Статистика маълумотларига кўра, жаҳонда диарея билан кечадиган касалликлардан ҳар йили 5 миллион нафар бола вафот этади. Бу касаллик гўдак янги туғилган даврда ва 3 ёшгача бўлган пайтда айниқса хавфли.
Диарея касаллигининг асосий сабаблари, турлари, аломатлари ва даволаш усуллари ҳақида вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг болаларда ўткир ичак касалликлари бўлими бошлиғи Суҳроб ҚАРШИЕВ қуйидагиларни сўзлаб берди:
- Ичбуруғ (диарея) халқ орасида ич оғриғи, ич кетиши номлари билан аталадиган хасталик бўлиб, ичак йўлларининг функционал бузилишини келтириб чиқаради. Бу касалликка камқонлик, рахит, йод танқислиги аломатлари бор болаларда мойиллик кўпроқ бўлади. Кўп ҳолларда ичбуруғ овқатдан заҳарланиш, шунингдек, хатарли паталогиялар, мисол учун, сурункали гепатит, панкреатит ва бошқа инфекцион яллиғланиш касалликларининг аломати бўлиши мумкин.
Ичакларнинг нормал фаолияти бузилганда овқат ҳазм қилиш жараёни тезлашади. Тўлиқ парчаланмаган овқат қолдиқлари ичакларга тушади, ачиш жараёни вужудга келади ҳамда суюқ ахлат чиқиши тезлашади.
Енгил шаклдаги ичбуруғ аслида кўп хатарли эмас ва дори-дармон қўлланганда тезда муаммо ҳал бўлади. Организмнинг муҳим ҳаётий аҳамиятга эга микроэлементлар ва ич кетишининг доимий ҳамроҳи - сувсизланиш саломатликка жиддий хавф солади. Шунинг учун уй шароитида ич кетиш маҳали нималар қилиш кераклиги, дори қутисида қандай дори воситалари бўлиши ва келажакда мазкур ҳолатнинг олдини олиш учун қўлланажак тадбирлардан хабардор бўлиш лозим.
Баъзан вирус юқтирган киши 3-4 кун ҳолсиз, иштаҳасиз юради, бу пайтда касалликнинг яширин даври кечади. Кўп ҳолларда эса касаллик кескин бошланади. Яъни тана ҳарорати тўсатдан 38-39 даражагача кўтарилади ва 1-2 кун давомида тушмайди. Дастлаб бу белгиларга оддий тумов ва томоқ оғриғи деб қаралади. Баъзи шифокорлар бу ҳолни нафас йўллари касаллиги, бунга иситма ҳам қўшилса, грипп деб хато ташхис қўйишади. Ушбу вирус ошқозон-ичак йўлида тарқалиб, аста-секин овқат ҳазм қилиш ферментларини ишдан чиқаради. Кўнгил айниши, ич кетиши ва қайт қилиш бошлангач, боланинг аҳволи оғирлашади. Беморда кун давомида 15 марта ва ундан ортиқ ич кетиши рўй берганда, бир суткада 1 литрдан кўпроқ суюқлик йўқотиши мумкин. Бу ҳол давом этаверса, танадаги сувсизланиш ҳам ортиб бораверади ва бу бемор ҳаётини хавф остида қолдиради.
Ичбуруғ ўткир ва сурункали бўлади. Биринчи ҳолатда ич бузилиши бир марта рўй бериб, бир неча кун ёки икки ҳафтагача давом этиши мумкин. Вируслар, бактериялар, овқатдан заҳарланиш ёки аллергия унга сабаб бўлади. Тегишли парҳез ва ич кетишга қарши воситалар ёрдам беради.
Сурункали ич бузилиши эса узоқ ҳамда озроқ муддатли қайталанишлар давом этиши билан характерланади. Ичбуруғ бир ой, баъзан ўтказиб юборилганда эса йиллаб давом этади. Одатда бунга ошқозон-ичак йўлларининг жиддий хасталиклари сабаб бўлиб, уни мутахассисларгина аниқлаши ва тегишли муолажалар тавсия қилиши мумкин.
Ичбуруғни даволашда ўта эҳтиёткорлик талаб этилади. Агар касаллик даврида беморнинг кўнгли айниётган бўлса, буни организмнинг токсинлардан табиий равишда халос бўлишга интилиши, дейиш мумкин. Ич кетиш ва қайт қилиш маҳали организм сувсизланиб қолишининг олдини олиш лозим. Бундай пайтда табиий сабзавот шарбатлари, газланмаган, тиндирилган сув ичирилади. Тана ҳарорати юқори бўлганда эса иситмани туширувчи дорилар тавсия қилинади.
Агар фарзандингизнинг териси қуруқлашганини сезсангиз, у бош оғриғи, айланишидан шикоят қилса, оғзи қуруқлашса, кучли чанқаса, бу организмининг сувсизлашгани аломатлари. Йўқотилган суюқлик ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилинг, яъни беморга имкон қадар кўпроқ суюқлик ичириш лозим. Оғир бўлмаган ҳолларда газсиз сув бериш мумкин. Энг муҳими, болани 6 ойлик бўлгунга қадар фақат она сути билан парвариш қилиш керак. Унда бола учун зарур озиқ моддалар ва ҳимоя омиллари мавжуд бўлиб, боланинг бақувват ўсишига ёрдам беради. Она сути гўдак учун инфекциялардан ҳимоялаб, диареянинг олдини олишда ажойиб восита.
Аксинча, кўкрак сути билан озиқланмайдиган болаларда ротавирус инфекциясини юқтириш хавфи анча юқори бўлади.
Бир сўз билан айтганда, диарея хавфини назар-писанд қилмасликнинг оқибати яхши эмас. Шундай экан, диарея ва бошқа шу каби юқумли касалликлардан ҳимояланишнинг энг муҳим ва осон йўли тозаликка риоя қилиш, ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик эканлигини ёдимиздан чиқармайлик.
Ш.БОЗОРОВА ёзиб олди.