Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • Дилфуза АТАМУРОДОВА: “ЁШЛАРГА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ БЕРИШ ЎҚИТУВЧИДАН ЧУҚУР БИЛИМ ВА КАТТА МАСЪУЛИЯТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ”

Азизбек НОРОВ.

07.03.2017


Дилфуза АТАМУРОДОВА: “ЁШЛАРГА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ БЕРИШ ЎҚИТУВЧИДАН ЧУҚУР БИЛИМ ВА КАТТА МАСЪУЛИЯТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ”

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги “Нуристон” академик лицейи хорижий тиллар кафедрасининг немис тили ўқитувчиси Дилфуза Атамуродова ана шундай масъулиятни теран англаган ўқитувчилар сирасига киради. Ўтган йили у ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари чет тили фани ўқитувчилари ўртасида “Республикадаги энг яхши чет тили ўқитувчиси” танловида қатнашиб, 1-ўринни эгаллагани фикримизни далиллайди.

- Танлов икки босқичда ўтказилганди, - хотирлайди у. – Биринчи босқич Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Унда муваффақиятли қатнашиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олдим. Мазкур босқичда мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятидан бир нафар хорижий тил ўқитувчиси иштирок этди. Берилган топшириқларни бажариб бўлгач, ғолиблар сафида бўлишимни кўнглим сезганди. Тўғри, бу эътироф киши қалбида ажиб ҳисларни уйғотади. Бироқ тил ўқитувчисига ҳақиқий баҳо у ўқитган ўқувчиларнинг билим савиясида кўринади. Шу маънода, шогирдларимнинг хорижий тилларни билиш даражасини янада ошириш, уларни халқаро танловларга олиб чиқиш асосида малакали немис тили мутахассислари тайёрлашни мақсад қилганман.

Бугунги кунда нафақат ўқувчию талабалар, балки турли касб эгаларининг ҳам чет тилларини ўрганишга қизиқиши юқори. Чунки чет тилини билиш давр талабига айланди. Шунингдек, ота-оналар болаларининг ёшлигидан бирор-бир хорижий тилни ўрганишига жиддий эътибор қаратмоқда.

- Энг муҳими шу - бола ёшлигидан, оиласидан чет тилини ўрганишга қизиқсин, - дейди Дилфуза Атамуродова. - Улар болаларига хорижий тиллардаги эртак китобларни олиб берсин, негаки, болага ёшлик пайтиданоқ тўғри йўналиш бериш муҳим аҳамиятга эга.

 Маълумки, авваллари дарсларда чет тили грамматикасини ўргатишга ёки матнларни таржима қилишга кўпроқ аҳамият бериларди. Бугун барчаси бошқача. Мамлакатимизда умумевропа таълим стандартлари асосида чет тилларини ўқитиш тизими амалда. Бунда ўқувчининг чет тилида ўқиши, ёзиши, гапириш ва эшитишига эътибор қаратилаяпти.

- Ўқитувчилик фаолиятимда замонавий компьютер технологияларидан кенг фойдаланишга, хусусан, дарс жараёнида муайян мавзуни проектор ёрдамида тақдимотлар асосида ўтишга, ўқувчиларга аудиодиалоглар эшиттириш каби ҳам замонавий, ҳам  самарали методларга кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қиламан, - дейди Дилфуза Атамуродова. - Айниқса, бунда 2013 йилнинг июль-август ойларида Германияда ўқувчиларни чет тилларига ўқитишнинг кўплаб методлари билан танишиб, малака ошириб қайтганим жуда асқатди.

Дилфуза Атамуродова ишлайдиган лицей 2013 йилдан бери Тошкентдаги Гёте институти билан ҳамкорликни йўлга қўйган. PASCH – “Мактаблар: келажак ҳамкорлари” дастури доирасида ушбу таълим муассасасида кўплаб семинарлар, маҳорат дарслари ва танловлар ташкил этилади, малакали ва тажрибали нотиқлар, ўқитувчилар маъруза қилишади. Ўқувчилар эса улардан зарур билим ҳамда маълумотларни олишади.

- Шу билан бирга, Гёте институти ўқитувчилари ўқувчиларимизнинг немис тилини билиш даражасини белгилайдиган бепул имтиҳон олишади, - дейди муаллима. - Имтиҳондан ўтган ўқувчига А1, А2, В1, В2, С1, С2 сертификатлари топширилади. Таъкидлаш жоиз, бу сертификатлар бутун Европада тан олинади.

Хулоса ўрнида айтиш жоиз, бирор-бир чет тилини ўрганиш киши руҳиятига ўзгача таъсир қилади. Унинг дунёқарашини кенгайтиради. Илм ўрганиш имкониятларини оширади. Бизга эса ана шундай мутахассислар керак.

Азизбек НОРОВ.

Report typo