сином менинг, Луқмони Ҳаким.
Оғзингизга солган луқмани ютмай,
Бемор қайда бўлса, сиз шунда ҳозир.
Ҳар хаста танага малҳам улашган,
Ҳожатбарормисиз ва ёки Хизир.
Оғриқ қайда бўлса жон ҳам шундадир,
Жон қийналган жойда жонингиз ҳалак.
Дарддан фориғ бўлган ҳар бир бандага
Сиз мисли фаришта, сиз мисли малак.
Сиз борсиз умидвор кўзлар чароғон,
Дарддан зада бўлган оёқлар тикка.
Сизнинг ёнингизда казо-казолар,
Дунёси кўринмай бошини эгкан.
Ҳар бемор ортида тоғсиз, таянчсиз,
Сизсиз бу олам - чўл, ҳувиллайди.
Ёстиқдан бошини кўтарган борки,
Қалбида орзую умид гуллайди.
Сизни ўхшашингиз, қиёсингиз йўқ,
Акам, синглим дейми, дўстим, яқиним.
Эрта-кеч тинмайин зир-зир югурган,
Ибн Сином менинг, Луқмони Ҳаким.
Лола ЎРОҚОВА