Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЭЛЧИЕВ

03.05.2018


“ДЕВОНАЛАР” НЕГА БАҚИРИБ ЙИҒЛАЁТГАНДИ?

Маълумки, ислом VII асрда Арабистон яриморолида вужудга келган бўлса-да, кейинчалик бу дин диёримизда ҳам кенг тарқалиб, янада ривож топди. Бунга юртимиздан етишиб чиққан кўплаб уламолар ҳам катта ҳисса қўшишди. Айниқса, X-XI асрларда ислом дини илми саналган тасаввуфни ўрганиш, унга амал қилиш эътибор марказидаги масалага айланди. Авом халқнинг тасаввуф ҳақида етарли тасаввурга эга бўлишида Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний каби тариқатчиларнинг хизматлари катта. Улар одамларни нафсни поклаш, гуноҳ амаллардан сақланишга чақириб, бунинг йўлларини ўзларининг хатти-ҳаракати, билими орқали баён қилишган. Шу аснода яссавия, нақшбандийя каби тариқатларга асос солишган.

Сохта тариқатчиларнинг қилмишига баҳо беришдан олдин ўзи тариқат нима эканини тушунмоқ лозим. Дин уламолари содда қилиб тариқатни ҳақиқатга элтувчи тўғри йўл деб таърифлайди. Тасаввуф намояндаларининг вазифаси эса ана шу тўғри йўлни одамларга кўрсатишдан иборат бўлган. Улар бунда кўр-кўрона ақидаларга эмас, балки оят ва ҳадисларга, диний аҳкомларга таяниб иш тутишган. Шу сабабли бу аждодларимиз ислом дунёсида буюк мутафаккир сифатида тан олинган. Улар қолдирган илмий мерос ҳозир ҳам кенг миқёсда ўрганилади, татбиқ этилади.

Сохта тариқатчилар фаолиятида эса бунинг бутунлай аксини кўриш мумкин. Улар тўлиқ диний билимга эга бўлмагани ҳолда мамлакатимизда дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳам нотўғри талқин қилишмоқда. Вилоятимизда ҳам Яссавий ҳамда Нақшбанд каби етук тасаввуф олимларининг издоши эканига иддао қилувчи 400 дан ортиқ сохта тариқатчи аниқланган. Улар бажараётган амаллар на яссавия, на нақшбандийя тариқати талабларига мос келади. Қуйидаги ҳолат билан танишиб ҳам бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Жорий йилнинг 27 апрель куни Қарши шаҳри Махсумобод маҳалласида яшовчи Азим Эшқуловнинг қўни-қўшнилари унинг ҳовлисидан эшитилаётган ғалати овозлардан ваҳимага тушишади. Баланд товушдаги бақир-чақир бир муддат сира тинмайди. Бундан хавотирланган кишилар ушбу ҳудудга масъул ИИБ участка нозирини ҳодисадан огоҳ этишни лозим деб топади.

Воқеа жойига етиб келган ички ишлар ходими хонадонни кўздан кечириш давомида бу ерда Қарши шаҳри, Чироқчи, Касби, Қарши, Нишон,  Деҳқонобод ва Косон туманларидан келган 35 нафар фуқаро жам бўлганини, улар сохта тариқат гуруҳи аъзолари эканини, баланд овозда йиғлаб, қўшиқ куйлаётганини аниқлайди. Маълумки, динимиз ҳатто энг яқин кишиси вафот этган тақдирда ҳам одамларнинг уввос солиб йиғлашини маъқулламайди, бу иш номақбул амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, ўзингиз ўйланг, шу биргина қоидани билмайдиган, динда тақиқланган ишни бажараётган бу тариқатчилардан яна нима кутиш мумкин?

Олиб борилган дастлабки суриштирув натижасида шу нарса маълум бўлдики, сохта тариқатчиларга Чироқчи туманида яшовчи, 1956 йилда туғилган Абдулхамид Ахмедов исмли шахс норасмий равишда етакчилик қилган. Аъзолар ўзларини “Девоналар” гуруҳи дея атаган. Улар хонадонларда тўпланиб, шу каби йиғилишларни қонунга зид равишда ўтказиб келган. Ҳозирги пайтда мазкур ҳолат тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб, қонунбузарларни жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Сўнгсўз ўрнида айтганда, тариқатга эргашиш, яъни тўғри йўлни танлаш учун фақат динимиз буюрган амалларни бажариш, рухсат этилган адабиётлар асосида диний савод чиқариш фақат фойдага хизмат қилади. Зеро, юртимизда бунинг учун барча шароитлар яратилган.

М.ЭЛЧИЕВ

Report typo