Бу йил вилоят марказининг 6 манзилида сайиллар ўтказилмоқда. Дошқозонларда ош дамланиб, Наврўз дастурхонининг шоҳ таоми – сумалак ҳозирланди. Сайилгоҳларда ташкил этилган миллий ўйинлар, фольклор санъатининг ноёб намуналари, кексаю ёш қалбидан чуқур жой олган қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғулар тараннум этилган куй-қўшиқлар, ўлан, лапар ва достонлар ижроси шодиёнанинг янада жозибали ўтишига хизмат қилмоқда. Ўз навбатида кишиларнинг исталган вақтда Наврўз сайлига чиқиб, байрам тадбирларини томоша қилиши, маданий ҳордиқ чиқаришига шароит ҳозирланган.
“Қашқадарё соҳили” хиёбони ҳам Наврўз муносабати билан буткул ўзгача қиёфа касб этган. Дарёнинг икки соҳили бўйлаб тикилган ўтовлар олдида воҳа тарихи, миллий қадриятлари, анъана ва маросимлари ўз аксини топган. Бир томонда бахшилар сулув қизлар ёноғидаги холидан, алп йигитларнинг ўзбекона ғуруридан, оридан айтиб дўмбира чертаётган бўлса, нариги тарафдан қулоққа чалинган чанқовуз нолалари қалбларга сеҳрли сурур олиб киради. Дорбозлар арқон узра югуриб, томошабинларни ҳайратга солади, полвон йигитлар ўз куч ва маҳоратини кўз-кўз этади.
- Сайилдан айниқса фарзандларим яйрашди, - дейди Қарши шаҳрилик Муқаддам Жўрақулова. – Томошалардан жуда катта таассурот олдик. Вилоятимиздаги турли маҳаллалар, миллат вакиллари ҳозирлаган қадимий деҳқончилик асбоб-ускуналари, буюмлари, гилам, сўзана каби миллий матоларимиз ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Президентимиз ташаббусига кўра байрам муносабати билан 5 кун дам олиш куни деб эълон қилингани ҳам аҳолининг сайилни юқори кайфиятда нишонлашига замин яратди. Кимдир анчадан бери хабар ололмаган яқинларини бориб кўрган бўлса, яна кимдир юртимиз бўйлаб саёҳатга отланган. Табиат чирой очган, бутун олам яшариш, янгиланиш палласида бўлган гўзал дамларни тарихий қадамжоларимиз зиёрати билан ўтказишни дилга тукканлар, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш орзуи айни шу кунларда рўёбга чиққанлар қанча.
- Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан келдик, - дейди Бердиёр Соатов. – Ўзим Самарқанд автомобиль заводида ишлайман. Таътил кунидан фойдаланиб, Қашқадарё вилоятига саёҳатга келдик. Тўғриси, иш юзасидан бу ерга жуда кўп келган бўлсам-да, саёҳатга биринчи маротаба келишим. Шу боис кеча Шаҳрисабз шаҳридаги, бугун эса Қарши шаҳридаги ўзгаришлар, бунёдкорликлар, зиёратгоҳларни кўриб, жуда катта таассурот олдим.
Наврўз ободлик, орасталик, меҳр-оқибат, хайру саховат айёмидир. Халқимиз бу йил ҳам Йилбошини ана шу эзгу тамойилларга мувофиқ кутиб олмоқда. Баҳорнинг дастлабки кунларидан юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авжига чиқди. Умумхалқ ҳашари ташкил этилиб, маҳаллалар, кўчалар, аҳоли турар жойлари ободонлаштирилди, ариқ-зовурлар тозаланди, зиёратгоҳ, қабристон ҳамда муқаддас қадамжолар тартибга келтирилди, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилди.
Байрам кунларида серғайрат ёшлар, қўли очиқ тадбиркорлар кўмакка муҳтожларга беминнат ёрдам бераяпти. Беморлар ҳолидан хабар олинмоқда. Қўни-қўшнилар бир-бирларига Наврўзнинг тансиқ таомларини илинди. Шунга кўра, Наврўз инсон омилини юксакликка кўтарадиган, табиатни улуғлайдиган чинакам моҳиятини намоён этаётир.
Байрам сайиллари воҳамиз бўйлаб давом этмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ ва Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.