Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

16.02.2021


ДИМЛАНГАН ГУЛКАРАМ ЭКСПОРТГА ЧИҚАРИЛАЯПТИ

Хусусий сектор

 Қарши шаҳрида фаолият юритаётган "Дармон фарм" хусусий корхонаси савдо, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўнлаб лойиҳаларни амалга оширган йирик субъектлардан бири ҳисобланади.

 Мисол учун, ушбу корхона 2017 йилда Яккабоғ туманида қиймати қарийб 300 минг еврога тенг, бир неча турдаги мева ва сабзавотни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий технологияларни харид қилиб ишлаб чиқариш йўналишидаги фаолиятини ҳам бошлаган эди. Орадан кўп ўтмай, субъект қувватни технологик бойитиш эвазига тайёрланаётган табиий шарбатлар турини кўпайтиришга эришди.

  Ўтган йили эса корхона томонидан 1 миллион 250 минг евро эвазига Италия ва Украинадан мева-сабзавот маҳсулотларидан болалар учун табиий бўтқа тайёрлаш имконини берадиган яна бир технология олиб келиниб, ишга туширилди. Айни вақтда бу ерда ишлаб чиқарилган болалар озуқаси 200 литрлик махсус идишларда қадоқланиб, хорижга  экспорт қилинмоқда.

 Шунингдек, ўтган йиллар ичида корхона интенсив боғ барпо этиш, сабзавот, полиз маҳсулотларини етиштириш, замонавий совуткичли тизимларни ишга тушириш билан боғлиқ яна бир қатор ташаббусларни амалга оширдики, бу корхонанинг иқтисодий юксалиши билан бир қаторда, қўшимча иш ўринлари яратилиши, ҳудудда ишлаб чиқариш салмоғи ортиши, экспортбоп маҳсулотлар тури кўпайишига хизмат қилмоқда.

 Жорий йилда эса тадбиркор яна бир йирик лойиҳани бошлади. Эндиликда бу ерда гулкарам барглари махсус технология ёрдамида ярим димланиб, сўнг хорижга экспорт қилинаяпти.

 - Ўзимиз ҳам гулкарам, салат барги етиштирамиз, - дейди корхона иш юритувчиси Анзур Нормуродов. - Ўтган йиллар давомида ушбу маҳсулотларни хориж давлатларига экспорт қилиш бўйича ҳам етарли тажриба тўпладик. Билдикки, хорижда ушбу маҳсулотларга бўлган талаб юқори, аммо уни асл ҳолича сақлаш ва етказиб бериш борасида муаммолар мавжуд. Шу боис, хорижлик ҳамкорлар билан маслаҳатлашиб, гулкарамни ярим дудланган ва музлатилган ҳолда экспорт қилишни йўлга қўйдик. Айни пайтда мамлакатимиздаги етиштирувчилардан ушбу маҳсулотни харид қилиб, уни ярим қайта ишланган ҳолида хорижга юбораяпмиз.

 Тадбиркорнинг таъкидлашича, деҳқон ва фермер хўжаликларидан шартнома асосида қабул қилинган гулкарам дастлаб корхона омборхонасида сараланиб, сўнг қайта ишлаш цехига ўтказилади. Бу ерда хом ашё махсус технология ёрдамида ювилиб, яна бир бор сараланади. Сўнг тайёр хом ашё димлаш цехига ўтказилади. Маҳсулот буғ қозонда белгиланган ҳарорат остида қиздирилиб, кейин совутиш омборига юборилади.

 - Сўнгги икки-уч йил давомида Яккабоғ туманида жами 5 минг тонналик сиғимга эга бир нечта совуткичли омборхоналарни ишга туширдик, - дейди Анзур Нормуродов. - 3500 тонналик сиғимга эга омборхоналаримиз вакуумли шароитда мева-сабзавотни 24 ойгача ҳеч қандай ўзгаришларсиз сақлаш имконини берса, 1500 тонналик сиғимларимиз маҳсулотни ҳар доим бир хил ҳарорат остида ушлаб туришга мўлжалланган. Ярим димланган гулкарамни ҳам белгиланган вақт давомида ушбу совуткичли сиғимларда сақлаб, тўлиқ музлаганидан сўнг   экспортга йўналтирамиз.

 Ушбу маҳсулотга айни пайтда Россия ва бошқа МДҲ давлатларида талаб юқори. Чет эллик тадбиркорлар ярим тайёр маҳсулотни бир марталик идишларга қадоқлаб, чакана бозорга чиқаради.

 Тадбиркорнинг айтишича, эндиликда корхона ушбу йўналишдаги фаолиятини ҳам янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини оширишни мақсад қилган.

 Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

 

Report typo