Сараланган сатрлар
Инсон китобдан, адабиётдан нега узоқлашади? Эҳтимол бунга бозор иқтисодиёти, тирикчилик ташвишлари сабабдир. Балки мутолаага қизиқиш аввал-бошдан дуруст бўлмагандир. Умуман, китоб ўқиш нега керак ўзи?
Бугун жамият ривожига тўсиқ бўлаётган кўплаб омиллар тилга олинаяпти: порахўрлик, коррупция, суиистеъмоллар, жиноятлар... Хўш, буларнинг барига туб сабаб нима? Китобсизлик! Чунки китоб кўрган одам қабиҳликдан йироқ юради, тафаккури моддий нарсалардан баландда туради. Жамият тараққиёт истайдими, китобга, адабиётга ошно бўлиши керак!
Таниқли адабиётшунос, адиб ва журналист Раҳимжон Раҳматнинг "Адабиётдан чиқиш" номли асарида ҳам китобхонлик, адабиёт, хусусан, шеърият бизга нечоғлик кераклиги ҳақида сўз боради. Одатда бирор соҳа тарғиботига бағишланган асарлар "Кимёга кириш", "Фалсафага кириш" қабилида номланишига кўникиб қолганмиз. Биз айтаётган китоб нега "Адабиётдан чиқиш" дейилганини эса тўлиқ мутолаа давомида англаб оласиз...
* * *
...биламизки, адабиёт ўқитувчиси, университет профессори бўлиш учун алоҳида ижодий қобилият шарт эмас. Аълочи ва тиришқоқ мактаб ўқувчилари келажакда адабиёт профессори бўлиб етишишлари мумкин. Олим бўлиш учун, атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов айтганларидек, шим керак, холос. Бу дегани истолда кўп ўтириб ишлайдиган одам шимининг орқаси тез йиртилади. Олим одам кийган шимнинг орқаси илвираган бўлади.
Олимлик - тизимли таълим ва сабр-тоқат маҳсули.
Шоирнинг пайдо бўлишини эса мантиқ билан тушунтириш имконсиз. Шундайки, йиллар давомида тақир ётган тупроқдан кутилмаганда қип-қизил лолақизғалдоқ пайдо бўлади.
* * *
Кьеркегорнинг шоирлар тўғрисида ажойиб ташбеҳ-ўхшатиши бор. "Қадимда, - дейди у, - жиноятчиларни жазолаш учун мисдан ичи ғовак улкан ҳўкиз ясашган. Жиноятчини шу ҳўкиз ичига қамаб, тагидан ўт қўйишган. Мис ҳўкиз қизигани сайин ичкаридаги жиноятчи иссиққа чидай олмай бақирган, қичқирган, ўкирган, унинг жон аччиғида бўғзидан отилиб чиқаётган нолалари эса ҳўкизнинг бурнидан ёқимли мусиқа бўлиб таралган. Яъники шоир қалбида дўзах азобини кўтариб юради ва шу азобни гўзал образлар ёрдамида сатрлар бағрига жойлайди. Бизлар эса унинг оҳангдор сатрларини тинглаб эстетик завқ оламиз".
* * *
...адабиётга муҳаббат ўткир юқумли касалликка чалинишга ўхшаб кетади, ҳамма сизга узоқроқдан ҳамдардлик билдиради.
* * *
Истеъдодини жуда эрта намоён қилган, ҳис-туйғулари жўшиб турадиган санъаткорлар ва шоирларни кўрсам: "Шунинг умри қисқа бўлади-ёв", - деб ўйлаб қоламан. Чунки қалб жисм қўрғони қачон вайрон бўлишини аниқ билади ва ўлим яқинлашгани сайин қайнаб-тошаверади. Тошаётган вақти тиниб улгурмасдан осмонга учиб кетади. Ўлим туйғусининг жонланиши ҳар қандай одамни шоирга айлантириб юборади. Соғлом одамда ўлим туйғуси мудроқ бўлади.
* * *
Одам букилган мих ёки сопи синган пичоқни ҳам ахлатга ташлаб юбормай, керак бўлиб қолар деб бир четга яшириб қўяди. Лекин шоирликни касб қилиб олган шоирнинг суст, мазасиз ва ҳиссиз шеърлари жамланган китобини қўлга олиш тугул, ҳатто китоб жавонида туришига ҳам сабрингиз чидамайди: кўздан йўқотасиз. Шоирлик ростдан ҳам одамларнинг ғашига тегадиган ёмон одат деб ўйлайсиз.
* * *
Кексайганда шеър ёзишни нимага ўхшатиш мумкин экан? Қўшни қишлоқлик киши мактабда бошланғич таълимни ҳам ўзлаштирмаган, "е" билан "й"нинг фарқига бормайдиган саводсиз, ёши элликдан ўтиб тўсатдан шеър ёза бошлади. Кўп ёзарди. Бир кечада икки тийинлик катак дафтарни тўлдириб ташларди. Менинг китоб ўқишга иштиёқимни, хусусан, шеърий китобларни ўқиб юришимни билгани учун кўпинча янги ёзган шеърини биринчи менга ўқиб берарди. Кейин эса кўчага чиқиб, қаерда одам тўпланиб турса, ўша жойга бориб ёзганларини ўқишга тушарди. Тўйларда эса атай ўртага чиқиб узоқ-узоқ одамларни "шеърият шароби" билан сийларди. Фарзандлари дадасининг бу ишидан уялар, ўзларини айбдордек ҳис қиларди... Унинг ёзганларида туроқ ва қофия деган нарса деярли бўлмасди. Барининг мавзуси битта - одамларни бир-бирига меҳрибон бўлишга чорлаш эди.
Озғин, бўйни ингичка, гапирганда калласи силкиниб турадиган кишининг нима учун фақат шу мавзуда шеър ёзишини кейинроқ билдим. У болалигида ғирт етим ўсган, болалик пайти меҳр кўрмаган, жуда кўп хўрликларни, қашшоқликни бошдан кечирган экан.
* * *
Шеър ўқувчига ақл ўргатмайди. Шеър ўқиб ақлли ва устомон бўлишнинг сира иложи йўқ. Ақлли бўламан деган зот умуман шеър ўқимасин. Дилозор, қўпол ва тошбағир кимсалар кўпайган бугунги кунда иложи борича камроқ шеър ўқиган маъқул. Чунки гўзал шеър таъсирида туйғулари тиниқлашиб раҳм-шафқатли ва кўнгилчан бўлиб қолган шеърхон кўчага чиқолмай қолиши мумкин.
* * *
Мавжуд адабий меросимизга беписандлик фожиадан бошқа нарса эмас. Пойабзални пойма-пой кийиб, кўйлакнинг тугмасини нотўғри қадаш билан одам модернист бўлиб қолмайди.
* * *
Европа модернист ёзувчилари аввал Биринчи жаҳон урушида, кейинроқ Иккинчи жаҳон урушида инсоният қони дарё-дарё бўлиб оққанини ўз кўзи билан кўрган. Уларнинг аксари бу фожиалардан шахсан жабр ҳам чеккан. Йигирманчи аср бошларида аҳвол шу даражага бориб етганки, инсон зотининг ҳаддан зиёд хўрланишини ўз кўзи билан кўрган файласуф ва ёзувчилар "Худо ўлди" деб инсон тафаккурига қўйилган азалий ва муқаддас чегарани бузишга уринишган. Худо ўлди дегани, аслида, инсониятнинг руҳий ва маънавий қадриятлари сариқ чақалик қимматга эга эмас дегани.
* * *
Ёзувчи одам бир сўз айтишдан олдин айтадиган сўзининг оқибати ва масъулиятини сезиши лозим. Оддий халқнинг онгида бир тушунча пайдо бўлиб қолган. "Шоирми, демак, ароқхўр", - деб ўйлайди оддий одамлар. "Ароқ ичсаларинг, кейин илҳом келади-да", - деб ҳам қўйишади. Уч-тўрт пиёниста ароқ ичиб турган жойга шоир бориб қолса, оғзидан суви оқиб, кўзлари олайиб кетади алкашларнинг. "Шеър ўқиб бер!.." Халқнинг ижодкор тоифасига нисбатан масхараомуз муносабат билдиришига ўзимиз айбдормиз, балки.
* * *
Коммунистлар оддий цензурани кучайтириш ҳисобига бадиий тафаккурни чеклаб бўлмаслигини яхши билишган. Шунинг учун улар соцреализм методини ўйлаб топишди. Қафасга тушган қуш учмагани каби, мажбуран алоҳида метод қолипига солинган бадиий тафаккур ҳам кўнгилдагидек парвоз қилолмайди.
* * *
Яқинда "Facebook"да бир шоира аёл онасидан бевақт айрилган бола тилидан "Онажоним" деган бир шеър эълон қилди. Шеърга муносабат (коммент) билдирганларнинг бари "Худо сабр берсин", "Жойи жаннатда бўлсин" деган таъзиянамо сўзларни ёзишди. Кулгилими? Жуда кулгили. Бадиий асарда акс этган мусибатга ҳамдардлик билдирилмайди.
* * *
Ҳар қандай яхши бадиий асар, аввало, автобиографик характерга эга бўлади. Ёзувчи ўзи узоқ яшаган, аччиқ-чучугини тотиб кўрган ҳаёти тўғрисида осонлик билан бадиий етук асар ёза олади. Бир умр шаҳар марказида яшаган, халқ ҳаётини "Ахборот" кўрсатуви орқали биладиган, кечаю кундуз биронта газетага муҳаррир бўлиш ёки юқорироқ мансабга кўтарилиш орзусида юрган адиб ҳаёт ҳақида, инсоннинг эзгу орзулари тўғрисида қандай қилиб яхши асар ёзиши мумкин? Унинг ўзида йўқ-ку бундай интилишлар. Қозонда бори чўмичга чиқади деймиз. Фолькнерга устози айтади: туғилиб ўсган шаҳарчангга қайт. Сен ўша шаҳарча ҳаётини, ундаги одамларни яхши танийсан.
* * *
Туркман аёли дағал жунни ювиб, тозалаб, ип ҳолига келтириб, ана ундан кейин гилам тўқийди. Сассиқ, дағал жундан гўзал ва қимматбаҳо гилам яратади. Ёзувчи учун ҳам ҳаёт дағал жун каби узоқ қайта ишланишга муҳтож бир хом ашёдир.
* * *
Ҳақиқий бадиий асар қуш каби ҳеч қандай давлат чегарасини тан олмай элдан элга, юртдан юртга кўчиб юраверади. Ҳатто давлатлар орасидаги урушлар ҳам бадиий асар парвозига тўсиқ бўлолмайди. Дейлик, Гитлер Россия (совет иттифоқи)га ҳужум қилган пайти бунда Гёте ва бошқа немис адиблари ижодига муносабат ўзгармаган.
* * *
Бировнинг бармоқ изи бошқа бировникига ўхшамаганидек, бир ижодкорнинг асари бошқа бировникидан моҳиятан фарқ қилади. Тақлид эса ҳеч қачон жиддий ҳодиса деб қаралмаган. Тақлид - бировнинг имзосини сохталаштиришдек жиноятга яқин хунук бир иш. Ҳар бир ижодкорда бу давр бўлади. Бироқ истеъдодли одам шаклга тақлид қилади, асар руҳига эмас. Асар руҳига тақлид бировнинг боласини менинг ўғлим дейишдек расво бир нарса.
* * *
Асарингиз бир халққа ёқиб, иккинчисига маъқул келмаса, демак, унинг бадиияти заиф ва сиз адабиёт воситасида ҳаётни ўзгартирмоқчи бўляпсиз.
* * *
Абдулла Қаҳҳорнинг бир ҳикоясида ижобий қаҳрамон саналган соддагина сут соғувчи қизни яхши ишлагани учун колхоз раиси мақтайди. Мақтовдан эриб кетган сут соғувчи: "Раис бува, хашакни молга бермай шундай ўзидан сут олса бўлмайдими?" - деб раисни довдиратиб қўяди. Шунда раис сут соғувчи қизни яна бир марта мақтайди: "Маладес, қизим. Бемаъни бўлса ҳам каллангда фикринг бўлсин".
НАСРИДДИН тайёрлади.