Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЖОНИМОВ

10.02.2017


ДИПЛОМ БИЛАН КАТТА ҲАЁТГА

Худди шундай тадбирлардан бири Қарши политехника касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтди. Унда ота-оналар, маҳалла фаоллари иштирок этиб, битирувчиларга кейинги ҳаётида омад ёр бўлишини тиладилар.

- Бу йил ўқув муассасамизни 564 ўқувчи битирмоқда, - дейди коллеж директори Мустафо Каттаев. - Улар бухгалтер, кадастр хизматчиси, компьютер дастурчиси, автомобиль йўллари қурувчиси, пайвандчи, автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи, сув-газ қувурларини ишлатиш техниги каби мутахассисликларга эга бўлишди. Ўқувчиларимиздан 6 нафарига имтиёзли диплом топширдик. Битирувчиларимиздан 11 нафари ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат топширишган. 12 нафари эса тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятида. Улардан бири аллақачон 13,5 миллион сўмлик имтиёзли кредит сертификатига эга. 300 нафарга яқини олий ўқув юртларига кирмоқчи. 70 нафари қурилиш ташкилотларига ишга жойлашди ва юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссасини қўшмоқчи.

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилда вилоятдаги мавжуд 137 та касб-ҳунар коллежини жами 47655 нафар, 7 та академик лицейни 1792 нафар ўқувчи битирди. Коллеж битирувчиларининг 3432 нафари таълим, 478 нафари гуманитар фанлар ва санъат, 4996 нафари ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ, 85 нафари фан, 28953 нафари муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш тармоқлари, 5926 нафари қишлоқ ва сув хўжалиги, 2336 нафари соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, 1449 нафари хизматлар бўйича кичик мутахассисликка эга бўлдилар. Эндиги вазифа эса уларнинг бандлигини таъминлаш.

- Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар олиб борилди, - дейди бошқарма бўлим бошлиғи Шерзод Жовлиев. - Жумладан, 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридаги 10684 та лойиҳа асосида яратиладиган 89024 та янги иш ўрнининг 26406 тасига коллеж битирувчилари жойлаштирилади. 1015 нафар битирувчи квоталанган  иш ўринларига йўналтирилади. 1741 нафар битирувчига ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун тижорат банклари томонидан қарийб 21 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган. Деҳқон хўжалиги ташкил этиш истагини билдирган 1069 нафар битирувчига эса ер майдонлари ажратиш режалаштирилган.

Б.ЖОНИМОВ

Report typo