Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Акмал ҚУДРАТОВ

19.01.2017


ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ – БАРҚАРОРЛИККА ТАҲДИД

Шуни таъкидлаш лозимки, жамиятда қабул қилинган ва амалда бўлган қонун-қоидаларга мос келмайдиган ва уларга зид бўлган ғоялар экстремистик ҳисобланади. Диннинг қандайдир бир йўналишини бузган ҳолда талқин этиб, сиёсий мақсадни кўзловчи ҳаракат диний экстремизмга олиб келади. У қандай номланмасин ёки қандай кўринишга эга бўлмасин, асосий мақсади жангари гуруҳларни шакллантириш орқали ҳокимиятни қўлга олишдан иборат.

Экстремистик қарашлар ҳеч қачон чегара билмаган ёки дин, миллат, бирор-бир мамлакат ҳудудини тан олмаган. У сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий кўринишларда намоён бўлади, диний йўналишда эса барча эътиқодлар доирасида ривожланган.

Ислом диний экстремизми ўзининг икки хусусияти билан ажралиб туради. Биринчиси, уларнинг ақидаларига кўра, исломга эътиқод қиладиган барча давлатлардаги мусулмонлар жамоалари гўё исломий тусларини йўқотган бўлиб, жоҳилия (ислом келиб чиқишидан аввалги араблардаги маънавий бузилиш даври) жамиятларига айланиб қолган. Бундай ёндашув фаолиятдаги ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини танқид қилишга асос қилиб олинади.

Иккинчидан, улар гўё “ҳақиқий” мусулмонлар бўлиб, ўзларининг ҳокимиятга келишлари учун кескин ва жангарилик йўли билан агрессив ҳаракат қилиш лозим, деб ҳисоблайдилар.

Аслида эса мазкур бузғунчи ғоялардан кўзланган асосий мақсад – диний қадриятларни қайтадан тиклаш эмас, балки ана шу ғоялардан фақат восита ва ниқоб сифатида фойдаланиш орқали минтақада беқарорликни, диний ва миллатлараро низоларни вужудга келтириш, иқтисодиётни турли йўллар билан издан чиқариш, иқтисодий инқирозни келтириб чиқариш орқали ҳукуматни кучсизлантириб, обрўйини тўкишдир.

Шу нуқтаи назардан, жамиятда диний асосда низолар чиқишига йўл қўймаслик, динни сиёсийлаштириш ва сохталаштириш орқали мамлакатдаги ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини олиш давлат ва жамият олдида турган ҳаётий муҳим масалалардан саналади. Диний экстремизмга қарши кураш самарадорлигини оширишда халқаро ташкилотлар билан кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу борадаги миллий қонунчиликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ақидапараст гуруҳларнинг жиноий фаолиятини фош этиш ва аҳолида диний экстремистик ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш муҳим ўрин тутади. Бу хусусда, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қуйидаги фикрларни келтиради: “Таассуфки, баъзан ислом дини ва диний ақидапарастлик тушунчаларини бир-биридан фарқлай олмаслик ёки ғаразли мақсадда уларни тенг қўйиш каби ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Шу билан бирга, ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар аввало муқаддас динимизнинг шаънига доғ бўлишини, охир-оқибатда эса маънавий ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур англаб олишимиз ва шундан хулоса чиқаришимиз зарур”.

Маълумки, тинчлик-хотиржамлик бор жойда тараққиёт, ривожланиш, фаровонлик ҳукм суради. Инсон қадр топади. Тинчлик-осойишталик туфайли байрамлар, тўйлар кўнгилга сиғади, шаҳарларимиз гўзал, қишлоқларимиз янада обод бўлади. Келажакка ишонч билан қараймиз.

Дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларга назар солинг: халқи нотинч, уруш ва низолар исканжасида қолган мамлакатлар талайгина. Турли бузғунчи кучларнинг таъсири оқибатида ўзини, ўзлигини, маданияти, иқтисодий ривожланиши, сиёсий мақоми ва халқаро обрўсини йўқотиб қўйган айрим давлатларда кечаётган қарама-қаршиликлардан оммавий ахборот воситалари орқали хабардормиз. Урушлар бу мамлакатларни тараққиётдан 50-100 йил орқага ирғитиб ташлагани, мавжуд аҳволни ўнглаш учун бир неча авлод умри етмаслигини афсус билан таъкидлаш зарур.

Шуни ҳам айтиш жоизки, ислом динини ниқоб қилиб олиб, манфур ишларни амалга оширишга уринаётган кучларга айрим юртдошларимиз, ёшларимизнинг ҳам қўшилиб қолаётгани ғоят ачинарли. Хорижга ишлаш мақсадида бориб, турли бузғунчи кучларнинг таъсирига берилиб, манқуртга айланган ва охир-оқибат хору зорликда ўлим топган кимсалар тақдири кишини чуқур мушоҳадага чорлайди.

Ўзбекистоннинг диний экстремизм ва терроризмга қарши халқаро майдонда олиб бораётган сиёсати минтақа ва умумбашарий даражада тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мамлакат суверенитети ва халқнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Бугунги кунда БМТнинг диний экстремизм ва терроризмга қарши курашишга доир 13 та асосий ҳужжати мавжуд бўлиб, Ўзбекистон ушбу йўналишдаги барча конвенция ва протоколларни имзолаган ва изчил ижро этиб келмоқда.

Шундай экан, бугунги даврда ким ва қандай мавқега эга бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм ва терроризмга йўл бермаслик, нияти паст манфур кучларнинг қабиҳ ва ғаразли мақсади моҳиятини ёшларимиз ва бутун халқимиз орасида тинимсиз фош қилиш асосида огоҳликка чақиришдан иборатдир.

Бунда аввало, оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлигини янада кучайтиришимиз, ота-оналар ўз фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор берган ҳолда, уларни доимо назорат қилиб бориши керак. Зеро, фарзандларимизнинг келажакда етук, комил инсон бўлиб етишиши оилада олинган тарбияга кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Ёш авлод тарбияси ҳақида гапирганда, Абдурауф Фитрат бобомизнинг мана бу фикрларига ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишларини мен жуда-жуда истардим”, дея барчамиз учун асқатадиган қуйидаги муҳим фикрларни келтирди: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”.

Демак, фарзандларимизни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан сақлаш, асраб-авайлаш барчамизнинг маънавий ва инсоний бурчимиз бўлиб қолмоғи керак.

Акмал ҚУДРАТОВ, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт

институти қошидаги “Нуристон” академик лицейи директори

Report typo