Динда чуқур кетишнинг бундан ташқари яна бир қанча ёмон оқибатлари бор. Энг аввало, ақиданинг бузилишига олиб боради. Тарихда пайдо бўлган Равофиз, Хавориж ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши асосан ғулувга кетишнинг оқибатидир.
Рофизийлар Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин халифаликка лойиқ зот сифатида Али розияллоҳу анҳу ва унинг авлодларидан бошқа ҳеч кимни тан олмадилар. Ҳатто Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттобни халифаликни Алидан зўрлик билан тортиб олганликда айбладилар. Равофиз сўзи "инкор қилувчилар", "рад этувчилар" деган маънони англатиб, уларнинг баъзи тоифаси Алини Пайғамбар (с.а.в.)дан ҳам юқори қўяди. Натижада улар ана шу даражада ғулувга кетиб аҳли сунна вал жамоадан чиқдилар.
Хаворижлар эса, аксинча, Ҳазрати Алини кофирга чиқардилар. Натижада, унга қарши қурол кўтариб, қонини тўкишни ҳалол дедилар. Маълум бўлдики, Равофиз ва Хавориж тоифалари айнан Али розияллоҳу анҳунинг шахси борасида ғулувга кетишлари оқибатида пайдо бўлди. Бу ҳақда Ҳазрати Алининг ўзи шундай деган эдилар: "Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб".
Кейинчалик, Мўътазилалар Аллоҳнинг зотида ғулувга кетиб, унинг сифатларини инкор қилдилар. Шунингдек, Хавориж ва Мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомига қарши чиқишга йўл очдилар. Яъни, уларнинг назарида давлат раҳбарига қарши чиқиш амру маъруф ва наҳий мункар қилиш демакдир. Ҳолбуки, Пайғамбар (с.а.в.) биз умматларини раҳбарларга қарши чиқишдан қайтарганлар.
Ислом ошкора ва ботиний фитналардан қайтариб, ундан паноҳ тилашга буюрган диндир. Аллоҳ таоло мусулмонларни тафриқага бўлинишдан қайтариб, адолат ва тўғрилик йўлида бирлашишга чақиради. "Ҳаммангиз Аллоҳнинг "арқони"ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг..." ("Оли Имрон" сураси, 103-оят).
Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади.
Ҳаким зотлардан бири айтган экан: "Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: бири - банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси - банданинг шу амалда ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир".
Ҳаётда кўп учратганмиз, кузатганмиз: баъзи кишилар қаерга борса, динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб, уни бажаришга тарғиб қилади. Масалан, имом намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томон билан бурилиш шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракъат қилиб ўқишга рухсат берса, улар ўзини тақводор санаб тўлиқ ўқишни ёқлайди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни бажарганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга таянганларни ҳам севади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофирга намозни қисқартириб ўқишни буюргани - Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога "садақанг керак эмас" дегандек муомала қиладилар.
Баъзи васвасага тушиб қолган кишилар ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло "Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди" деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан, таҳорати бор одам "таҳоратим йўқмикин" деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган кўйига солади.
Ҳар бир нарсанинг тагига етаман дейиш ҳам ғулувдир. Баъзи кишилар маҳалланинг бирор кишиси издиҳомга чақирса, гўшти покмикин деб тагига етишга ҳаракат қилади. Бир кун Умар ибн Хаттоб ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумолар чўлда кетаётиб бир ховузга йўлиқдилар. Амр ибн Ос ҳовуз бўйида ўтирган кишига қараб: "Эй ҳовуз эгаси, ҳовузингга йиртқичлар ҳам келадими", деб сўрадилар. Гўёки ваҳший ҳайвонларнинг сўлаги - нажосат, улар тумшуғини тиқиб сув ичишган бўлса, сув нажосат бўлади, дегандек. У киши жавоб бермасидан туриб Умар розияллоҳу анҳу: "Эй ҳовуз эгаси, бизга буни айтмай қўявер", дедилар. Бу билан, шариат ҳовуздан сув ичиш ва таҳорат қилишга рухсат берганидан кейин йиртқич келган, сўлаги сувга тушганини суриштиришга ҳожат йўқ, дегандек.
Мағрурланиш, ғулувга кетиш динда ҳаддан ошган кишиларни олимликни даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, ҳеч бир тажриба ёки малакасиз бўлгани ҳолда улкан ишларга аралашадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса уларни ҳақ йўлдан оғиш ва йироқлашишга олиб боради. Асосийси, мусулмонлар жамоасини лозим тутиш, сўз ёки амал билан улардан ажралиб олмасликдир.
Бобур РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги ҳузуридаги Ақида илми мактаби ўқув курси ўқитувчиси