Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Баҳодир ҲАЛИМОВ

17.02.2017


ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ —

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, бугун дунёнинг айрим давлатларида кишилар остона ҳатлаб кўчага чиқолмайди. У ернинг болалари мусиқага меҳр қўйибмас, ўқнинг овозидан ваҳимага тушиб улғаймоқда. Қўлига китоб, қалам эмас, қурол олмоқда. Хусусан, Яқин Шарқ минтақасидаги чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувлар сабаб минг-минглаб одамлар қурбон бўлмоқда, бошпанасиз қолмоқда. Бунинг бош омили эса диний экстремизм ва терроризмнинг айни шу ҳудуддаги айрим мамлакатларда чуқур илдиз отганидир.

Биргина ўзини Ироқ-Шом ислом давлати (ИШИД) деб атаётган террор ташкилотининг Ироқ ва Суриядаги қўпорувчилик, ошкора жангарилик ҳаракатлари оқибатида ушбу мамлакатлар таназзул ёқасига келиб қолди. Туғилиб, ҳали етти қадам ташламаган, юзига юрт тупроғининг тафти урилмаган қанчадан-қанча гўдаклар қурбон бўлди. Минглаб одамлар ўз уйи, киндик қони томган ватанини ташлаб кетишдан бошқа имкон тополмади. Бу воқеалар дунё аҳли учун ҳақиқий сабоқ вазифасини ўтамоқда. Бугун юқорида номи айтилган, ёвуз мақсадларни ўз олдига қўйган террорчи тўдаларга қарши халқаро ҳамжамият курашмоқда.

Унутмаслик керакки, диний экстремизм ва терроризм илдизлари узоқ тарихга бориб тақалса-да, улар ҳеч қачон ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт учун бугунгидек таҳдид солмаган. Негаки, бугун ғайри диний қарашларини илгари суриб, атрофида оми инсонлар ҳисобига озми-кўпми тарафдор тўплаган тўдалар, террористик гуруҳлар анча кўпайиб қолган. Шунга мос тарзда улар ҳар хил йўллар билан кириб борган ҳудудлар ҳам каттагина.

Президентимиз диний экстремизм ва фундаментализм, уларга қарши курашиш ҳақида тўхталар экан: “Биринчи галда, террорчиларни тайёрлайдиган заминга, ғояга, мафкурага эътибор бериш, шуларга қарши курашиш керак. Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур”, дея таъкидлайди. Хўш, диний экстремизм ва терроризм нима?

Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар гўёки кенг халқ оммаси билан узвий бирлик мавжудлигини кўрсатиб, аслида эса жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш учун маблағ йиғиш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришиш мақсадини кўзлайди. Ўзларини “исломий” деб эътироф этадиган тоифалар сиёсий жабҳада инқилобий ва қўпорувчилик усуллари билан қонуний ҳокимиятга қарши курашда ўзларини намоён қилса, бошқалари тарғибот-ташвиқот ишлари, яъни тарафдор тўплаш билан кўпроқ шуғулланадилар.

Бугунги кунда террорчилик услублари анча кенгайганини таъкидлаш зарур. Ўтган асрнинг 70-йилларида бирор шахс ёки сиёсий арбобга қарши уюштирилган террор амалиёти кўпроқ учраган бўлса, ҳозирда жамоат жойларида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш амалиёти кенг қўлланилаяпти.

Экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўз мақсадларини амалга ошириш учун халқлар ўртасида биринчи навбатда миллатчилик ва диний  айирмачиликни келтириб чиқариш ва шу йўл билан бир давлатда яшаётган турли миллат вакиллари ўртасида миллий, диний ихтилоф ва низоларни вужудга келтиришга ҳам уринмоқда.

Шундай экан, Президентимиз таъкидлаганидек: “Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни  ташвиш ва хавотирга солмай қўймайди”.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Бунинг таъсирида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, террорчилик  гуруҳлари сафига қўшилаётгани ҳақида ҳам эшитаяпмиз.

Афсуски, онгида маънавий бўшлиқ бўлган ёшларнинг муайян қисми экстремистлар алдовларига учиб, уларнинг асл мақсади бузғунчилик эканини англаб етавермайди. Бундайлар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас ва улар қаттиқ адашмоқда. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари – “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик” каби диний тушунчаларни бузиб талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар бораётган Сурия, Ироқ каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.

Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш – ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим. Бугунги тинчлик нашидасидан лоқайдликка берилмаслик, ҳамиша огоҳ бўлиш бурчимизга айланишини эса даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Report typo