Тадбирни вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров кириш сўзи билан очди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, ёшларни турли мафкуравий хуружлар таъсиридан ҳимоялаш, уларнинг диний оқимлар ва бошқа ғаразли кучлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш ва бунда таъсирчан механизмларни татбиқ қилиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоятда 2016 йилда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, конфессиялар ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилиб, унга асосан умумпрофилактик, тарғибот тадбирлари, семинар ва учрашувлар ўтказилди, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинди.
Бироқ жойларда мазкур йўналишдаги ишларнинг барчасини ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди. Тадбирларнинг салмоқли қисми юзаки, хўжакўрсинга ўтказилаяпти. Оқибатда уларнинг таъсири сезилмаяпти.
Доимий яшаш манзилидан узоқ муддатга чиқиб кетган фуқароларнинг мамлакатимиз ташқарисида диний экстремистик оқимларга жалб қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмоқда. Жойларда миссионерлик ҳаракатлари кузатилаяпти. Жазони ўтаб қайтган диний экстремистик оқим вакиллари ва уларнинг оила аъзолари, сохта тариқатчилар, мутаассиб кайфиятдаги хотин-қизлар билан боғлиқ профилактик тадбирларда изчиллик ва таъсирчанлик етишмаяпти.
Солиқ ва ички ишлар идоралари ходимларининг етарлича эътибор қаратмагани боис вилоят ҳудудидаги бозорлар, аҳоли гавжум жойлар ва савдо шохобчаларида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга риоя қилинмасдан диний мазмундаги аудио-видео маҳсулотларни, зўравонлик ва ваҳшийликни тарғиб қилувчи материалларни ноқонуний тарзда ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатлари учраётгани айни ҳақиқат.
Қайд этиш лозимки, қатор араб мамлакатларида диний-экстремистик оқимларнинг фаолияти оқибатида сўнгги йилларда юзага келган ижтимоий-сиёсий танглик, унинг Марказий Осиё минтақаси хавфсизлигига таҳдид солиши эҳтимолдан холи эмаслиги тар-ғибот тадбирлари ва профилактик ишларни тубдан такомиллаштиришни талаб этмоқда. Чунки энг бебаҳо неъмат – тинчлик-осойишталикни таъминлашда эътиборсиз қараладиган масаланинг ўзи бўлмаслиги керак. Эндиликда фаолият натижадорлигига аҳамият бериш, 2017 йил учун тасдиқланган Дастур ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш талаб этилади.
Тадбирда тегишли мутасаддиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Келгусидаги вазифалар ижроси бўйича зарур топшириқлар берилди.
Б.ЎКТАМ