Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ

22.05.2018


ДИНДАН ЧИҚҚАН ОДАМНИНГ ҲУКМИ ҚАНДАЙ?

Ислом шунчалар бағрикенг динки, нафақат мусулмонлар ҳуқуқини, балки бошқа дин ва миллат вакилларини тинчлик ва сулҳда, ҳатто урушдан сўнг асир тушганларнинг ҳам обрўси, моли ва жонини ҳимоя қилади. Зеро, Аллоҳ таоло: “Сизлар аҳли китоблар билан фақат чиройли услубда мунозара қилингиз” (“Анкабут” сураси, 46), дея айнан шунга буюрган.

Абдурраҳмон ибн Абу Лайло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд Қодисияда ўтирганларида, ёнларидан тобут олиб ўтилди. Уларга: “Бу шу ерлик, яъни аҳли зима-ку?!”, дейилди. Улар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларидан ўлик олиб кетилаётганда, уларга бу яҳудий-ку?!”, деб айтилганда, улар: “Ахир у инсон эмасми?!”, деб айтган эдилар”, дейишди” (“Саҳиҳи Имом Бухорий”, 1312).

Эътибор беринг, ҳадисда бошқа эътиқодда вафот этган кишининг обрўси қанчалик бўлиши кераклигини Пайғамбаримизнинг ўзлари ибрат қилиб кўрсатиб кетганлар. Ҳозирги мутаассиб шахсларда бундай юксак хулқдан асар ҳам йўқ. Чунки уларнинг қалбларидан мусулмон кишида бўлиши лозим бўлган раҳмат, меҳр-шафқат олиб қўйилган.

Бинобарин, бугун аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил қиладиган мамлакатларда насронийларнинг ўзлари ҳам тан олмайдиган баъзи миссионер секталар гўёки инсонларни  насроний динига даъват қилмоқдалар. Миссионерлар ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришадиган бўлсалар, улар фаолият олиб бораётган мамлакатда халқ парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзул келиб чиқиши мумкин. Яъни халқ оммаси ўртасида бирдамлик йўқолади.

Ислом дини кенг тарқалган мамлакатлардаги миссионерларнинг асосий мақсади шуки, христианликни тарғиб қилиш йўли билан жамиятда хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва тарафдорлар сонини кўпайтириш орқали муайян мамлакат, ҳудуд устидан назорат ўрнатиш ва бойликларига эга бўлишдир. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.

Кишининг виждонини ўғирлашга қаратилган бундай ҳаракатлар келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, айрим жойларда миссионерлар қутқусига алданиб, христиан динини қабул қилган “мусулмон”лар вафот этганда, жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Маййитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаслиги натижасида келишмовчиликлар юзага келаётир. Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, унинг отаси эса ўз набирасини мусулмон урф-одатларига кўра хатна қилдириш истаги туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.

Шунингдек, ўз динидан воз кечиб бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммо. Қизнинг ота-онаси мусулмон кишига турмушга чиқишини истайдилар. Аммо ўзга динни қабул қилган (мусулмон бўлмаган) қизга мусулмон кишининг уйланиши амримаҳол. Юқоридаги каби мисолларни яна анча давом эттириш мумкин. Шуларнинг ўзидан кўриниб турибдики, миссионерлик бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низо ва жанжаллар авж олишига ҳамда христианликнинг айрим йўналишлари вакилларига нисбатан душманлик кайфияти пайдо қилиш орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратади.

Қаерда бефарқлик, лоқайдлик авж олса, бузғунчиларнинг бозори чаққон бўлади. Бугун баъзи мамлакатлар мисолида буни кўриб турибмиз. Миссионерлар ҳам ана шундай бузғунчилар жумласидан. Миссионерликнинг асл мақсадини ҳамма ҳам дарҳол илғаб олавермайди. Унинг хавф-хатари ҳам шунда. Уларнинг муддаоси маҳаллий миллат вакиллари ҳисобига сафларини кенгайтириш, кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлигини бузиш, миллатлараро бағрикенглик, диний тотувликка раҳна солиш. Айримлар, миссионерларни насронийликка чақиради, деб хато ўйлайди. Аслида бу гуруҳ одамни фақат диндан, имондан, алал-оқибат, одамгарчиликдан ҳам чиқаради, манқуртлик ғоясига хизмат қилишга ундайди.

Насронийларнинг ўзлари ҳам эътироф этмайдиган шубҳали секталар, оқимлар мустақиллик йўлини тутган мамлакатларга сездирмай кириб олиб, ўзларининг ғаразли ниятларини рўёбга чиқара бошлашади. Улар зимдан фаолият олиб боради, макр-ҳийлалардан усталик билан фойдаланади. Таъсирчан ваъзларида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлардан, алломаларнинг сўзларидан иқтибос келтиради. Шу йўл билан тингловчиларни ўз таъсирига олади.

Шу ўринда масаланинг яна бир нозик томонига эътиборни қаратмоқчиман. Миссионерлар нега айнан бева-бечора, етим-есир ва ночор оилаларни нишонга олади? Сабаби, давлатимиз, жамоат ташкилотлари, масжидларимиз хайр-саховат ишларини яхши йўлга қўйганига қарамай, баъзан назаримиздан четда қолаётган кишилар ҳам учраб туради. Миссионерлар ана ўшалардан унумли фойдаланади. Гўёки муҳтожларнинг дардига малҳам бўлади-да, ўз ғояларини уларнинг онгига сингдиради. Натижада бир мусулмон имондан айрилади.

Буни қарангки, миссионерларга қўшилиб қолган одамнинг ўлиги ҳам одамлар орасини бузишга, фитналар чиқаришга хизмат қиларкан. Чунки ҳар доим мусибатли хонадонга ёрдамга шошадиган халқимиз диндан қайтган одамга буни раво кўрмаётир. Миссионерлар ана шундай вазиятларни келтириб чиқариб, тотувлигимизга рахна солмоқда. “...Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (“Бақара” сураси, 205 оят).

Турли ноқонуний секта ва миссионерлар етказадиган зарарлар кўп. Биринчидан, миссионерлик натижасида маълум бир динга эътиқод қилувчилар орасига анъанавий диндан ташқари ўзга дин кириб келади. Унинг ортидан ўзгача дунёқараш, урф-одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса, ўз навбатида, одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама-қаршиликни вужудга келтиради.

Иккинчидан, “ташвиқот” натижасида бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз “диндошлари”га бошқача муносабату, “ғайрилар”га ўзгача муносабат шаклланади ва бу муносабат оила, қавм-қариндошчилик, қўни-қўшничиликка ҳамда жамият бирдамлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Учинчидан, бундай бўлиниш одамларнинг хусуматлашиши, жамиятдаги муаммоларни якдил ҳал қилмаслиги, охир-оқибат иқтисодий, ижтимоий,  сиёсий соҳаларда ҳам муаммолар бўлишига олиб келади.

Тўртинчидан, ўзга таъсир доирасига тушганларнинг миссионерлар тобесига айланиб, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида разил ишларга ҳам қўл урилади. Бу услуб давлат ва жамиятни парчалаш, уни таназзулга юз туттириш, маънан қашшоқлаштириш, ўз муаммолари билан машғул қилдириб, бошқа муҳим вазифаларидан чалғитиш воситаларидан саналади.

Миссионер инсонни жалб қилиш мақсадида одамга ширин ва мулойим сўзларни айтиши, керак бўлса, унинг ташқи жиҳатлари ёқимли экани, кийими ўзига жуда ярашгани, юзи нуронийлиги ва шу каби мақтов сўзларини айтишдан тап тортмайди. Агар унга телефон рақамингизни ёки уй манзилингизни берсангиз борми, минг узрлар билан сизни безовта қилишни бошлайди.

Даъватчилар фан ва техника ривожлангани сари тарғиб қилишнинг китоб ва варақалар тарқатиш услубларидан интернет, радио, телевидение, журнал ва газета каби замонавий ютуқлардан тобора кенг фойдаланишга ўтишаяпти.

Африка халқлари ўртасида машҳур бир гап юради: “Миссионерлар бизнинг ёнимизга келганида уларнинг қўлида Инжил, бизнинг қўлимизда ер, мол-мулк бор эди. Бироз вақтдан сўнг бизнинг қўлимизга Инжил, уларнинг қўлига ер, мол-мулк ўтди”.

Аллоҳ таоло инсониятга пайғамбар юбориб шаръий ҳукмларни етказиб турар экан, инсоният хилқати, ақли ва маданияти мукаммаллашиб борар, Аллоҳ таоло эса уларнинг ақли ва маданиятига муносиб бўлган янги ҳукмларни нозил қилар ва янги пайғамбар юборар эди. Охирги пайғамбарга нозил қилган шариат (Қуръони карим)ни эса то қиёматгача ўзгартирмасдан сақлашини эълон қилди. Аллоҳ таоло “Ҳижр” сурасида шундай дейди: “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) биз ўзимиз нозил қилдик ва уни ўзимиз асрагувчидирмиз”.

Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақдир. 14 аср ўтган бўлса-да, Қуръони каримнинг бирор ҳарфи ўзгармасдан бизгача ёдлаш усулида етиб келди. Дунёдаги минг-минглаб Қуръон нусхалари бир-бирига ҳарф-ҳарфигача, нуқта нуқтасигача тўғри келади.

Пайғамбарлар силсиласини ниҳоясига етказиб, элчиликка охирги пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)ни танлади. Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда  айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: “Менинг ва бошқа пайғамбарларнинг сифати шундайки, бир киши бир ҳовли (қаср) қуради. Уни жуда чиройли ва мустаҳкам қилиб охирига етказади. Фақатгина бир ғишт ўрни қолади, холос. Шунда бу ҳовли (қаср)га кирган кишилар қараб: “Бу ҳовли қандай чиройли барпо қилинибди-я! Фақат бир ғиштгина қўйилмай қолибди”, дейдилар. Бас, мен ўша охирги ғиштман. Мен билан пайғамбарлик биноси мукаммал бўлиб битди”.

Албатта, Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбарга ўзининг сўнгги илоҳий китоби – Қуръони каримни нозил қилди ва шу китобда энди то қиёматгача пайғамбар ҳам, илоҳий китоб ҳам келмаслигини хабар берди.

Аччиқ бўлса-да, ҳақиқат шуки, ислом динини қўйиб, насроний бўлиб кетаётганлар динимизда муртад (диндан қайтган) дейилади (Аллоҳ ўз паноҳида асрасин) ва улар тўғрисида бир қанча ҳукмлар жорий бўлади:

ундай кишиларнинг мусулмон қариндошларидан мерос олишга ҳаққи бўлмайди;

улар мусулмон аёлларга уйлана олмайди;

агар мусулмон хотини бўлса, ўрталарига талоқ тушади;

вафот этса, жаноза  ўқилмайди ва мусулмонларнинг қабристонига дафн этилмайди;

сўйган ҳайвонининг гўшти ҳаром бўлади.

Аслини олганда, инсон оила, маҳалла, жамиятдан айри яшай олмайди. Шу сабабли, ўзимизга жиддий эътибор қаратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз ва қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан масъулиятимизни ҳис этишимиз даркор. Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтиб, тўғри йўлни топишига сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсалардан аъло экани тўғрисидаги ҳадисни эсдан чиқармайлик.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

 

 

 

Report typo